Ўзбекистон | 18:36
1381
2 дақиқада ўқилади

2026 йилда янги конлар ҳисобига газ қазиб олишдаги пасайишни тўхтатиш режалаштирилмоқда — Энергетика вазири

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов соҳадаги вазият табиий ресурсларнинг «табиий камайиб бориши» сабабли ҳануз «мураккаблигича» қолаётганини, 2026 йилда янги конларни ўзлаштириш орқали газ қазиб чиқариш ҳажми кескин пасайиши тенденциясини барқарорлаштиришга эришиш режа қилинганини айтди.

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

2026 йилда Ўзбекистон янги конларни ишга тушириш ҳисобига қазиб олиш ҳажмининг кескин камайиш тенденциясини барқарорлаштиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 11 декабр куни Қонунчилик палатаси йиғилишида Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, соҳадаги вазият табиий ресурсларнинг «табиий камайиб бориши» сабабли ҳануз «мураккаблигича» қолмоқда.

«Албатта, энг долзарб мавзуларимиздан бири бу углеводородларни қазиб чиқариш. Бу бўйича айтиб ўтиш керакки, олиб борилаётган ишларга қарамасдан, йилдан-йилга ҳақиқатда 85 фоиз конларимизнинг ресурси тугаганлигини инобатга олиб, улардаги қазиб чиқариш темпи, босими жуда кескин тушиб кетяпти», деди Мирзамаҳмудов.

Унинг сўзларига кўра, президент топшириғига асосан, истиқболли ҳудудларга геология қидируви учун қўшимча кучлар ва қўшимча маблағлар ажратилган.

«Бунинг натижасида, Қорақалпоғистоннинг Устюрт ҳудудида, Мўйноқ тумани ҳудудида янги кон очилди. Ва энг қувонарлиси, ушбу конни ҳозирги кунда тизимга улаб, иккита қудуғи уланиши натижасида [суткасига] қўшимча 3 миллион куб метр газ қазиб чиқариш имконияти пайдо бўлди», деди вазир.

Таъкидланишича, йил якунигача яна еттита қудуқни бурғулаш режалаштирилмоқда, ҳозир қувурларни олиб келиб, улашга тайёргарлик олиб борилмоқда. Озарбойжоннинг SOCAR компанияси билан геология-қидирув ишлари бошланган, «Ўзбекнефтгаз» ўз лойиҳаларини давом эттирмоқда.

«Умид қиламизки, кейинги йили янги конлар ҳисобидан газ қазиб чиқариш кескин пасайиши тенденциясини барқарорлаштиришга эришамиз», деди вазир.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид