Ўзбекистон | 19:08 / 02.11.2023
6534
3 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги автобусларда чиптачилар хизматидан босқичма-босқич воз кечилади

Автобусларга электрон тўлов қилиш тизими 80 фоизга етказилгач, чиптачилар (кондуктор) хизматидан воз кечилади, уларнинг ўрнига автобус назоратчилари фаолияти йўлга қўйилади. Энг аввало аҳолининг ўзида тўлов қилиш маданияти шаклланиши муҳим экани айтилди.

2 ноябр куни АОКАда транспорт расмийлари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда пойтахт транспорт тизимини комплекс ривожлантириш лойиҳа офиси раҳбари Мурод Обидов иштирок этиб, Kun.uz мухбирининг автобусларда чиптачилардан қачон воз кечилиши ҳақидаги саволига жавоб берди. Унинг айтишича, Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида нақд пулда тўлов қилиш электрон шаклига нисбатан 2 баробар қиммат қилиниб, “кондуктор”ларни ишдан бўшатишгач, умумий тушум миқдори 47 фоизга пасайиб кетган. 

“Бу ҳолатдан зарар кўрадиган биринчи навбатда, албатта, давлат бўлади. Чунки давлат брутто-шартнома тизимидаги барча маблағни бир фондга йиғиб, ташувчи учун бажарилган ишларнинг ҳажми ва сифати бўйича пул тўлаб беради. Бошланғич даврда [чиптачилардан] босқичма-босқич воз кечамиз, лекин аҳолимиз тўлов маданиятини тўлиқ ўзлаштириб, ҳар бир фуқаро ўзининг автобус учун қиладиган электрон тарздаги тўловини ҳам шу соҳани қўллаб-қувватлайдиган восита сифатида кўриши керак”, – деди Мурод Обидов.

Таъкидланишича, автобус ва метрога электрон тўлов қилиш 80 фоизга етказилгач, “кондуктор”лардан воз кечиш амалиёти қўлланади ва параллел равишда айрим йўналишларда назоратчилар фаолияти йўлга қўйилади. 

Масъулнинг қўшимча қилишича, вазиятда электрон тўлов қилиш даражасини ошириш учун нақд пулдаги йўлкира нархлари 2024 йилда аҳоли таклифлари, мутахассислар ҳисоб-китобларига асосан қайта кўриб чиқилиши мумкин.

“Тошкент шаҳрида жамоат транспорти чекланган тарифлар асосида ишлайди. Чекланган тарифларнинг миқдорини белгилаш амалдаги қонунчилик ва норматив ҳужжатларга кўра, маҳаллий ҳокимлик органлари, яъни Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори билан белгиланади. Бугунги кунда белгиланган тарифлар айнан сиз айтиб ўтган нақд пулдаги тўловлар улушини камайтириб, электрон тўловларни рағбатлантиришга қаратилган. Яъни шу йўналишда кетяпмиз. Бунда тарифларнинг [яна қайта] ўзгариши ҳозирда жорий этилган тарифларнинг натижасига қараб чиқиб, кейинчалик кўтариладиган масала. Ҳозир бу тарифларни ишга туширишдаги натижани кўришимиз лозим”, – деди у. 

Эслатиб ўтамиз, 1 ноябрдан Тошкентда жамоат транспортида йўлкира нархлари ўзгарганди. Қатнов учун қатъий белгиланган йўл ҳақи — нақд билан тўлашда 2000 сўм, банк ёки АТТО картаси билан тўлашда 1700 сўм этиб белгиланганди.

Мавзуга оид