Ўзбекистон | 19:14 / 14.08.2020
139831
3 дақиқада ўқилади

Талабаларга контракт тўлови бўйича енгилликлар берилди

Давлат ОТМларида кундузги таълим шаклида ўқиётган барча талабаларга 10 фоиз чегирма берилади.

Пандемия шароитида аҳолининг тўлов қобилияти пасайиши ҳисобга олиниб, фарзанди тўлов-шартнома асосида ўқийдиган оилаларга қатор енгилликлар берилмоқда. Бу борада Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги томонидан таклифлар ишлаб чиқилди.

Унга кўра:

  • 2020/21 ўқув йилида амалдаги базавий тўлов-контракт миқдори учун кундузги шаклда ўқийдиган барча талабаларга 10 фоиз чегирма берилади;
  • ОТМлар томонидан етим, чин етим, ногирон бўлган талабаларга ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож, «темир дафтар» рўйхатидаги оилалар фарзандлари бўлган талабаларга контракт тўловларини қоплаш учун манзилли моддий ёрдам кўрсатилади. Бунда ОТМлар мавжуд маблағлари ҳисобидан талабаларнинг ижтимоий ҳолатидан келиб чиқиб, 4 млн сўмгача молиявий ёрдам кўрсатиш имкониятига эга бўлади;
  • Қуролли Кучлар сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ва ОТМларда тўлов-контракт асосида ўқиётган 4 мингдан ортиқ талабага шартнома миқдорининг 35 фоизини тўлаш орқали моддий ёрдам кўрсатилади. Ушбу моддий ёрдам бир талабага бир йилда 2,4 млн.сўмдан 3,4 млн.сўмгача миқдорни ташкил этади.

Қўшимча қилинишича, ОТМларда таълим олиш (ўзининг, 26 ёшга тўлмаган фарзандларининг ёки эрининг (хотинининг) таълим олиши) учун тўловларга йўналтириладиган, солиқ солиниши лозим бўлган иш ҳақи ва бошқа даромадлари даромад солиғидан озод қилинган бўлиб, бунда бир нафар талаба учун контракт тўлаган оилага бир йилда 770 минг сўмдан 1 млн 177 минг сўмгача маблағ даромад солиғидан имтиёз шаклида қайтади.

«Тўлов-шартнома асосида ўқийдиган талабаларга шартнома шартларини бажаришда бериладиган чегирмалар ҳисобига давлат бюджетига ортиқча юк тушмаслиги учун олий таълим муассасаларида ўқув жараёнига тегишли харажатлар нормативлари қайта кўриб чиқилади ҳамда уларда қўшимча таълим хизматларни кўрсатиш ҳисобига бюджетдан ташқари маблағларни жалб қилиш орқали чегирма харажатларини қоплаш чоралари кўрилади», – дейилади Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборотида.

Эслатиб ўтамиз, ОТМларда 2-курс ва ундан юқори босқич талабалари учун янги ўқув йили 2 сентябрдан, масофавий шаклда бошланади. Шу кундан ўқишга кириш бўйича тест синовлари ҳам бошланиб, ўқишга қабул қилинган 1-курс талабалари учун дарслар 1 октябрдан ё анъанавий, ё масофавий тарзда бошланиши режалаштирилган.

Мавзуга оид