Соғлом ҳаёт | 14:00 / 30.09.2025
2801
2 дақиқада ўқилади

Кунига 8 соатдан кам ухлаш танага қандай таъсир кўрсатади?

Уйқу – шунчаки ҳордиқ эмас, тананинг тикланиши, миядаги ахборотлар қайта ишланиши ва ички органларнинг меъёрида фаолият юритиши учун зарур жараёндир.

Фото: iStock

Олимлар катталар учун кунига ўртача 7–9 соат уйқуни тавсия этади. Аммо кўпчилик иш, ўқиш ёки турмуш тарзи сабаб етарлича ухлашга вақт ажратмайди. Натижада организмда аста-секин жиддий муаммолар юзага келади.

Аввало, мия фаолияти издан чиқади: диққат сусаяди, хотира заифлашади, қарор қабул қилиш қобилияти секинлашади.

Уйқу етишмаслиги юрак-қон томир тизимига ҳам жиддий зарар етказади. Қон босими ошиши, юрак уриш ритмининг бузилиши ва инсулт хавфининг ортиши шулар жумласидандир. Бундан ташқари, уйқусизлик гормонал мувозанатни ҳам бузади. Стресс гормони – кортизол миқдори ошиб кетади, инсулин сезгирлиги камаяди, натижада 2-тур диабет хавфи кучаяди.

Шунингдек, лептин ва грелин каби иштаҳа гормонлари мувозанати ўзгариб, одам кўпроқ овқатлана бошлайди, бу эса семиришга олиб келади. Иммун тизим ҳам заифлашади: организм вирус ва бактерияларга қарши сустлашади, грипп ва шамоллаш каби касалликлар тез-тез такрорланади.

Энг эътиборлиси, уйқу етишмаслиги ташқи кўринишда ҳам намоён бўлади: тери рангпарлашади, ажинлар кўпаяди, одам ўзини доимий чарчаган ва толиққан ҳис қилади.

Етарлича уйқуни ўзига раво кўрмаган инсон фақат вақтинчалик чарчоққа эмас, бутун организмга секин-аста зарар етказадиган хавфли жараёнга йўл очиб берган бўлади.

Диёрахон Набижонова
Тайёрлаган Диёрахон Набижонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид