Ўзбекистон | 11:11 / 03.02.2021
28646
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда ноқонуний бунёд этилаётган кўп қаватли уй қурилиши тўхтатилди

Қурилиш вазирлиги Тошкент шаҳар қурилиш соҳасидаги ҳудудий назорат инспекцияси ижтимоий тармоқларда тарқалган пойтахтнинг Яккасарой тумани Абдуллаев кўчасидаги 59-уй манзилида кўп қаватли турар жой биносининг сифатсиз қурилаётгани ҳақидаги хабарларни ўргангани ҳақида маълумот берди.

Тошкент шаҳар Қурилиш бош бошқармасининг 2020 йил 7 августдаги 20112100/1-сонли рухсатномасига мувофиқ Фахриддин Эргашевга Яккасарой тумани Имом ат-Термизий кўчаси 29−31-уй манзилида жойлашган мавжуд юридик ҳужжатга эга «oфис» биносини «eртўла қаватларида автотураргоҳ, пастки қаватида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси бўлган турар жой биноси»га ихтисослаштириб, реконструкция қилиш учун рухсат берилган. Шунингдек, бугунги кунда Фахриддин Эргашев ва Creative Arch Design Group ўртасида лойиҳа смета ишларини амалга ошириш учун шартнома қилиниб, лойиҳалаш ишлари олиб борилган.

Қисқа муддатли инспекторлик текшируви натижаларига кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 майдаги 370-сонли ва 2020 йил 28 майдаги 343-сонли қарорлари талабларини қўпол равишда бузган ҳолда қурилиш инспекциясини қурилиш-монтаж ишларини бошлашда хабардор қилмасдан ноқонуний равишда қурилиш-монтаж ишларини бошлаганлиги, қурилиш объектида муаллифлик ва техник назорати умуман олиб борилмаганлиги аниқланган.

Шунингдек, инспекция инспектори томонидан 2020 йил 11 декабрда қурилиш-монтаж ишларини тўхтатиб, белгиланган тартибда инструментал техник кўрик ўтказиш ҳамда текширув хулосасини олиб, белгиланган тартибда қурилиш инспекциясини хабардор қилиб, рўйхатдан ўтиш тўғрисидаги берилган 2565-сонли ёзма кўрсатмада қайд этилган мажбуриятларни бажармаганлиги ҳамда Маъмурий-жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 99-моддаси (шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш) 7-қисмида кўрсатилган қонунбузарликларни содир этган.

Юқоридагиларга асосланган ҳолда қурилиш ишларига масъул шахс Фахриддин Эргашевга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 99-модда 7-қисмини қўллаб, кўриб чиқиши юзасидан 14 декабрь куни Яккасарой тумани Маъмурий судига тўпланган ҳужжатлар юборилган. Бунга қўшимча тарзда қурилиш-монтаж ишлари тўхтатилган.

Мавзуга оид