Ўзбекистон | 22:22 / 16.07.2020
51435
2 дақиқада ўқилади

Дока ниқобни спирт билан намлаб тақиб юрса, коронавирус юқмайдими? Мутахассис изоҳ берди

Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган, коронавирус юқмаслиги учун уй шароитида докадан тайёрланган ниқобни спирт билан намлаб тақиб юриш тавсия қилинган видеолар бўйича изоҳ берди.

«Аксарият антисептик воситалар таркибидан спирт борлиги ҳақида биламиз ва эшитганмиз. Спирт пари билан нафас олиш юқори нафас йўлларидаги вирусни ўлдириши ҳақида аниқ исботланган далиллар мавжуд эмас. Лекин спирт паридан керагидан ортиқ нафас олиш ва уни билиб-билмай, меъёрдан ортиқ ишлатиш салбий оқибатларга олиб келиши, бошқа муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Шундай экан, бу ҳолатда бизнинг фикримиз фақат тасдиқланган, тиббиёт ходимлари томонидан тавсия этилган усуллардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Интернетдаги ҳар хил маслаҳатлар, ўзингиз яхши танимаган-билмаган, мутахассис бўлмаган одамларнинг тавсияларидан доим йироқ бўлиш керак», дея Нурмат Отабековнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Давлат бош санитария инспектори, шунингдек, нима учун июл ойигача коронавирусдан тузалганлар сони тез кўпайгани, лекин ҳозир эса бунинг акси бўлаётганига ҳам тўхталди.

«Дарҳақиқат карантин тадбирлари кучайтирилган тарзда олиб борилган дастлабки пайтларда янги рўйхатга олинган беморларга нисбатан касалликдан тузалганлар сони кўпаяётган эди, ҳатто бу кўрсаткич баъзи бир кунлари 82 фоизгача етиб борди. Аҳолининг карантин чекловларига беписандлик билан қараши одамлар орасида касалланганлар сонини кундан кунга кўпайишига олиб келди.

Лекин шифокорларимизнинг фидокорона меҳнатлари туфайли айни пайтгача тузалганлар сонини оз деб бўлмайди. Бугунги кунга келиб, 8655 нафар бемор соғайган. Охирги бир кунда касалликдан соғайиб шифохоналардан чиқарилган шахсларнинг умумий сони 328 нафарни ташкил этди», дейди Нурмат Отабеков.

Аввалроқ у Ўзбекистонда коронавирус туфайли вафот этаётганларнинг ўлимига асосан ортиқча вазн ва пневмония сабаб бўлаётгани ҳақидаги саволга жавоб қайтарган, шу билан бирга, айрим беморларга қилинмаган муолажа учун катта харажатлар ёзилаётгани ҳақидаги хабарларга ҳам муносабат билдирган эди.

Мавзуга оид