Россиядагилар нима дейишди?
РФ ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Украина президент Владимир Путиннинг Новгород областидаги Валдай қароргоҳига дронлар билан ҳужум уюштиргани ҳақида гапирди. Лавров бу сўзларига ҳеч қандай далил келтирмаган. Бу маълумот мустақил манбалар томонидан тасдиқланмаган.
«2025 йил 28 декабрдан 29 декабрга ўтар кечаси Киев режими РФ президентининг Новгород областидаги давлат қароргоҳига 91 та учувчисиз учиш қурилмасидан фойдаланган ҳолда террорчилик ҳужумини амалга оширишга ҳаракат қилди», – деган Лавров Москвада журналистларга. Унинг сўзларига кўра, жабрланувчилар ва етказилган зарар ҳақида маълумот келиб тушмаган.
РФ мудофаа вазирлиги Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари украинларнинг 91 та дрони уриб туширилгани, шундан 41 таси Новгород области осмонида, 49 таси – Брянскда, яна биттаси – Смоленск устида тўхтатилганини маълум қилган.
Лавров Россия бу ҳодисага жавоб қайтаришини айтган. «Бундай ўйловсиз ҳаракатлар жавобсиз қолмайди. РФ қуролли кучларининг жавоб зарбалари бериладиган объектлар ва уларни амалга ошириш вақти белгилаб олинган», – деган у.
РФ ТИВ раҳбари Россия музокаралардаги ўз позициясини ўзгартиришини ҳам айтган:
Ушбу акция Украина можаросини ҳал қилиш бўйича Россия ва АҚШ ўртасидаги қизғин музокаралар чоғида амалга оширилди. Биз АҚШ билан музокаралар жараёнидан чиқмоқчи эмасмиз. Шу билан бирга, давлат терроризми сиёсатига ўтган жиноий Киев режимининг якуний қайта туғилишини ҳисобга олган ҳолда, Россиянинг музокаралар позицияси қайта кўриб чиқилади.
РФ президенти ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг айтишича, Владимир Путин 29 декабр куни бўлиб ўтган телефон мулоқоти чоғида бу ҳақда АҚШ президенти Доналд Трампга ҳам хабар берган. Ушаков Америка раҳбари Украина Путиннинг қароргоҳига ҳужум қилгани ҳақидаги маълумотдан шокка тушган ва ғазаб отига минганини айтган. Ушаковнинг сўзларига кўра, Трамп «бундай телбавор ҳаракатлар»ни ҳатто тахмин ҳам қила олмаслиги ҳақида гапирган.
Украинадагилар нима демоқда?
Украина президенти Володимир Зеленский Лавровнинг баёнотини «РФнинг навбатдаги ёлғони» деб атади. Унинг сўзларига кўра, Россия бундан Киевга зарба бериш учун баҳона сифатида фойдаланмоқчи.
«Россия Федерациясининг навбатдаги ёлғони. Кеча [28 декабр куни] Трамп билан учрашувимиз бўлганди. Тушунарлики, агар биз билан Америка ўртасида можаро чиқмаса, бизда ўсиш кузатилса – бу руслар улар учун муваффақиятсизлик. Чунки улар бу урушни тугатишни истамайди. Уни фақат уларга босим ўтказиш орқали тугатиш мумкин. Менимча, улар тугатмаслик учун баҳона излаган, бунга ишончим комил», – деди Зеленский журналистларга.








