Жаҳон | 08:00 / 23.12.2024
4296
3 дақиқада ўқилади

ГФРда Магдебург бўйича қўшимча суриштирувлар ўтказилади

Ички ишлар вазирлиги раҳбари Фезер рождество бозорига ташриф буюрувчиларга ҳужум қилган шахс ҳақида қайси идоралар билишини аниқламоқда. Магдебургдаги фожиа оқибатида беш киши ҳалок бўлди, яна икки юз киши жароҳат олди.

Фото: Hendrik Schmidt/dpa/picture alliance

Магдебургдаги рождество бозорига уюштирилган ҳужумдан сўнг Германия ички ишлар вазири Нэнси Фезер ҳужумчи ҳақида аввалроқ қайси идоралар огоҳлантириш олганини аниқлаш учун қўшимча текширувлар ўтказилишини эълон қилди. «Федерал жиноий идора Саксония-Анҳалт ери расмийлари томонидан олиб борилаётган тергов билан ҳамкорлик қилмоқда», деди у 22 декабр, якшанба куни чоп этилган ҳафталик Bild am Sonntag газетасига берган интервюсида.

«Тергов органлари воқеанинг барча ҳолатларини аниқлайдилар, улар аввалроқ қандай сигналлар олинганини ва уларга қандай муносабатда бўлганини диққат билан ўрганадилар», деди Фезер.

Der Spiegel нашрига кўра, гумонланувчи Талеб А. бир неча бор ҳуқуқ-тартибот идоралари эътиборига тушган ва расмийлар билан муаммоларга дуч келган. 2013 йил сентябр ойида Росток суди уни «жиноят билан таҳдид қилиш орқали жамоат тартибини бузганлик» учун 90 кунга ҳар кунлик 10 евро миқдорида жаримага тортди.

Германияда машина рождество бозоридаги кишилар устига ҳайдалди

20 декабр куни Магдебургдаги рождество бозорига ташриф буюрувчиларни машина уриб кетиши оқибатида беш киши, жумладан бир бола ҳалок бўлди. Бундан ташқари, Саксония-Анхалт бош вазири Райнер Хазелоффнинг сўзларига кўра, камида 200 киши жароҳатланган. Полиция маълумотларига кўра, камида 15 киши жиддий жароҳат олган. DW 21 декабр куни эрта тонгда ҳужум қилган шахс ҳақида маълумот берди.

Welt газетасининг ёзишича, ҳужум қилган шахс 1974 йилда туғилган эркакдир. У - Саудия Арабистонидан 2006 йилда Германияга келган шифокор.

Der Spiegel ҳафталиги 50 ёшли гумонланувчи Талеб А. психиатр ва психотерапевт эканлигини аниқлади. Frankfurter Rundschau газетаси у ҳақида 2019 йилнинг март ойида шундай ёзган: "Толиб ал-Абдулмоҳсен 2006 йилдан бери Германияда яшайди. У Германияга психотерапевт сифатида малака ошириш учун ташриф буюрувчи шифокор сифатида келган ва кейин бу ердан бошпана сўраган. 44 ёшли эркак сиёсий қочқин мақомига эга".

Die Welt нашрининг ёзишича, эркак Магдебургдан 50 км узоқликда жойлашган Бернбург шаҳрида яшаган. Гумонланувчининг яшаш жойида тинтувлар ўтказилган. Газета ижтимоий тармоқларда Taleb Al Abdulmohsen фойдаланувчисининг профилини топди, бу юқорида санаб ўтилган маълумотларга асосланган тавсифга мос келади.

Мавзуга оид