Ўзбекистон | 19:01 / 11.10.2024
12127
6 дақиқада ўқилади

Мораторий даврида Тошкентда 800 туп мевали ва манзарали дарахт нобуд қилинди. Нега?

Юнусобод туманининг 6-мавзесида Тошкент иссиқлик марказининг буюртмаси билан газ поршенли когенерацион электр станцияси қурилмоқда. Қурилиш ишлари фонида у ерда тадбиркор томонидан барпо этилган 800 та дарахтга эга кичик боғ йўқ қилинди. Kun.uz'га маълум қилинишича, табиатга етказилган зарар қарийб 944 млн сўмни ташкил этмоқда.

Тошкент шаҳрининг Юнусобод тумани 6-мавзе 48-уй, “ Active Asia Gold” МЧЖ биноси орқасидаги 800 дона мевали ва манзарали дарахтлар электр станцияси қурилиши важи билан йўқ қилингани айтилмоқда.

Дарахтларни эзиб, синдириб устига ваҳшийларча тупроқлар солиб, ташлаб юборишган”

Боғни барпо қилган МЧЖ раҳбарига кўра, дарахтлар 4 йиллик бўлиб, энди мевага кира бошлаган. Аммо 2 кун ичида ҳеч қандай огоҳлантиришсиз ҳаммасини тезда, яширинча текислаб ташлашган.

2020 йилда биз бу ерда ишлаб чиқаришни йўлга қўйганимизда ташландиқ ер эди, ахлатхона, уйсизлар ётадиган [жой эди]. Кейин шуларни бир тозаласак деб Юнусобод тумани ҳокимиятига чиқдим, мурожаатимизни кўриб чиқиб, “ободонлаштириш қилинглар, дарахт экинглар” деб рухсат беришди.

Шундан кейин биз ҳамма чиқиндиларни тозалаб, 800 та мевали ва манзарали кўчатлар, дарахтларни экдик. 4 йилда дарахтлар мевага кирди, ҳар ой дориларини, агрономларини олиб келиб, ариқлар қил[ган]дик. Лекин ўтган куни кечаси кутилмаганда техникаларни қўйиб юбориб, дарахтларнинг ҳаммасини синдириб, пайхон қилиб ташлашди”, – дейди шахсини очиқлашни истамаган тадбиркор.

Унинг қўшимча қилишича, шу йил 7 май санасида Тошкент иссиқлик маркази МЧЖ томонидан “Active Asia Gold” фирмасига хат чиқарилган. Унга кўра, ҳукуматнинг тегишли топшириғи асосида Юнусобод туманидаги 4-иссиқлик марказининг шимолий ҳудудида 100 МВт бўлган газ поршенли когенерацион электр станцияси қурилиши режалаштирилган. Шу асосда марказ МЧЖдан жойдаги объектларни кўчириш ва олиш бўйича чораларни кўришни сўраган.

Бунга жавобан МЧЖ мавжуд инфратузилмани кўчириш ваколати жамиятга тегишли эмаслигини, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига мурожаат қилишини билдирган.

Улар [Тошкент иссиқлик маркази МЧЖ] билан олдин хат ёзишмалари бўлди, “кўчатларни кўчиринглар, бу ерда қурилиш қиламиз”, дейишганда биз расмий хат юбордик: “бизнинг ваколатимизга кирмайди, бунга бошқа ташкилотлар жавоб беради, уларга мурожаат қилинглар”, деб айтганмиз. “Қарорми, қўлингларда нима бор қурилиш қилишга?” деб сўрасам, “ҳозирча ҳеч нарсасимиз йўқ, чиққанда кўрсатамиз”, дейишганди.

Унгача бу дарахтларга тегмаслигини, жиноят бўлишини айтдим, мораторийни эслатдим, яшил макон умуммиллий дастури доирасида экилганини тушунтирдим. Шунга қарамай, ҳеч кимни огоҳлантирмасдан, ҳамма кўчатларни олиб, шу аҳволга келтиришди”, – дейди тадбиркор.

Айни боғнинг барпо қилинишида бош бўлган ва кўчатларни парваришлаб келган МЧЖ ишчисининг айтишича, воқеа 7-8 октябр санаси тунги ва саҳарги соатларда номаълум шахслар томонидан содир этилган.

Мевалар мана шу тракторлардан баланд бўлиб ўсиб турган ҳолатда [уларни] эзиб, синдириб, устига ваҳшийларча тупроқлар солиб, ташлаб юборишган. Бу ерга қилинган меҳнат, қанча боғ, [қозонхона]дан чиқадиган чиқинди (заҳарли газ) қишда келсанглар, ерга қарасангиз, қорайиб кетади. Ернинг атрофидаги чангни кўрсанглар, оппоқ қорнинг усти қоп-қора бўлиб қолади. Мана шу ерда шамол бўларди, анча яхши бўлиб қолганди. Маҳалладагилар ҳам афсус билан айтишмоқда.

Эрталаб келсак, хароб аҳволга олиб келиб ташлашган. Кўчатнинг биттасини ҳам соғ қолдиришмаган. У бу ерга олиб бориб экиш мақсадида эмас-да, меваси билан олиб синдириб, эзиб, устига ахлат солишган. Кўрсангиз, чидаш қийин”, – дейди у.

Kun.uz ҳолат юзасидан “Тошкент иссиқлик маркази” 4-иссиқлик маркази қозонхонаси раҳбари Миршукур Мираҳмедов билан боғланди. У ҳозирда ҳудудда газ поршенли когенерацион электр станцияси қурилиши бошланганини тасдиқлади. Аммо жойдаги боғ йўқ қилинганидан бехабарлигини, ҳозирда ўқишда эканини маълум қилди.

Табиатга 944 млн сўм миқдорида зарар етказилган – Тошкент шаҳар экология бошқармаси

Таҳририятнинг Экология вазирлигига юборган сўровидан сўнг вазирликнинг Тошкент шаҳар бошқармаси инспекторлари томонидан ҳолат ўрганилган ва далолатнома расмийлаштирилган.

Унга кўра, “Active Asia Gold” томонидан экилган 400 туп олма, 60 туп анор, 190 туп павлония, 40 туп каталпа, 30 туп олча, 50 туп гилос, 15 туп беҳи, 15 туп ёнғоқ кўчатлари яшил макон платформасига киритилган. Жойдаги қурилиш ишлари жараёнида ушбу 800 та кўчат илдиз қисми билан йўқ қилингани, бу билан эса табиатга 943 млн 125 минг сўм миқдорида зарар етказилгани аниқланган.

Эслатиб ўтамиз, республикада давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг кесилишига қарши мораторий жорий этилган бўлиб, дарахтларни тегишли рухсатларсиз кесиш қатъиян ман этилади. Бу каби ҳуқуқбузарликлар қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.

Дилшода Шомирзаева тайёрлади,
Тасвирчи Нуриддин Нурсаидов.

Мавзуга оид