Ўзбекистон | 19:27 / 12.01.2023
39691
7 дақиқада ўқилади

Бухоро шаҳри маркази бузилади. Стадион ўрнига туристик мажмуа қурилади

Бухоро шаҳри марказидаги 29 та бино ва иншоот бузилиб, 32,6 гектар ерда Бухоро туризм маркази қурилади. Қурувчи – “Enter Engineering”. Kun.uz ихтиёридаги ҳужжатларга кўра, бузиш билан боғлиқ харажатлар солиқ тўловчиларга юклатилади.

Бухоро марказий стадиони / Фото: "Бухоро" ФК

“Enter Engineering” компанияси Бухоро шаҳри марказида туризм марказини қуради. Бу ҳақда 2022 йил 26 декабрда бош вазир Абдулла Арипов ўтказган йиғилиш баёнида сўз боради.

Kun.uz ихтиёридаги ҳужжат нусхасидан маълум бўлишича, Бухоро туризм маркази қурилиши инвесторнинг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Бунинг учун шаҳардаги Иброҳим Мўминов, Ҳамза ва Хофиз Тониш кўчалари кесишмасида жойлашган ҳудуддан 32,6 гектар ер майдони ажратилади.

Фото: "Подслушано в Бухаре" Telegram-канали

Танланган ҳудуддаги 29та давлат ташкилоти ҳамда хусусий мулкдорларга тегишли бино ва иншоотлар белгиланган тартибда, инвестор билан келишув асосида, бошқа ҳудудга кўчирилади. Яъни ҳудуддаги қайси бино-иншоот жойлашган ер инвесторга маъқул бўлса, ўша ердаги бинолар бузилиши мумкин. Бузиш харажатлари – солиқ тўловчилар ҳисобидан.

Ҳукумат раиси мажлисининг баёнида нафақат туризм маркази, балки маъмурий марказ қуриш ҳақида ҳам сўз боради.

Унга кўра, Бухоро вилоятининг янги маъмурий марказини жойлаштириш учун Бухоро шаҳридаги “Гулчорбоғ” ва “Отбозор” МФЙлар ҳудудида танланган 1000 гектар, шундан биринчи босқичда 100 гектар ер майдонида янги маъмурий марказ, хизмат кўрсатиш объектлари, кўп қаватли тураржойлар, кўнгилочар масканлар ва сайилгоҳлар барпо этилади.

Kun.uz суҳбатлашган бухороликлар кенг қамровли кўчириш ва бузишлар вилоят ва шаҳар ҳокимликлари, вилоят прокуратураси, Мажбурий ижро бюросига ҳам тааллуқли бўлиши мумкинлигини айтмоқда.

Шунингдек, 10 минг ўринли Бухоро тиббиёт институти ОТМнинг ўз филиалига кўчирилиши айтилмоқда. “Қандай қилиб 800 ўринли филиалга 10 мингта талабани сиғдиришади, ҳайронман”, – деди маҳаллий журналистлардан бири.

Бухоро марказий стадиони бузилади, ўрнига мажмуа тушади

Фото: Bukhara News

Янги маъмурий марказ ва туризм шаҳарчаси қурилиши доирасида марказий стадион бузиб ташланиши мумкин. Унинг ўрнига мажмуа қурилиши кўзда тутилган. Таъкидлаш лозим, марказий стадион яқинда таъмирдан чиқарилган бўлиб, бунга катта пул сарфланган. Унгача маҳаллий футбол клуби бир неча йил давомида уй ўйинларини ўз стадионида ўтказа олмаётган эди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Бухородан сайланган депутат Умида Раҳмонованинг сўзларига кўра, аренада 20 дан ортиқ спорт турлари бўйича тўгараклар жойлашган бўлиб, ундан ҳар куни минглаб аҳоли, хусусан кексалар ва болалар фойдаланади. “Ҳаммага қадрдон бўлган жойда саёҳатчи ва айрим ажнабийлар учун шаҳарча қуришмоқчи. Маҳаллий аҳоли-чи? Афсуски, шаҳарда аҳолини соғломлаштириш ва югуриш йўлакчалари ҳали етарли эмас”, дея ёзди у Телеграм-каналида.

“Мамлакатимиз раҳбари 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган аҳолининг спорт билан шуғулланиши учун шароит яратилсин деган бир пайтда бу қарор қанчалар тўғри?

Қарор ва таклифларга тескари ишламайлик, ўзи шусиз ҳам охирги пайтда мана шундай ўлда-жўлда қарорлар ортидан ҳукуматга ишонч сўняпти. Бунга сабабчи бўлиш яхши эмас”, – деган депутат.

Бухоро марказий стадионининг майсаси 2022 йилда янгиланиб, Ўзбекистон кубоги финали шу ерда ўтказилганди. / Фото: Sports.uz

Умида Раҳмонова “Buxoro City” ҳам ҳали битмаганини айтиб, аввал битта ситини тугатиб олиш кераклигини таъкидлаган. Шунингдек, шаҳарда шусиз ҳам туристик оқим катталигини айтиб, Бухоронинг бошқа тарихий жойларига ҳам туристларни жалб қилиш учун шаҳарчани айнан ўша ерларда қуришни таклиф қилган.

“Қолаверса, Шаҳарсозлик кодексининг 38-моддасида аҳоли пунктлари режаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши керак дейилган, муҳокама натижалари борми?

Хуллас саволлар кўп, аммо расмийлардан муносабат йўқ. Бухородан сайланган депутат сифатида асосли, аниқ РАСМИЙ муносабат беришларини сўрайман”, – дея ёзган парламент аъзоси.

Бузиш учун компенсация солиқ тўловчилар зиммасига тушади

Бухоро вилояти ҳокимлиги (чапда) ва Бухоро марказий стадиони (ўнгда). / Фото: "Халқ сўзи"

Kun.uz манбасига кўра, туризм марказини ташкил этиш учун бузиладиган объектлар эгаларини 15 январгача огоҳлантириш, бузиш, демонтаж ишларини баҳолаш, бузилган объектлар эгаларига бошқа давлат объектлари ёки пул компенсацияси таклиф этиш тавсия қилинган.

Айни пайтда, иқтисодчи Отабек Бакировнинг эътибор қаратишича, 2023 йилги Бухоро вилояти бюджетида бузиш ва компенсация ишлари учун вилоят бюджетидан пул ажратилмаган.

Табиийки, бузиш ва компенсация ишлари учун ҳукуматнинг севимли олигархи пул тўламайди. У шаҳар қоқ марказида очиб текисланган тайёр 33 гектар ерни қўлга киритади.

Бу Бухородаги бузиш ишлари учун Республика бюджети пул тўлайди дегани. 2023 йилда ушбу мақсадлар учун 517 миллиард сўм пул ажратилган, яъни Бухородаги бузғунчилик товони учун бутун республика солиқ тўловчилари жавобгар бўлади.

Шунчаки, ўзингизга тасаввур қилиш учун 517 млрд сўм бу 25 та энг зўр мактаб дегани”, – деб ёзди у.

Давлат бюджети қонунига кўра, 2023 йилда президент ва ҳукумат қабул қилинган дастурлар ва топшириқлар асосида жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплашга 516,6 млрд сўм ажратилиши кўзда тутилган. Ўтган йили худди шу мақсад учун 500 млрд сўм ажратилган.

Kun.uz 12 январ куни “Enter Engineering”га лойиҳа нималарни кўзда тутгани, қиймати қанчалиги, қайси манбалар ҳисобидан молиялаштирилиши ҳамда бузиладиган объектлар учун компенсация масаласини нима сабабдан инвестор ўз зиммасига олмагани ҳақида саволлар юборди. Ҳозирча компания жавоби кутилмоқда.

Бухоро шаҳар ҳокимлиги бу масала бош вазир иштирокида ўтган йиғилишда вилоят ҳокимлиги зиммасига юклангани боис изоҳ бера олмаслигини маълум қилди.

“Enter Engineering” ҳақида

Бухоро вилоятининг янги маъмурий маркази бўйича буюртмачи сифатида вилоят ҳокимлигининг Ягона буюртмачи хизмати танланган. Туризм маркази буюртмачиси эса “Enter Engineering” ёки унинг тузилмасидаги ташкилот бўлади.

“Enter Engineering” компанияси 2012 йилда ташкил этилган. У Ўзбекистонда нефт ва газ, саноат ва фуқаролик объектларини лойиҳалаш, етказиб бериш, қуриш ва ишга тушириш бўйича хизматлар кўрсатади. Компанияга ўзбекистонлик тадбиркор Бахтиёр Фозилов эгалик қилади.

Фозилов Самарқандда 212 гектар майдонда туризм марказини қурган “Samarkand Tourustic Centre” компаниясининг 60 фоизлик эгаси ҳам ҳисобланади.

Фозилов, шунингдек, офшор ҳудуд бўлмиш Кипрдаги компания орқали Ўзбекистондаги энг йирик нефт компанияси – “SANEG”га ҳам эгалик қилади.

Бундан ташқари, унинг “Air Marakanda” МЧЖ корхонасига бюджет ҳисобига бунёд этилган Самарқанд халқаро аэропорти ва аэродром комплекси модернизацияси ҳамда бошқаруви ҳуқуқи тўғридан тўғри ДХШ шартлари асосида топширилган.

Мавзуга оид