Жаҳон | 13:20 / 10.10.2024
13617
7 дақиқада ўқилади

Фронтдаги вазият: Вуҳледар бой берилиши украин мудофаасидаги инқирозни кучайтирди. Яна бир «қалъа» хавф остида

Украина қуролли кучлари учун энг оғир вазият қаерларда юзага келган?

Vincenzo Circosta / Anadolu / Getty Images

Россия қуролли кучлари Вуҳледарни эгаллагач, шаҳар шимолидаги ўрмонзорларда Украина қуролли кучларининг барқарор мудофаасига дуч келди. Аммо шаҳардан ғарбда, Украинанинг бошқа бир «қалъаси» — Велика Новосилкага олиб борувчи йўлда — афтидан, бундай мустаҳкам мудофаа чизиғи йўқ. Украина қуролли кучлари бу участкада кучсизлангани, расмий равишда Вуҳледар қулаши билан боғлиқ эмас. Бу йўналишда шаҳар мудофаасида қатнашмаган бўлинмалар ҳимояланмоқда. РФ қуролли кучлари уларга зарба берди ва локал ютуққа эришди — Вуҳледардан 15 километр ғарбда жойлашган Золотая Нива қишлоғи эгаллаб олинди. Истиқболда бу Украинага янги инқироз билан таҳдид қилади — бу сафар Велика Новосилка ҳудудида. Вуҳледардан шимолда ҳам Украина қуролли кучлари учун оғир вазият юзага келмоқда — бу ерда Россия армияси шимол ва шарқдан Курахово томон умумий йўналиш бўйлаб олдинга силжимоқда. Агар РФ қуролли кучларининг шу динамикаси сақланиб қолса, йил охирига бориб Украина бутун жанубий Донбассни йўқотиши мумкин.

Вуҳледар фронти

Украина қуролли кучлари учун Вуҳледар фронтидаги муаммо шундаки, икки йилдан ортиқ вақт мобайнида шаҳарни ҳимоя қилиб келган гуруҳ уни ташлаб чиққач шимолга йўл олди, Россия қўшини эса, афтидан, ғарбий йўналишда ҳужум қилишга қарор қилган. Шаҳардан ғарбдаги ҳудудларда Украина қуролли кучларининг 58-мотопиёдалар бригадаси жойлашган, бу бригада ўтган ойда Россия қўшини Вуҳледарга ғарбдан ёриб киришига йўл қўйиб берган (ва бу шаҳар тақдирини ҳал қилганди), Пречистовка қишлоғини бой берганди, энди эса — унга қўшни Золотая Нива қишлоғини ҳам.

Вуҳледар ичкарисида ҳимояланган 72-механизациялашган бригада эса РФ қуролли кучлари Богоявленка ва ундан кейин Кураховога ўтмаслиги учун шаҳардан шимоли-ғарбда янги мудофаа чизиғи ташкил этишга ҳаракат қилмоқда.

Россия қўшинида энди Украина қуролли кучларининг Велика Новосилкага (бу Украинанинг Донецк ва Запорижжя областлари чегарасидаги таянч пункти саналади) олиб борувчи йўлдаги кучсиз мудофаасига ҳужум қилиш имконияти юзага келган.

Шу билан бир вақтда, Россия қўшини Вуҳледардан шимолроқда — ёзда эгаллаб олинган Новомихайловка томондан ҳужумни давом эттирмоқда. РФ қуролли кучлари Сухие Яли дарёсининг икки қирғоғи бўйлаб ҳам ҳужум қилмоқда ва аллақачон Катериновка ҳамда Антоновка қишлоқлари учун жанг бошлаган. Келгусида бу юриш Россия қўшинларини Богоявленка шимолига, 72-бригада позициялари ортига олиб чиқиши мумкин.

РФ қуролли кучлари Украина қуролли кучларининг Вуҳледар гуруҳи орти ҳисобланган Курахово йўналишида ҳам ҳужум қилаётгани ҳисобга олинса, Вуҳледар қулаганидан кейин Украина қўшинларининг жанубий Донбассдаги ҳолати борган сари оғирлашмоқда.

Покровск ва Курахово йўналишлари

Россия қўшини Курахово сув омборининг шарқий чеккасига, Островское қишлоғи ҳудудига етиб келган. Шу билан бир вақтда, россиялик ҳарбийлар сув омборига шимолдан ҳам юриш қилмоқда, Цукурино посёлкасининг бир қисми ва атрофдаги конларни эгаллаган. Ҳозирча Кураховога тўғридан тўғри таҳдид йўқ — шаҳар сув омборининг жанубий соҳилида жойлашган.

Донецк шаҳри ва Горняк посёлкаси оралиғида, Невелске қишлоғи атрофидаги кенг бўртиқ ҳудудни ҳимоя қилган украин қўшини тақдири охиригача маълум эмас. Бу гуруҳ Россия армияси таъминот учун қулай бўлган Донецк — Покровск трассасидан фойдаланишига тўсқинлик қилиб келаётганди. Агар Украина қуролли кучлари ҳамон Горнякдан шарқда турган бўлса (посёлканинг ўзи аллақачон РФ қуролли кучлари томонидан штурм қилинмоқда), унда улар қуршов хавфи остида қолган бўлади. Аммо украин қўшини аллақачон бўртиқ ҳудудни тарк этган бўлиши ҳам мумкин (ҳозирча буни тасдиқловчи визуал тасвирлар пайдо бўлгани йўқ).

Горняк ва Цукуринони мудофаа қилаётган қўшин ортида РФ қуролли кучлари муҳим шаҳар Селидовени қуршаб олмоқда. У аллақачон шимол ва жанубдан айланиб ўтилган, Украина қуролли кучлари фақат шарқдан қилинаётган ҳужумларни қайтариб турибди. Селидовенинг қулаши украинларнинг бутун Покровск-Курахово йўналишидаги мудофааси инқирозига олиб келиши мумкин — мудофаа иккита бир-бирига боғланмаган қисмга ажралиб қолади (мос равишда Покровск ва Кураховони ҳимоя қилувчи гуруҳларга).

Бу вақтда РФ қуролли кучлари Селидоведан шимолдаги ҳудуд бўйлаб Покровскнинг ўзига юриш бошлаган. Илғор бўлинмалар Мирноград чеккасига етиб келган ва Покровскдан етти километр масофада турибди. Аммо РФ қуролли кучлари ушбу шаҳарни штурм қилишни режалаштираётгани бўйича ҳеч қандай маълумот йўқ. Асосий кучлар ҳамон Селидоведан жануброқда ҳаракатланмоқда.

Купянск фронти

Россия қўшини Оскол дарёсига яқин жойлашган Кругляковка ва Колесниковка қишлоқлари чеккасига етиб келган. Оскол бўйларига чиқиш — Россиянинг Купянск шаҳри йўналишида бир йилдан ортиқ вақтдан буён давом этаётган юришининг бош мақсадидир.

Агар Россия қўшини дарё соҳилига етиб келса, бу Купянскнинг шарқий қисми (Купянск-Узловой) мудофаасини қийинлаштиради: РФ ҳаво-космик кучлари мунтазам равишда Купняскнинг ўзида Оскол дарёсидан ўтиш йўлларини бомбардимон қилмоқда, агар жанубга олиб борувчи йўл кесиб қўйилса, бу Украина қуролли кучлари таъминотини қийин аҳволга солиб қўяди. 

Катта эҳтимол билан, РФ қуролли кучлари дарё соҳилига етиб келгач, Купянскка уч томондан — шимол, шарқ ва жанубдан киришга ҳаракат қилади. Украина қуролли кучларини дарёнинг нариги соҳилига суриб ташламасдан ва асосий йўлларни ўз назоратига олмасдан, Россия қўшинининг Оскол бўйлаб жанубга — Боровая ва кейин Лиман томон юришини амалга ошириб бўлмайди: Осколдан шарқда ҳаракатланаётган Россия гуруҳи ҳозирнинг ўзидаёқ таъминот йўллари йўқлигидан қийналмоқда.

Курск области

Курск областида икки армия ҳам ўз юришини давом эттирмоқда: РФ қуролли кучлари чегара бўйлаб зарбалар бериш орқали Суджа ва ундан шимолдаги украин гуруҳини ажратиб қўйишга уринмоқда; Украина қуролли кучлари ғарброқда ҳужум қилиб, Глушково райони марказига киришга — ва Россия юришини тўхтатишга уринмоқда.

Икки томон ҳам чекланган тактик ютуқларга эришган. Украина қуролли кучлари россияликларнинг Веселое қишлоғидаги позицияларини четлаб ўтган, аммо унинг ўзини эгаллай олмаган. Веселое мудофааси учун каттагина куч ажратишга мажбур бўлган РФ қуролли кучлари Суджадан ғарбда жойлашган Любимовка қишлоғининг бир қисмини эгаллашга муваффақ бўлди, аммо ҳозирча муваффақиятни ривожлантира олмаяпти. Суджадан жануби-шарқдаги Борки қишлоғини эгаллаган Россия қўшини қўшни Плеховога ёриб киришга уринган, аммо кўп миқдордаги техникаларидан айрилган.

Мавзуга оид