Ўзбекистон | 22:05 / 22.10.2024
26497
7 дақиқада ўқилади

“2 миллион ватандошимиз четда ишлаб юриши – табиий жараён эмас” — Ботиржон Шермуҳаммад

Таълимдаги муаммоларимиз туфайли бозор талаб қилаётган, малакали кадрларни етказиб беролмаяпмиз. “Миграция бу табиий жараён”, дея суришни тарғиб қилиш эмас, балки иқтисодни ривожлантиришимиз керак, дейди ҳуқуқшунос Ботиржон Шермуҳаммад. Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовга кўра, демографик ўсиш ва даромадларнинг пастлиги туфайли Ўзбекистон анча вақт ишчи кучини экспорт қилишга мажбур бўлади.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Kun.uz мухбири Россиядаги ўзбек мигрантлари билан боғлиқ долзарб мавзуни ҳуқуқшунос Ботиржон Шермуҳаммад ва сиёсатшунос Камолиддин Раббимов билан муҳокама қилди.

Нима учун миллионлаб ватандошларимиз, шунча катта давлатимиз ва бойликларимиз бўлишига қарамай, хорижга, бўлиб ҳам Россияга ишлаш учун боришга мажбур бўлмоқда?

Камолиддин Раббимов:

– Бунинг бир қанча сабаблари бор. Биринчидан, Ўзбекистон постсовет ҳудудида демографик ўсиш бўйича мутлақ лидер давлат ҳисобланади. СССР қулаганда Ўзбекистон аҳолиси 20 миллион атрофида бўлса, бугун 37 миллионга етди. 1,7 баробар аҳоли ўсиши – катта рақам. Тожикистонда бу ўсиш 2,2 баробарни ташкил қилмоқда – 5 миллиондан 11 миллионгача ўсди.

Иккинчидан, Совет иттифоқи даврида ҳам – Марказий Осиё иккига бўлинганди: Ўрта Осиё ва Қозоғистон. Қозоғистон – саноатлашган ҳудуд. Совет иттифоқининг охирги 20–30 йилида иқтисодий улушининг аксар қисми Россия, Украина (29 фоиз) ва Қозоғистонга (10 фоиз) тўғри келган. Ўзбекистон эса 4 фоиз улуш билан аграр давлат бўлган. Албатта, саноатлар ҳам бўлган, лекин Қозоғистонга нисбатан қиёслаганимизда аҳолимиз кўпроқ, лекин иқтисодий улушимиз анчагина кам эди.

Яъни Ўзбекистоннинг ичкарисида иқтисодий ўсиш яхши, иқтисодий динамика бор, йўқ эмас. Лекин аҳолимизни тўлиқ иш билан таъминлай оладиган ва бу иш ҳақи билан оилани таъминлай оладиган даражада эмас. Буни ҳамма билади. Яъни ялпи ички маҳсулот бўйича икки хил ўлчов бор: номинал – тўғридан тўғри долларга бўлганимизда ҳар битта жон бошига. Унда номинал ялпи ички маҳсулот пайдо бўлади, лекин сотиб олиш қобилиятига кўра бу нисбатан кўпроқ. Чунки кўпгина маҳсулотлар Ўзбекистонда арзонроқ ва шунинг учун ҳам номинал ўлчовда ўлчаганимизда ҳали ҳам аҳоли жон бошига 2,5-3 минг долларга боргани. Бу жуда кам кўрсаткич аслида. Энди сотиб олиш қобилияти билан ўлчаганда, балки 3,5–4 минг долларга бориши мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, демографик ўсиш, ичкарида ишчи ўринларининг камлиги, ялпи ички маҳсулотнинг кичиклиги ва мана буларнинг ҳаммасини ҳисобга олсак, Ўзбекистон ҳали анча вақт ташқи дунёга ишчи кучи экспорт қилишга мажбур бўлади.

Нега айнан Россия деганда, бу давлат билан бизда виза йўқ. Россиянинг ўзи ишчи кучидан жуда ҳам манфаатдор давлат. Россия агар Марказий Осиёга эшикларни ёпадиган бўлса, бошқа давлатларга очиши керак. Қаерга очади? Россияда Хитойдан қўрқиш – синофобия жуда ҳам юқори. Ёки Африка давлатлари, Осиёнинг бошқа давлатлари бор. Россия умуман уларга очилишни истамайди.

Ботиржон Шермуҳаммад:

— Менимча, бизда энг катта муаммолар таълим билан. Таълим бўйича дастурларимизни радикал кўриб чиқиш керак деб ўйлайман. Чунки ОТМ ёки коллежларда ўқитиб, тўрт йил одамнинг вақтини оламиз. Лекин бугунги бозорга керак бўладиган малакани, билимни бермаймиз. Балки 10 фоиз берармиз. Масалан, юридик университетда 4-курсни битиргандан кейин ишга олиб бориб қўйса, ишнинг ўндан бирини ҳам билмайсиз-да. Шунақа бир аҳволдамиз-да. Яъни нега бу 4 йил ўқиди, нима фойдаси бўларди? Керак бўлса иш берувчига керак бўлган малакани 3 ойда бериш мумкин. Яъни жуда кўп вақтимизни бекор сарфлаяпмиз, иложи борича замонавий, бозор талаб қиладиган билим ва кўникмаларни беришга сарфлашимиз керак.

Ўзим иш берувчи сифатида айтсам, Ўзбекистонда энг катта муаммо – кадрлар муаммоси. Одам кўп, яхши кадр, мутахассис бўлган кадр йўқ. Ҳаммамиз ўртача, ўртадан кўра пастроқ сифатдаги кадрмиз. Керакли малакага эга кадрлар жуда кам. Мактабларни битирган болалар аттестат оляпти, лекин баъзиларининг саводи йўқ, тўғри ёзолмайди ҳам…

Бундан ташқари, иқтисодий сиёсатимизда ҳам анча муаммолар бор. Оддий энергетика билан боғлиқ муаммолар туфайли қанча ишлаб чиқарувчилар ишини тўхтатяпти. Мажбурлаб кўмир деймизми ёки мажбурлаб қуёш панеллари... Иқтисодчилар давлатни, ҳукуматни иқтисодиётга аралашишини камайтириш, минималлаштириш кераклигини айтмоқда. Давлат, ҳукумат бизнес билан шуғулланиши керак эмас, уни бизнесменларга бериш керак. Ҳеч қачон давлат асосий иш берувчи ёки иш яратувчи бўла олмайди. Агар иш ўрин яратса, яна ўша бюджетга оғирликка тушади.

Форумлар қиляпмиз, баъзан ҳатто хаёлимга келиб қолади, дунёдаги барча форум, конференция, фестивалларни ўзимизга таклиф қилиб олганмизми, дейман-да. Шундай тадбирлар ўзидан қанчалик эффект олиб келади, деган саволлар бор. Ҳар бир давлат ташкилотига мажбурият берилганми “икки ойда бир фестивал ёки форум қиласан”, деб? Бу ерда мактабларда инфраструктура етишмаслигининг ўзи қанча катта муаммо.

Бунга ўхшаган муаммоларимиз бор, уларни ҳал қилмасак, биз ҳеч қанақа миграция масаласини ечолмаймиз. Фикримча, нотўғри бир нарратив пайдо бўлди, қайси кўрсатувга борсам, гапни шундан бошлайди. “Тепадан” тушган бу гап: миграция бу табиий жараён, дейишади. Миграция табиий жараён бўлиши мумкин, лекин битта давлатдан икки миллион одам чиқиб кетиши табиий жараён эмас. Бунақа давлат, дунёда саноқли – ўнтадир, ундан кўп эмас, тушуняпсизми?

Икки миллион фуқароларимиз четда, Россиянинг ўзида юришини табиий қабул қилиш керак эмас. Нега Қозоғистондан шунча одам чиқмайди? Бизнинг фокусимиз четга ишга юбориш бўлиши керакмас.

Охирги вақтларда Германияга шифокорларни, ҳамшираларни юборяпмиз, икки минг евро топиб, ота-онасини Умрага юборди, машина олиб берди, деяпти. Бу – пропаганда. Буни эшитган, туманда ишлаётган оддий ҳамшира кетишни ўйлайди. Ўзбекистонда четга бориш, “суриш” мода бўлиши керак эмас. Ҳукумат бунақа нарратив бермаслиги керак. Бу фақатгина вақтинча муаммони ҳал қилиш учун чора бўлиши керак холос. Асосий фокусимиз ўзимизда иш билан таъминлашда, ўзимизнинг иқтисодни ривожлантиришда бўлиши керак.

Тўлиқ интервю билан ушбу ҳавола орқали танишиш мумкин.

Фаррух Абсаттаров суҳбатлашди.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид