Тадбиркор яна қанча кутсин? Тошкентда ҳокимлик 2 йилдан бери ваъдасини бажармаяпти
Тадбиркор Рустам Муҳаммад Шайхонтоҳур туманидаги бир МФЙ биносини қуриб битирган, бошқа бир МФЙ биносини таъмирлатган, ИИБга мебеллар олиб берган. Бунинг эвазига тадбиркорга ваъда қилинган ерни ҳокимлик икки йилдан бери бермаяпти.
Гап шундаки, тадбиркор Рустам Муҳаммад ва аёли Дилноза Нуриддиновага 2017 йил туман ҳокимининг қарори билан Шайхонтоҳур тумани «Сархумдон» МФЙдан 24 сотих ер ажратиб берилади. Тадбиркорга мазкур ҳудудда маҳалла маркази биноси ва маиший хизмат кўрсатиш бинолари қуришга рухсат берилади.
Тадбиркор ажратилган ҳудуднинг 4 сотихига маҳалла маркази қуришни бошлайди. Қолган 20 сотих эса маҳалла маркази қуриб бераётгани учун тадбиркорга берилиши керак бўлган. Марказнинг орқа томонидаги ажратилган ҳудудда аҳоли қурилишга рози бўлмайди. Шундан сўнг туманнинг ўша вақтдаги ҳокими Одилхон Рустамов бошқа жойдан ер ажратиб беришини айтган.
«Одилхон Рустамовдан сўнг туманга Баҳодир Ғойибназаров ҳоким бўлиб келди. Менга ажратилган ҳудудни атрофлича ўрганишди. Шундан сўнг ҳоким менга бошқа ердан жой ажратиб беришини айтиб, туман архитектори ва ўринбосарига топшириқ берди. Ўша вақтларда туман ҳокимларининг ер ажратишига ваколати бор эди.
Шундан сўнг менга бошқа жой топиб, кўрсатишим кераклигини айтишди. Шу кўчани бошидан жой топиб кўрсатдим. Aрхитектор: «Ҳужжатларни тайёрлайверинг, керакли жойлардан рухсатномаларни олинг, шу жойни сизга ажратиб берамиз», деди.
Ҳали менга бошқа жойдан ер ажратилгани тўғрисида қарор чиқмасдан, «Сархумдон» МФЙ ўрнидаги эски тўйхона ва аҳоли гаражларини бузиб, маҳалла маркази биносини қурилиш ишларини бошлаш кераклигини айтишди. Халқнинг олдида берган ваъдасига ишониб, ҳали қарор чиқмасдан маҳалла маркази биноси қурилишини бошладик.
Кўриб турганингиздек, «Сарҳумдон» МФЙ – Тошкентдаги энг катта бинога эга маҳаллалардан бири. 400 м.кв га яқин, 13 та хонадан иборат.
Вақтинча ишни тўхтатдик. Чунки бизга ваъда қилинган ер ажратилиши пайсалга солиб келинмоқда. 2017 йилдан 2019 йилгача Шайхонтоҳур туманида 4 та ҳоким алмашди. Маҳалла маркази қурилишига ўша вақтда (2018 йил) 800 миллион сўмга яқин маблағ кетган. Ҳозирда маҳалла 95 фоиз тайёр бўлган. Тўлиқ қурилишни тугатиб бераман, фақат бизга ваъда қилинган ер ажратиб берилмаяпти», – дейди тадбиркор Рустам Муҳаммад.
Тадбиркорнинг таъкидлашича, ҳокимликка ер топиб, кўрсатишга қўрқиб қолган. «Чунки кўрсатилган ерларнинг ҳаммаси ё эгали бўлиб чиқяпти, ёки бошқа бировга бериб юбориляпти», – дейди у.
Шикоятчининг қилган ишларини маҳалла фуқаролари, нуронийлар ҳам тасдиқлашди. Ҳатто улар ҳам тадбиркорга ваъда қилинган ер ажратилишини сўраб бир неча бор юқори ташкилотларга мурожаат қилган. Чунки айни вақтда маҳалла маркази масжид биносида жойлашган. Улар ҳам тезроқ янги бинога кўчиб ўтишни, бинодаги кутубхона ва нуронийлар учун қурилган хоналардан фойдаланишни истамоқда.
Маҳалла маркази қурилишини тадбиркор ҳам тўлиқ тугатиб беришини хоҳлайди, лекин ҳокимлик ваъдасини бажармаётгани сабабли иш тўхтаб қолган.
«Яна бир маҳалла марказини таъмирлаб, ҳудудий ИИБга 30 миллион сўмлик мебеллар олиб бердим. Лекин…»
Рустам Муҳаммаднинг сўзларига кўра, у туманнинг «Шодлик» маҳалла марказини ҳам таъмирлаб берган. Маҳалла маркази ёнидаги ҳудудий ички ишлар бўлимига 30 миллион сўмлик мебеллар ҳам олиб берган. Эвазига ваъда қилинган 10 сотих ер, «Сархумдон» маҳалласида бўлганидек, берилмаган.
«Иккинчи маҳалла – «Шодлик» маҳалла маркази ҳам реконструкцияга тушган. Бинонинг томларидан чакки ўтар эди. Биз ҳаммасини олиб ташлаб, янгидан таъмирлаб бердик. Деразаларини ҳам алмаштирдик. Ички қисмини ҳам уйимизда йўқ жиҳозлар билан таъмирладик.
Ёнидаги ҳудудий ИИБга ўша вақтдаги ҳоким Ойбек Миртемиров илтимосига биноан 30 миллионлик мебеллар олиб бердик. Лекин ваъда қилинган ер ҳанузгача берилмаяпти», – деди тадбиркор.
«Шодлик» МФЙ раиси Рустам Aбруев ҳам буни тасдиқлади. Унинг айтишича, маҳалла марказидаги шароит анча оғир бўлган: тадбиркор ҳамма нарсани олиб ташлаган, фақат тўрт деворни қолдириб, қайтадан замонавий қилиб таъмирлаб берган.
Раиснинг айтишича, ҳокимлик томонидан тадбиркорга ваъда қилинган 10 сотих ер ҳозиргача берилмаяпти. Шунингдек, маҳаллада тадбиркорга бериладиган ер миқдорича ерлар қолмаган.
«Шаҳар ҳокимлигига қарор лойиҳасини берганмиз» — туман ҳокимлиги
Шайхонтоҳур тумани ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Беҳруз Ҳакимовнинг айтишича, бу тадбиркор иши бўйича қарор лойиҳаси шаҳар ҳокимлигига берилган. Ҳозирча жавоб бўлмаган.
«Бу тадбиркор ҳақиқатан ҳам туманимиздаги «Сарҳумдон» ва «Шодлик» маҳалла марказларида қурилиш ишларини қилган. Қурилишда озгина камчиликлар бор, сабаби маҳалла гузарини қуриш ҳисобига ер майдони ажратилиши керак бўлган.
Бу ҳақда шаҳар ҳокимининг қарори иловасида манзили кўрсатилган эди. Белгиланган ерда қурилиш қилишга аҳоли томонидан эътирозлар кўп бўлди ва ер ажратилмади. Шу йилнинг бошларида шаҳар ҳокимининг қарори иловасига ўзгартириш киритиш бўйича қарор лойиҳасининг шаҳар ҳокимига тайёрлаб берганмиз. Ҳозирда шаҳар ҳокимлиги томонидан бу муҳокама қилинмоқда. Ҳозирча жавоб келгани йўқ», – дейди ҳоким ўринбосари.
«Бизга қарор лойиҳаси келиб тушмаган» — Тошкент шаҳар ҳокимлиги
Пойтахт ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникация масалалари бўйича ўринбосари котибияти мудири Aбдурашид Aбдулазизов бу масала бўйича қарор лойиҳаси шаҳар ҳокимлигига келиб тушмаганини маълум қилди.
Бу орада давлат амалдорларининг ваъдасига ишонган тадбиркор 2 йилдан бери сарсон.
Ғайриқонуний йўллар билан эмас, ўз меҳнати ва сармояси билан бизнес қилмоқчи бўлганларга муносабат бундай бўлса (четдан инвестор келишини қўя туринг), тадбиркорлик қандай ривожлансин?
Тадбиркорни маҳалла фуқаролари ва раислари ҳам қўллаб-қувватламоқда, ҳокимликлар эса... Икки йиллик кутиш яна қанчага чўзиларкин?
Раҳматилло Исроилов, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи – Нуриддин Нурсаидов.
Мавзуга оид
13:35 / 25.09.2024
Шайхонтоҳур туманига янги ҳоким тайинланди
18:35 / 22.09.2024
Тошкентда аёл ёш боласини аёвсиз ургани видеоси тарқалди
11:14 / 12.08.2024
Ойналари синган Gentra — Навоий кўчасида кўп қаватли уй фасадидаги мармарлар кўчиб тушяпти
09:15 / 12.07.2024