Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Архитектурада янги тренд: матодек мавжланувчи шиша фасадлар
Брисбендаги “пулс ураётган” театрдан тортиб Токиодаги садафсимон ялтироқ флагман бутиккача — бу бинолар архитекторлар ҳамма жойда учрайдиган тўғри чизиқли шиша ҳажмлардан воз кечаётганини кўрсатади. Улар тўлиқ шишаланган фасадлар бир хил ва зерикарли кўринишга эга бўлмаслиги мумкинлигини исботлайди.
Брисбендаги театрнинг тўлқинсимон шиша фасади консол кўринишида чиқиб турган биринчи қаватни ўраб, икки кўчага қараган фасад бўйлаб чўзилади. Унинг дизайни бино ҳажмини визуал жиҳатдан енгиллаштириш ва биринчи даражадаги фойени йўловчилар нигоҳига очиқ бўлган ўзига хос “очиқ театр”га айлантириш учун ўйлаб топилган.
Япониянинг SANAA студияси Париждаги La Samaritaine универсал дўконини янгилаб, Риволи кўчаси томондан киришни белгилаб турувчи тўлқинсимон шиша фасад яратди. Архитекторлар сўзларига кўра, бу фасад қўшни Осман услубидаги бинолар деразалари ритмига ишора қилади ва айни пайтда универсал дўконнинг ташқи қиёфасини юмшатади.
Архитекторлар фасадга шамолда тебранаётган “глициниядан ясалган пергола”га ўхшаш енгиллик беришга интилган. Tiffany & Co.’нинг фирмага хос мовий рангдаги эгри шиша панеллари бурчакларда худди бўртиб чиққандек туюлади ва биринчи қават даражасида кириш қисмини юмшоқ айланиб ўтади, шу орқали матодек ёпилганлик таъсирини ҳосил қилади.
Учта шишали оранжерея Шанҳайдаги маданий паркнинг бир қисмини ташкил этади, бу парк собиқ металлургия заводи ўрнида жойлашган. Эгри шакллар атайлаб эски биноларнинг саноатча геометриясига қарама-қарши қўйилган бўлиб, мавжуд қурилишнинг қатъий тўри орасидан худди “табиий равишда униб чиқаётгандек” кўринади.
Бу шиша павилон Йел университети кампусидаги бруталистик ва готик архитектурага қарши қўйилган ўзига хос жавоб сифатида лойиҳалаштирилган. Унинг юмшоқ тўлқинсимон шакли 6,7 метр баландликдаги шиша панеллар орқали яратилган, ичида эса ташқи томондан қаралганда мавжланиш таъсирини янада кучайтирувчи автоматик қат-қат парда жойлашган.
Шиша қобиқнинг акс эттирувчи ва шаффоф хусусиятлари павилонга худди хамелеондек ўзгариб туриш имконини беради: кундузи у атроф-муҳит ва кампус ҳаётини акс эттиради, кечаси эса ёруғлик сочувчи мўлжал нуқтасига айланади.
Токиодаги Louis Vuitton флагман дўконида ҳам архитекторлар тўлқинсимон шиша панеллардан фойдаланган. Махсус ранг ўзгартирувчи плёнка туфайли фасад ўзига хос садафсимон ялтироқликка эга бўлиб, Токио кўрфази яқинлигига ишора сифатида сув сатҳини эслатади.
Ню-Йоркдаги Central Park Tower осмонўпар биноси этагида жойлашган Nordstrom универсал дўконининг эгри фасади беш қаватли шиша қобиқдан иборат. У ёруғлик диодлари билан ёритилади, ички томондан эса металл тўр билан тўлдирилган бўлиб, бу қуёш нурлари туфайли қизиб кетишни камайтиришга ёрдам беради.
Бу лойиҳалар шишанинг қаттиқ материал сифатида эмас, балки эгилувчан матодек “ҳаракат қила олиши”ни яққол кўрсатади. Натижада енгиллик асосий ифода воситасига айланадиган архитектура вужудга келади.
Мавзуга оид
21:41 / 12.03.2026
Бош меъморий мукофот - Прицкер мукофотини Смилян Радич олди
23:02 / 05.01.2026
2026 йилда дунё қиёфасини белгилайдиган 11 та меъморий лойиҳа
07:50 / 30.12.2025
2025 йилдаги топ-10 осмонўпар бино: Ню-Йоркдан Шэнчжэнгача
23:34 / 25.12.2025