Ўзбекистон | 13:00 / 13.07.2022
10320
2 дақиқада ўқилади

Қоракўлда Марказий Осиёдаги энг йирик газ-кимё мажмуаси қурилиши бошланди

Бухоро вилоятида янги “Қоракўл” эркин иқтисодий зонаси (ЭИЗ) қурилади. Эркин иқтисодий зонада МТО технологияси асосида қурилаётган газ-кимё мажмуасига (ГҲК) асос солинади.

Фото: minenergy.uz

Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида, якуний маҳсулот ишлаб чиқариш учун юқори технологияли турдош тармоқларни ривожлантиришга ҳисса қўшадиган саноат кластерини қуриш бошланди.

Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, МТО (метанолдан олефин олиш) технологиясига асосланган газ-кимё мажмуаси “Қоракўл” ЭИЗ йирик иштирокчиси ва табиий газ метанини қайта ишлаш имконини берувчи МТО технологияси асосидаги полимер маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича республикадаги энг йирик заводга айланади.

Корхонада Ўзбекистон бозори учун янги бўлган полиэтилентерефталат (PET) ва полипропилен (PP), шунингдек, этиленвинилацетат (EVA) ва паст зичликдаги полиэтилен (LDPE) ишлаб чиқарилади.

Мажмуа йилига 730 минг тоннагача полимер маҳсулотлари ишлаб чиқаради ва мамлакатдаги энг йирик полимер ишлаб чиқарувчи ва метандан бундай материаллар ишлаб чиқарадиган дунёдаги кам сонли корхоналардан бирига айланади.

– Бу мамлакат энергетика саноатини ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлиб, Ўзбекистон ва Марказий Осиёда йирик газ-кимё лойиҳаларини амалга ошириш учун биринчи саноат платформасини яратишга хизмат қилмоқда. Кластер ҳудуд ривожига ва 2300 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилади, – дейди SEG бош директори ўринбосари, МТО лойиҳа менежери М.Шакиров.

“Қоракўл” ЭИЗ резидентлари бир қатор солиқ, норматив ва бошқа имтиёзлардан фойдаланади. Хусусан, резидентларга 10 йил муддатга мол-мулк ва сув таъминоти учун солиқ имтиёзлари, асбоб-ускуналар ва хомашёни божсиз олиб кириш ҳуқуқи берилган. Акцизлар ва даромад солиғи 50 фоизга камайтирилиб, яна бошқа имтиёзлар ҳам қўлланилади.

Вазирлик хабарида айтилишича, Ўзбекистондаги бир қанча йирик полимер маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар ЭИЗ ҳудудида объектларни жойлаштиришга қизиқиш билдирган. Улар орасида энг йирик гилам ишлаб чиқарувчи SAG ва UrGaz, қувур ишлаб чиқарувчи Vero Group ва Mergantex тўқимачилик маҳсулотлари бор.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид