Ўзбекистон | 13:33 / 13.07.2023
33361
6 дақиқада ўқилади

Бандихон прокурори маҳалла раисларини сўккани учун интизомий жазо олди. У камида маъмурий жавобгарликка тортилиши керак эди

Бош прокуратура Соатмурод Маҳмановга айнан қандай жазо берилганига аниқлик киритмаган. Шу билан бирга, прокурор кўпчилик олдида фермерни ҳақоратлаб қўл кўтаргани хусусида ҳеч қандай изоҳ берилмаган.

Фото: Бандихон тумани ҳокимлиги

20 июн куни ижтимоий тармоқларда Бандихон тумани прокурори Соатмурод Маҳмановга тегишли экани айтилган аудио тарқалган, унда солиқ тушумларини бажармаган маҳалла раислари куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилинганди. Тахминларга кўра, аудио 31 май куни ўтказилган йиғилишда ёзиб олинган.

Аудиода прокурор Соатмурод Маҳманов Бандихон туманидаги эркаг-у аёл маҳалла раисларини бирдай ҳақоратлаганди. Хусусан, аудио давомида унинг «Эркакмисан сен ҳам? Хотинчалиш, итдан тарқалган экансан-да, бўлмаса одамнинг ишини қилардинг-да. Бор, бориб итга ўхшаб вовулла кўчада», деганини, «Ўлсанг, бугун кўмар эдик», «Итдан тарқаганмисан, одамдан тарқаганмисан?» ва бошқа куракда турмайдиган сўзлар билан сўкинганини эшитиш мумкин.

Шундан сўнг вилоят прокуратураси баёнот бериб, тарқатилган аудиоёзувлар ҳаққонийлиги, қачон, қаерда ва қандай ҳолатларда юз бергани ҳамда бошқа ҳолатлар ўрганилаётганини маълум қилганди.

Фото: Сурхондарё вилояти прокуратураси Telegram-каналидан скриншот

Сўконғич прокурорнинг аудиоси тарқалганига қарийб бир ой бўлаётганига қарамай унинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилгани, башарти хизмат текшируви тайинланган бўлса, натижалари жамоатчиликка ошкор қилингани йўқ. Ҳолбуки Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов ўша пайтда ўрганиш натижалари ҳақида тез орада маълумот беришини айтганди.

12 июл куни «Муштум» журнали Telegram-каналида Бош прокуратурага мурожаатнома эълон қилинди. Унда орадан 20 кундан зиёд вақт ўтган бўлса ҳам Бандихон тумани прокурори Соатмурод Маҳмановга тегишли экани айтилган аудио юзасидан прокуратура томонидан расмий муносабат билдирилмагани таъкидланиб, Бош прокуратурадан бунга изоҳ берилиши сўралган.

Бош прокуратура матбуот хизматининг «Муштум» журнали таҳририятига маълум қилишича, Сурхондарё вилояти прокуратураси томонидан Бандихон туман прокурорининг хатти-ҳаракатлари юзасидан ўтказилган текшириш натижасига кўра, Соатмурод Маҳмановга нисбатан интизомий жазо қўлланган.

Бироқ идоранинг расмий муносабатида сўконғич прокурорга айнан қандай жазо берилгани очиқланмаган.

Соатмурод Маҳманов. Фото: Бандихон тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Меҳнат кодексининг 312-моддасига кўра, меҳнат интизомини бузгани учун иш берувчи ходимга қуйидаги интизомий жазо чораларини қўллашга ҳақли:

1) ҳайфсан;

2) ўртача ойлик иш ҳақининг 30 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда жарима (ички меҳнат тартиби қоидаларида ходимга ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда жарима солиниши ҳоллари назарда тутилиши мумкин);

3) меҳнат шартномасини бекор қилиш.

Бу ўринда Маҳмановнинг маҳалла раисларини бўралатиб сўккани меҳнат интизомини бузиш сифатида малакалангани ва унга фақатгина интизомий жазо берилганининг ўзи баҳсли. Республика ҳудудида қонунларнинг бир хилда ижро этилишига масъул идорада ишловчилар буни билмаслиги мумкин эмас. Ёки қонунлар фуқарога нисбатан бошқача, прокурорга келганда эса бошқача ишлайдими?

Соатмурод Маҳманов. Фото: Бандихон тумани ҳокимлиги матбуот хизмати

Аслида ҳақорат қилганлик – шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситганлик ёки беодоблик билан қасддан таҳқирлаганлик учун қонунчиликда маъмурий ва жиноий жавобгарлик назарда тутилган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасида ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 40 бараваригача (6,6 млн сўмдан 13,2 млн сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгилаб қўйилган.

Жиноят кодексининг 140-моддасига кўра, ҳақорат қилиш шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваригача (66 млн сўмгача) миқдорда жарима ёки 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Бундан ташқари, 20 июнда тарқалган аудиода Бандихон тумани прокурори ҳақорат қилиш билан бир қаторда мажбурий меҳнатга жалб қилгани учун ҳам жавоб бериши шарт эди. Чунки солиқ тушумларини тушириш маҳалла раисининг вазифасига кирмайди. Президентнинг тегишли фармони билан эса фуқаролар йиғинлари ходимларини уларнинг вазифалари ва фаолият йўналишлари билан боғлиқ бўлмаган йиғилишлар ва бошқа тадбирларга жалб қилиш, уларнинг фаолиятига асоссиз аралашиш, тааллуқли бўлмаган вазифаларни юклаш тақиқланади.

Бироқ Бош прокуратуранинг «Муштум» журнали таҳририяти мурожаатномасига билдирган муносабатида нима учун Соатмурод Маҳмановга бундай енгил жазо берилгани изоҳланмаган.

Этик ва фонар олиб келишга мажбурланган фермерлар. Фото: «Муштум» журналининг Telegram-канали

12 июл куни ўзини Чори Пиримқулов деб таништирган фермер 2023 йил 7 июл куни бўлиб ўтган йиғилишда 50-60 кишининг кўз ўнгида аввал ҳақоратланиб, сўнгра калтакланганини иддао қилган видео тарқалди.

Бироқ ҳозирча Сурхондарё вилоят прокуратураси ҳам, Бош прокуратура ҳам интернетда тарқалган видеомурожаатга ҳеч қандай реакция билдиргани йўқ.

Фермернинг иддаоси юзасидан изоҳ олиш мақсадида Kun.uz мухбири вилоят прокуратураси матбуот котиби Алишер Бобомуродов билан боғланди. У айни пайтда хизмат сафарида экани, фермернинг иддаолари бўйича изоҳ бера олмаслиги, белгиланган тартибда туман прокурори устидан мурожаат қилинса кўриб чиқилишини маълум қилди.

Мавзуга оид