Жаҳон | 20:17 / 07.01.2025
11583
2 дақиқада ўқилади

АҚШда ўлимга ҳукм қилинган икки маҳбус Байденнинг жазони енгиллаштириш борасидаги таклифини рад этди

Декабр охирларида Жо Байден қарори билан бир гуруҳ ўлимга ҳукм қилинган маҳбуслар жазоси умрбод қамоқ жазосига енгиллаштирилган эди. Афв этилганларнинг икки нафари президент қароридан норози бўлиб, судга шикоят аризаси киритди.

Фото: Michael Conroy/AP

АҚШда президент Жо Байден томонидан ўзларига тайинланган ўлим жазоси шартли озод этилиш имкониятисиз умрбод қамоқ жазосига ўзгартирилган икки маҳбус тегишли ҳужжатларни имзолашдан бош тортди, деб хабар беради NBC News.

Маҳбусларнинг адвокатлари судга Байденнинг уларга нисбатан қарорини бекор қилиш талаби билан даъво аризасини киритган. Маҳбуслар ўзларининг айбсиз эканини таъкидламоқда. Уларга кўра, ўлим жазосининг умрбод қамоқ жазосига енгиллаштирилиши апелляция давомида ютиб чиқиш имкониятларини камайтиради.

NBC News’нинг қайд этишича, ўлимга ҳукм этилганлар апелляцияси ҳар доим суд хатоликка йўл қўйган бўлиши мумкинлиги туфайли яхшилаб кўриб чиқилади.

Шу билан бирга, телеканалнинг таъкидлашича, ўлим жазоси енгиллаштирилишини бекор қилиш мумкин ёки мумкин эмаслиги, шунингдек, маҳбусларнинг даъвоси бўйича суд қарори қандай бўлиши номаълум. Хусусан, 1927 йилда АҚШ Олий суди маҳкумнинг қатлни тўхтатиб туриш ёки тўлиқ афв этиш учун уларнинг розилиги талаб қилинмайди деган қарорни чиқарган.

Декабр охирларида АҚШ президенти федерал судлар томонидан ўлимга ҳукм қилинган 37 нафар маҳбуснинг жазосини енгиллаштирганди. Жо Байден уларнинг жазосини муддатидан олдин шартли озод этилиш имкониятисиз умрбод қамоқ жазосига ўзгартирган.

Тайёрлаган:  Фозилбек Юсупов

Мавзуга оид