Россия ғарб билан ҳарбий тўқнашувга тайёрланмоқда, бу эса Европанинг эркинлиги ва хавфсизлигига таҳдид солмоқда, шу шароитда европаликлар Москвага аниқ сигнал юбориши керак, деб ҳисоблайди ГФР канцлери Фридрих Мерц. Унга кўра, бундай сигнал Европада музлатилган Россия активларидан фойдаланиш тўғрисида қарор қабул қилиш бўлади. Бу ҳақда у чоршанба куни, 3 декабрда, Frankfurter Allgemeine Zeitung газетасида чоп этилган мақоласида ёзди.

Мерц Еврокомиссиянинг Россия маблағларини кейин ҳам ушлаб туриш тўғрисидаги таклифини қўллаб-қувватлади ва унинг халқаро ҳуқуқ ҳамда ЕИнинг халқаро мажбуриятларига тўла мос келишини таъкидлади.

«Биз, европаликлар, биргаликда шундай қарор қилдикки, Россия Марказий банки активлари Россия Украинага уруш орқали етказган зарарни қопламaгунча музлатилган ҳолатда қолади. Айнан шундай йўл тутиш ниятимиз бор. Биз активларни мусодара қилмаймиз», — деб тушунтирди Германия ҳукумати раҳбари.

Шу билан бирга, Мерц яна бир бор таъкидлашича, ЕИга аъзо барча давлатлар бундай қарор билан боғлиқ молиявий хавф-хатарларни ўз иқтисодий салоҳиятига мутаносиб равишда биргаликда кўтариши керак. Бу мажбуриятлар ҳуқуқий жиҳатдан мажбурловчи тарзда мустаҳкамланиши лозим.

«Мен Белгия ҳукуматини тўлиқ тушунаман, чунки музлатилган активларнинг катта қисми айнан шу ерда жойлашган, ва у фақат сиёсий ваъдаларгагина суяна олмайди. Бу хавотирлар келгуси маслаҳатлашувларда аниқ ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси доирасида инобатга олиниши керак. Бу муҳокамалар дарҳол бошланиши ва энг қисқа муддатларда якунланиши лозим», — деб ҳисоблайди Мерц.

Унинг сўзларига кўра, якуний қарор қабул қилиниши учун ЕИ давлатлари томонидан «Европа суверенитетига йўл очишга тайёрлик» ҳақидаги сиёсий сигнал зарур.

«Биз агрессорнинг молиявий ресурслари тақдири устидан қарор қабул қилишни бошқаларга — Европадан бўлмаган давлатларга қолдира олмаймиз, бу ресурслар бизнинг ҳуқуқий тизимимиз ва бизнинг валюта маконимиз доирасида ва қонуний равишда музлатилган. Биз ҳозир қабул қиладиган қарор Европанинг келажагини белгилаб беради», — деди Германия канцлери.

Унинг фикрича, бундай қарор Москвага Украинага қарши урушни давом эттириш бефойда экани ҳақида «аниқ сигнал» бўлар эди.

«Бу — урушни давом эттиришга эмас, балки уни тугатишга берилган сигналдир. Биз Европа мустақиллиги ҳақида, яъни биз, европаликлар, ўз қитъамизда нима рўй бераётганини ўзимиз белгилашимиз ва ҳал қилишимиз ҳақида сигнал юборган бўламиз», — деб қўшимча қилди Мерц.