Ўзбекистон | 20:17 / 08.02.2024
74633
5 дақиқада ўқилади

Хусусий ОТМнинг лицензияси тўхтатилса, ундаги талабалар нима қилади?

Kun.uz'га маълум бўлишича, Олий таълим вазирлиги 5 та хусусий ОТМнинг лицензиясини бекор қилиш бўйича судга ариза берган. Қонунчиликка кўра, лицензияси тугатилаётган нодавлат ОТМ талабалари ўқишини бошқа жойга кўчириши мумкин. Лекин бу пайтда ўқишни кўчиришга ариза бериш муддати тугаган бўлса, талаба нима қилади? Вазирлик ҳолатга изоҳ беролмаслигини билдирди.

Нодавлат ОТМга лицензия қаердан берилади?

Нодавлат ОТМни лицензиялаш 2023 йил январигача Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси томонидан амалга оширилган. Лекин 2022 йил декабр ойидаги маъмурий ўзгаришлар сабаб бу инспекция тугатилиб, унинг вазифалари иккита вазирликка ўтказилди. Хусусий боғчалар ва мактабларга Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, хусусий профессионал таълим муассасалари ва олий ўқув юртларига Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги лицензия берадиган бўлди.

Лицензиялаш ҳукумат қарори билан тасдиқланган “Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисида”ги ягона низом асосида амалга оширилади.

Бундан ташқари, “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг 8-моддасида ҳам нодавлат таълим ташкилотлари фаолиятини лицензиялаш шартлари кўрсатилган.

Маълумот учун, 2023 йил июл ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 210 та ОТМ мавжуд бўлиб, уларнинг 115 таси давлат, 65 таси нодавлат ва 30 таси хорижий хусусий ОТМ (ёки уларнинг филиаллари) ҳисобланади.

Лицензиялаш бўйича янги тартиб борми?

2023 йилнинг август ойида хусусий университет очмоқчи бўлган тадбиркорларга вазирлик лицензия беришни орқага сураётгани масаласи кўтарилган эди. Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев лицензия беришни тўхтатиш ортидан бу соҳага инвестиция киритган тадбиркорлар мушкул аҳволда қолганини ёзганди.

Ҳуқуқшуносга кўра, нодавлат олий таълимга лицензия бериш кимнингдир оғзаки топшириғи ёки жамоатчиликка эълон қилинмаган яширин ҳужжат билан тўхтатиб қўйилган, бунга сабаб сифатида лицензия беришнинг янги тартиби ишлаб чиқилаётгани кўрсатилган.

Лекин маъсул ташкилотлар бу гапнинг қанчалик асосли экани ҳақида расмий муносабат билдиришмаган. Орадан 5 ой вақт ўтган бўлса ҳам янги тартиб (агар бор бўлса) эълон қилингани йўқ. Лекин licence.gov сайти реестрида августдан бери тўртта (1, 2, 3, 4) хусусий ОТМга лицензия берилганини кўриш мумкин.

Лицензия бекор қилиниши

Сўнгги 2-3 йил ичида нодавлат ОТМнинг кўпайиб бориши билан бирга уларга лицензия бериш ва уни бекор қилиш масаласида муаммолар юзага чиқяпти. Масалан, Kun.uz'га малум қилинишича, 2023 йилнинг 6 ноябр ҳолатига кўра, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги нодавлат ОТМларда текширув ўтказиб, камчиликлар аниқлаб, 5 та нодавлат ОТМлар лицензиясини бекор қилиш бўйича судга ариза киритган.

Лицензияни бекор қилиш ёки уни тўхтатиб туриш талаби қанчалик асосли экани алоҳида мавзу, бунга суд баҳо беради. Аммо бу ерда бир масала мавҳум бўлиб қолмоқда: нодавлат ОТМ лицензияси бекор қилинса, унда ўқиб юрган талабалар тақдири нима бўлади?

Амалдаги қонунчилик

2023 йил 4 июлда имзоланган, “Маъмурий ислоҳотлар доирасида олий таълим, фан ва инновациялар соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорига кўра, лицензияси бекор қилинган таълим ташкилоти ёки ёпилган таълим дастурида таҳсил олаётган талабаларга ўқишини давлат ва нодавлат таълим ташкилотларининг мос ва турдош таълим йўналишлари ва мутахассисликларига белгиланган тартибда кўчириш ҳуқуқи берилади.

Ўқишни кўчириш бўйича қарорга қаралса, талабаларнинг аризалари кузги семестр учун 15 июлдан 5 августгача, баҳорги семетр учун эса 15 январдан 25 январгача қабул қилиниши кўрсатилган. Қарорда лицензияси тугатилаётган нодавлат ОТМ талабалари ўқишини кўчириш бўйича истисно ҳолат учрамайди.

Очиқ қолаётган саволлар

Юқоридагиларга кўра, бир қатор саволлар туғилмоқда.

Ўқишни кўчиришга ариза топшириш муддати ўтиб кетган бўлса, ОТМнинг лицензияси олиб қўйилган тақдирда унинг талабалари нима қилиши керак? Улар муайян муддатлик вақтини йўқотадими? Дейлик, талаба ўқишини кўчириш бўйича ариза берди, бу ариза қаноатлантирилмаса, талабага қандай ёрдам кўрсатилади? ОТМлар ўқув йили бошида квотасини тасдиқлаб олган бўлса, уларда яна қўшимча ўринлар яратиладими? Агар лицензияси тугатилган ОТМлар учун шундай истисно бўлса, у қайси ҳужжатда акс этган?

Kun.uz бу масалага масъул бўлган ОТФИВ матбуот хизмати билан боғланиб, ёпилаётган нодавлат ОТМ талабаларига қандай ёрдам кўрсатилиши ҳақидаги саволлар билан мурожаат қилди. Лекин вазирлик уларга жавоб беролмаслигини билдирди.

Модомики, лицензия берувчи ва уни бекор қилиш бўйича судга ариза киритувчи ташкилот вазирлик экан, бу саволга вазирликдан ташқари ким жавоб беради? Ахир талаба вазирлик берган лицензияга ишониб, ўқишга кирган.

Маълумот учун, Адлия вазирлигининг licence.gov сайти реестрига қаралса, вазирлик 2023 йил январ ойидан бери 10 га яқин хусусий олийгоҳларга лицензия берган.

Зуҳра Абдуҳалимова,
Kun.uz

Мавзуга оид