Туризм | 22:05 / 23.04.2026
1039
8 дақиқада ўқилади

500 йил одамлардан яширилган шаҳар ва Буюк девор сирлари – Чин юртига сафар

Хитойни тушуниш учун уни ўқиш камлик қилади. Уни кўриш, унинг ичига кириш керак. Бу мамлакат – шунчаки давлат эмас, балки минг йиллик тарих нафас олаётган улкан бир олам.

Kun.uz жамоаси бу гал дунёнинг энг қудратли давлатларидан бири – нафақат технологияси, балки бой тарихи билан ҳам ҳайратга солувчи Чин юртига сафар қилди. Бизнинг илк манзилимиз Пекиннинг қоқ марказида жойлашган, дунёдаги энг машҳур саройлардан бири – Гугун мажмуасидир. Халқ орасида у “Тақиқланган шаҳар” номи билан танилган. Шунингдек, мамлакат рамзи – Буюк Хитой деворини ҳам кўриш имкониятига эга бўлдик.

У шаҳарга кириш тақиқланган эди

Нега “тақиқланган”? Чунки қарийб беш аср давомида бу ерга император изнисиз кирган одам қаттиқ жазога тортилган. Бу дарвозалар ортида оддий инсон учун ёпиқ, мутлақ ҳокимият ҳукмрон бўлган дунё яшаган.

Бугун эса бу маҳобатли дарвозалар барча учун очиқ.

Гугун қурилиши XV аср бошларида бошланиб, ўн йилдан ортиқ давом этган. Уни барпо этишда миллионлаб ишчилар ва энг сара усталар иштирок этган. Натижада деярли алоҳида шаҳарга тенг улкан мажмуа пайдо бўлган.

Қадимий афсонага кўра, саройда 9999 яримта хона бўлган. Чунки мукаммал 10 минг рақами фақат осмонга хос деб ҳисобланган. Император эса ўз қароргоҳини ундан бир поғона паст тутиш орқали “камтарлик”ни намоён қилган, дейилади.

Бу ерда юрганингда вақт гўё секинлашиб қолгандек. Ҳамма нарса – деворлар, ҳовлилар, ҳатто ҳаво ҳам тарих билан тўлиб тургандай.

Ҳар бир деталда маъно бор

Гугунда ҳеч бир нарса тасодифий эмас. Томларнинг тилларанг бўлиши – императорлик қудрати рамзи. Қалин пойдеворлар эса шунчалик мустаҳкам қурилганки, душманлар ер остидан йўл очиб кира олмаган.

Сарой ҳудудидаги катта мис қозонлар ҳам бежиз қўйилмаган. Улар ёнғин чиққан тақдирда сув сақлаш учун хизмат қилган. Қишда музлаб қолмаслиги учун ҳатто остида олов ёқилгани ҳақида маълумотлар бор.

Қизиғи шундаки, Гугунда бундай қозонлар юзлаб бўлган. Сарой биноларининг асосий қисми ёғочдан қурилгани учун ёнғин хавфи доим юқори ҳисобланган. Шу сабабли бу қозонлар ҳудуд бўйлаб стратегик тарзда жойлаштирилган – улар ёнғинга қарши илк ҳимоя чизиғи вазифасини бажарган.

Айрим қозонлар оддий мисдан ясалган бўлса, энг муҳим ҳисобланганлари ҳатто тилла суви юритилган ҳолда тайёрланган. Бу нафақат амалий эҳтиёж, балки сарой ичидаги иерархияни ҳам акс эттирган.

Манбаларда қайд этилишича, босқинлар пайтида айрим қозонлар талон-торож қилинган, чунки улар қимматбаҳо металл сифатида баҳоланган.

Бу бир қарашда оддий детал орқали бир муҳим ҳақиқат очилади: Гугунда ҳатто ёнғинга қарши тизим ҳам тасодифий эмас, балки олдиндан пухта ўйланган ва қатъий тартиб асосида ишлаган.

Шу маънода, сарой – фақат ҳашамат эмас, балки аниқ қоидаларга бўйсунган мураккаб механизм ҳам бўлган.

Арслонлар саройни қўриқлайди

Саройдаги ҳар бир дарвоза олдида сизни маҳобатли тош арслонлар кутиб олади. Улар шунчаки безак эмас.

Ўнг томондаги эркак арслон панжаси билан шарни босиб турибди – бу императорнинг бутун дунё устидан ҳукмронлиги рамзи.

Чап томондаги урғочи арслон эса боласини асраб турибди – сулола давомийлиги ва оила мустаҳкамлиги тимсоли.

Хитойликларнинг ишонишича, бу арслонлар ёмон ниятли одамларни саройга яқинлаштирмайди.

Сўнгги император тақдири

Бу деворлар қарийб беш аср давомида дунёнинг энг қудратли инсонларига бошпана бўлган.

XV асрдан XX аср бошларигача бу ерда икки сулоланинг 24 нафар императори яшаган. Аммо тарих шафқатсиз.

1912 йилда Хитойда монархия тугатилди. Сўнгги император Пу И эса ўз саройида ҳукмдор эмас, балки маҳбусга айланади. Орадан бир неча йил ўтиб, у бу ердан бутунлай чиқариб юборилади.

Шу билан беш асрлик давр якунланади. Ва илк бор “тақиқланган” шаҳар оддий халқ учун очилади.

Сарой ичидаги сокин олам

Саройнинг шимолий қисмида бутунлай бошқа муҳит ҳукм суради.

Бу ер – император оиласи дам олган боғ. Қадимий дарахтлар, майда тошлардан ясалган мозаик йўлаклар ва сокин муҳит – қаттиққўл тизим ичидаги нафис дунёдек туюлади.

Бу ерда юрганда одам ўзини сарой шовқинидан узоқ, алоҳида бир маконда ҳис қилади.

Бугун Гугун дунёда энг кўп ташриф буюриладиган музейлардан бири. Музейга йилига 19 миллионгача сайёҳ ташриф буюрмоқда.

Гугун – Хитойнинг юраги. Уни тўлиқ кўриш учун бир кун камлик қилади. Аммо у қолдирадиган таассурот узоқ сақланади.

Буюк Хитой девори: қўрқувдан қурилган иншоот

Бу – шунчаки девор эмас, кўп асрлик қўрқув, ҳимоя ва матонатнинг ифодаси.

Буюк Хитой девори бир вақтнинг ўзида қурилган ягона иншоот эмас. У турли даврларда, турли сулолалар томонидан босқичма-босқич барпо этилган мураккаб мудофаа тизимидир. Илк деворлар милоддан аввалги III асрда пайдо бўлган.

Кейинги асрларда девор бир неча бор қайта қурилди, кенгайтирилди ва мустаҳкамланди. Айниқса, Мин сулоласи даврида у ҳозирги кўринишга келтирилди.

Деворнинг асосий мақсади – душманни тўхтатишдан кўра, унинг ҳаракатини секинлаштириш ва назорат қилиш бўлган. Бу ердаги миноралар ва сигнал тизими орқали ҳар қандай хавф ҳақида хабар тез етказилган.

Лекин бу деворнинг яна бир қиёфаси бор. Айтишларича, уни қуриш жараёнида минглаб одамлар ҳалок бўлган. Шунинг учун айримлар уни “ер устидаги энг узун қабристон” деб ҳам аташади.

Бу ерда турганингда шамол қаттиқ уради, зиналар эса кутилганbдан анча тик ва нотекис. Ҳар қадамда инсон нафақат баландликни, балки тарихни ҳис қилади.

Ҳарбий ҳийла ва муҳандислик

Девор бўйлаб маълум масофаларда кузатув миноралари жойлашган. Бу миноралар бир вақтлар сигнал бериш нуқтаси бўлган. Душман кўринганда олов ёқилган ва хабар занжир каби тезликда пойтахтга етиб борган.

Зиналарнинг турли баландликда қурилгани ҳам бежиз эмас, бу душман ҳаракатини секинлаштириш учун ўйлаб топилган ҳарбий ҳийладир.

Айрим ғиштларда эса уларни ясаган усталарнинг исмлари муҳрланган. Бу ўша даврдаги ўзига хос сифат назорати бўлган дейиш мумкин.

Тарихнинг тирик гувоҳи

Бугун Буюк Хитой девори дунёдаги энг машҳур туристик манзиллардан бирига айланган. Ҳар йили миллионлаб одамлар бу ерга келиб, асрлар оша сақланиб қолган улкан иншоотни ўз кўзи билан кўради.

Лекин бу деворни фақат рақамлар ва кўрсаткичлар орқали тушуниш қийин. Унинг устида юрганингда, ҳар бир қадаминг гўё тарих билан юзма-юз келгандек бўлади. Шамол девор бўйлаб эркин югуради, атрофдаги тоғлар эса бу тарихий обидага янада маҳобат бериб турибди. Бу ерда инсон ўзини жуда ҳам кичик ҳис қилади.

Буюк Хитой девори – бу ўтмишда қолиб кетган ёдгорлик эмас. У ҳали ҳам “тирик”. Чунки у ҳали ҳам одамларни ҳайратга соляпти, ўйлантиряпти ва тарих билан боғлаб турибди.

Биз бу сафарда Хитойнинг ўтмиши билан юзма-юз келдик. Аммо бу мамлакат фақат тарихдан иборат эмас.

Кейинги материалимизда биз мутлақо бошқа Хитойни кўрамиз, яъни осмонўпар бинолар, “ақлли” шаҳарлар ва келажак технологиялари оламини. Хитой қандай қилиб келажакни барпо этмоқда? Бу ҳақида навбатдаги саёҳатимизда.

Исомиддин Пулатов
Муаллиф Исомиддин Пулатов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид