Ўзбекистон | 19:50 / 19.03.2026
2497
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Рамазон ҳайити билан табриклади

Давлат раҳбари ўзбекистонликларни Ийд ал-Фитр байрами билан муборакбод этиб, барчага сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, хонадонларга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилади.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Рамазон ҳайити билан табриклади.

«Қадрли ватандошлар! Сиз, азизларни, бутун халқимизни эзгулик, меҳр-оқибат ва саховат айёми – муқаддас Рамазон ҳайити билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман. Ушбу шукуҳли онларда барчамизни мана шундай файзли ва саодатли кунларга етказгани учун Яратганга чексиз шукроналар айтамиз», дейилади табрик сўзи бошида.

Давлат раҳбари сўнгги йилларда Рамазон ойини муносиб ўтказиш бўйича шаклланган анъана - кўплаб хайрли ишларни санаб ўтди. Жумладан, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш, беморларга зарур тиббий ёрдам кўрсатиш, ифторлик тадбирларини ўтказиш ва бошқалар.

«Бундай олижаноб ишлар муқаддас динимизнинг инсонпарварлик моҳиятига уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб, инсон қадрини юксалтиришга қаратилган ислоҳотларимизнинг улкан амалий натижалари сифатида барчамизни хурсанд қилади», деди Мирзиёев.

Президент Бухоро шаҳрида Баҳоуддин Нақшбанд номидаги илмий-тадқиқот маркази ташкил этилганини, Ислом цивилизацияси маркази, Самарқанд вилоятида Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасининг очилишини эслади. Имом Мотуридийнинг Самарқанд шаҳридаги мажмуаси янгидан барпо этилаётганини маълум қилди.

Жаҳондаги ҳозирги ғоят мураккаб вазиятда оила ва маҳаллаларда, бутун мамлакатда осойишталик, файзу барака муҳитини сақлаш, ёшларимизни ёт ва бузғунчи ғоялар таъсиридан асраш ўта долзарб вазифамиз бўлиб қолаётганини таъкидлади.

«Биз бу борада катта ҳаётий тажрибага эга бўлган муҳтарам отахон ва онахонларимиз, жонкуяр ака-ука ва опа-сингилларимиз, ҳурматли зиёли ва уламоларимизга, маҳалла фаоллари ҳамда ташаббускор ёшларимизга таянамиз. Ушбу улуғ айём кунларида жаҳоннинг турли ҳудудларидаги уруш ва низолар тезроқ барҳам топиб, барча халқлар тинчлик ва барқарорликда ҳаёт кечиришини тилаб қоламиз», деди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев Ийд ал-Фитр байрами билан муборакбод этиб, барчага сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, хонадонларга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилади.

«Рамазон ойида тутган рўзаларимиз, қилган эзгу амалларимиз қабул бўлсин! Парвардигори олам эл-юртимизни Ўз паноҳида асрасин! Рамазон ҳайити барчамизга муборак бўлсин!», деди президент.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид