Газ қазиб олишда кескин пасайиш: ойлик кўрсаткичлар 30 фоизгача қулади. Блогерни судга тортган вазир: бундай ҳолатлар одамларни танқид қилишдан чўчитиб қўяди. Пешлавҳа можароси президентгача етиб борди: муаммони яратганлар уни ўзлари ҳал қилишдан бош тортдими? Ортда қолаётган ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига оид айрим мавзулари – Kun.uz дайжестида.

Газ қазиб олишдаги салбий динамика тезлашиб кетди

Ўзбекистонда газ қазиб олиш ҳажми муттассил камайишда давом этяпти. Эътиборлиси, охирги ойларда бу тенденция кескин тезлашиб кетган. Статистика қўмитаси маълумотига кўра, жорий йил 1-чорагида 9,6 млрд куб метр табиий газ қазиб олинган ва бу – бир йил олдингидан 1,7 млрд куб метрга ёки 15 фоизга кам. Биргина март ойидаги қазиб олиш кўрсаткичи ўтган йилнинг мартига қараганда нақ 30 фоизга камайиб кетган.

15-30 фоизлик пасайишлар – ҳазилакам рақамлар эмас. Бунчалик кескин қулашнинг сабаби ва яқин истиқбол учун кутилмалар ҳақида расмийлардан изоҳлар бўлмади. Аввалроқ “Ўзбекнефтгаз” 1-чоракда 4,8 млрд куб метр газ қазиб олиб, режани 100 фоизга бажарганини маълум қилган, лекин қазиб чиқаришда пасайиш бор-йўқлигига аниқлик киритилмаган эди.

“Ўзбекнефтгаз” ўз олдига қўйган режа – ўсиш суръатини таъминлаш, яъни газ қазиб олиш ҳажмларини 2025 йилга нисбатан пасайтирмаслик вазифаси белгиланган. Хорижий компаниялар ва қўшма корхоналар ишида, уларнинг ихтиёридаги қанақадир конларда камайиш суръатлари кузатилиши мумкин. Биз ўзимиз учун жавоб берамиз”,деганди компания бош геологи Нодир Муҳиддинов.

Статистика қўмитаси ва “Ўзбекнефтгаз” берган рақамлардан келиб чиқилса, жорий йил 1-чоракда қазиб олинган газнинг роппа-роса 50 фоизи “Ўзбекнефтгаз” ҳиссасига тўғри келади. Миллий ҳолдингдан ташқари, мамлакатимизда яна саноқли газ қазувчилар бор, улардан энг асосийси – Россиянинг “Лукойл” компанияси. Ва айни шу компания ўтган йили АҚШ санкциясига учраб, Россиядан ташқаридаги активларини сотиш мажбурияти билан юзлашиб турибди. “Лукойл” хорижий активлари, хусусан Ўзбекистондаги шуъбасини ҳам 30 майгача сотиб улгуриши керак.