Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россияда янги режа: масофавий уруш
29 майга ўтар кечаси Россия дронларидан бири (овозидан Shahedʼга ўхшади) Руминиядаги кўп қаватли бинолардан бирига бориб урилди. Яна бир дрон далага қулагани айтилмоқда. Украина чегарасидаги бу давлатга аввал ҳам русларнинг дрони қулаганди, лекин бу гал шовқини оламни бузадиган Эрон брендидаги дрон турар жой биносига бориб урилди. Икки киши яраланди, камида 70 киши эвакуация қилинган.
Руслар Киевга отаётган ракеталар олдида биттагина дрон нима бўлибди, дейишингиз мумкин, лекин Руминия урушга қўшилмаган давлат. Ва энг муҳими бу давлат 22 йилдан буён НАТОнинг тўлақонли аъзоси. Лекин алянс аъзо давлатдаги тинч аҳоли устига жанговар дрон қулашига доимгидек «хавотир ва норозилик билдирилган» деган баёнот билан жавоб бера олди холос. Бундай енгил реакциядан кейин Россиянинг охирги пайтларда фаол қўллаётган масофавий уруш тактикасига ишончи ошди.
Осмон жойида
Россия уруш бошидан буён Украинада билганини қилиб ётибди, лекин Доналд Трамп Америка президентлигига қайтгач, руслар учун бу борада вазият янаям яхшиланди. Вашингтондаги олдинги маъмурият Россиянинг бу қадар кескин ҳаракатларидан кейин қандайдир чоралар кўраётганди. Масалан, уруш бошида даҳшатдек туюлган қарорлар, айтайлик, Украинага НАТО армияларидаги танклар, HIMARS каби қуроллар, Patriot каби мудофаа тизимлари етказиб бериш қарори айнан русларнинг қайсидир ҳаракатидан кейин қабул қилинганди.
Бу, албатта, Путиннинг армиясини тийиб туриш вазифасини бажармаган, лекин руслар ҳар қандай кескин ҳаракатидан кейин қандайдир чора бўлишини, ҳеч бўлмаса қанақадир янги санкция жорий этилишини ҳис қилиб турган. Эсингизда бўлса, уруш бошлангани ҳақида эълон қилган Путин бошқа давлатларни аралашмасликка чақириб, «акс ҳолда ёмон бўлишидан» огоҳлантирганди. Лекин ҳар гал янги эскалациядан кейин Путиннинг ўзи белгилаган «қизил чизиқ»лар катталашиб бораверди. Вазият шунчаликка бордики, Украина Россиянинг бутун бошли шаҳрини эгаллаб олиб, у ерда ҳарбий раҳбарият ўрнатди, шаҳар бир йилча Киев назоратида бўлди.
Трамп келгач, барчаси ўзгарди. Энди Россиянинг ҳеч қайси ҳаракатига жавоб берилмаяпти. Чунки хоҳлаймизми-йўқми, коллектив Ғарбнинг йўлбошчиси Америка. Россиянинг ҳаракатларига Америка жавоб бермаса, НАТОдаги бошқа ҳеч бир аъзо жавоб беролмайди. Йўлбошчи Яқин Шарқдаги бир бурда давлат манфаати учун Эрон билан урушиб юрган бир вақтда Россия бутун бошли ядровий каллакни олиб учадиган ўнлаб қуролларни Киевдай зич шаҳардаги тинч аҳоли устига учиришига ким ҳам реакция билдирарди? Россияга фақат Украинанинг ўзи бир амаллаб ишлаб чиқараётган дронлари билан жавоб бера оляпти холос. Аммо дрон қаёқда-ю, ядровий каллакни олиб учадиган ракеталар қаёқда.
Россия ўз ҳаракатларига дунё реакциясини кўрмагандан кейин, албатта, ўз арсеналидаги бор қуроллар билан ҳужум қилаверади. Урушлар тарихида ядровий қуролдан фойдаланиш ҳолати бир марта содир бўлган. Лекин ўша машъум 1945 йил августидан буён урушларда ядровий каллакни олиб учадиган ракеталар қўлланмаётганди. Украинлар эса бундай даҳшатли қуроллар фронтда эмас, тинч аҳоли устига ташланишига ҳам одатланиб қолишди.
Ва энг даҳшати бутун дунё бунақа ядровий қирғинга ҳам қодир ракеталар тинч аҳоли устига худди синов полигонига ташлагандай портлатилишига оғзини очиб қараб ўтирибди. Россия бундай жимликдан унумли фойдаланиб, ядро каллагини олиб учадиган ракеталарни полигонда эмас, реал уруш шароитида, тинч аҳоли устига ташлаб, чинакам синовдан ўтказиб олмоқда.
Бунақа масофавий урушнинг энг яхши томони унда кунига юзлаб, минглаб аскарларинг ўлмайди. Сен ракетани ясаб отаверасан, фронтда ишинг юришмаётган бўлса ҳам, душман шаҳарлари вайронага айланаверади. Пул эса муаммо эмас, ернинг таги тўла нефт, Америкада сени қўлловчи президент келиб санкцияларни олиб ташлаган.
Жавоб ҳам қўрқинчли эмас, ошиб борса бир нечта дрон шаҳарларингга келиб тушади. Уруш бошида украинлар Россия ҳудудига ҳужум қилиши худди қиёматнинг бошланишидек ваҳимали эшитиларди, лекин энди россияликлар дрон ҳужумига ўрганиб қолишди. Юзлаб шаҳарларинг дрон ҳужумига учраётган бўлса ҳам, ҳукумат сенинг қўлингда, ҳеч ким майдонларга чиқиб сени ағдаришни тасаввур ҳам қилмайди. Украин дронлари шаҳарларингга учиб келган сари халқинг қўшнисини баттар ёмон кўриб қоляпти. Яшасин сенинг сиёсий қарашларингга орзудагидек мос келадиган содиқ жамият!
Шуми ғалаба?
Лекин барибир эс-ҳуши жойида одамларни сендан минг чандон кучсиз рақиб шаҳарларига бунақа ракета учириш муваффақият эканига ишонтириш имконсиз. Бир лаҳза 2022 йил 24 февралга қайтинг-да, нималар бўлганини эсланг. Эслолмасангиз, Kun.uzʼга кириб ўша санада чиққан хабарларга бир кўз югуртиринг. У пайтлар руслар важоҳатли, ТВда «уруш уч кунда тугайди» қабилида гаплар янграётганди. Уруш бошида руслар Украина уларга қаршилик қилмаслигига ишонганди-да.
2022 йил февралда Украина Россия ҳудудига ҳужум қилиши тугул, россиялик ҳарбийларга қаршилик кўрсатиши ҳам худди жаҳон урушини бошлаб берадиган ваҳимали ҳолатдай туюларди. Худди шу урушнинг бешинчи йилига келиб фронт бир ерда депсиниб турибди, руслар Киев тугул Донбассни ҳам ололмаяпти. Украина Россиянинг бутун бошли шаҳрини эгаллаб, бир йил бошқарди. Руслар шаҳарни қутқариш учун Шимолий Кореядан ҳашарчи чақиришгача боришди. Яъни урушда расман учинчи давлат пайдо бўлди.
Украинлар рус шаҳарларига ҳужум қилиши одатга айланди. Энди айтинг-чи, Россия бир кун давомида Украинага улардан кўпроқ дрон учириши, Киевга турли хил баллистик ракеталар ташлаши бу ғалаба деганими? Дунёда энг кўп ядро қуролига эга, бутун Ер сайёрасидаги қуруқликнинг 11,5 фоизини (!) ташкил этувчи давлат ўзидан таққослаш ҳам қийин даражадаги кучсиз, асрлар давомида ўз сиёсий тузуми остида яшаган давлат билан урушнинг бешинчи йилига келиб узоқдан ракета отиб шаҳарларни вайронага айлантираётгани билан мақтанишга муносибми?
Мавзуга оид
20:16
Украина навбатда: Зеленский урушни тўхтатиш бўйича музокаралар ҳақида гапирди
13:58
Иқтисодий форумнинг илк кунида Петербургга дронлар ҳужум қилди – суратлар
12:19
Белгиядан Россияга бемор отасини кўриш учун келган шахс «давлатга хиёнат»да айбланиб, 16 йилга қамалди
09:00