Жаҳон | 21:07 / 19.12.2024
11509
4 дақиқада ўқилади

Путин билан йил якунлари: асосий саволларга жавоблар ҳақида қисқача

Россия президенти 2024 йилни сарҳисоб қилди, иқтисодиёт, ҳарбий амалиётлар, халқаро муносабатларни муҳокама қилди.

Фото: Getty Images 

19 декабр куни Владимир Путин билан жонли эфирда мулоқот бўлиб ўтди, 4,5 соат давом этди. Президент ички сиёсат, иқтисодиёт, Украинадаги уруш, халқаро муносабатлар, ижтимоий қўллаб-қувватлашга оид кўплаб саволларга жавоб берди.

Асосий иқтибослар:

«Россия кучайиб бормоқда. Россия чинакам суверен давлатга айланди ва бошқаларга қарам эмас. Мен Россияни «қутқариш» га муваффақ бўлдим».

«Россия Украинада олдинга силжимоқда. Россиялик ҳарбийлар «ҳудудларни эгаллаб оляпти... баъзиларини қайтаряпти». Путинга 155-денгиз пиёдалари бригадаси жанговар байроғи кўрсатилди, уни аскарлар юборгани айтилди. Курск области қачон озод қилинади деган саволга Путин аниқ жавоб бермади»;

«Украина билан ҳеч қандай сулҳ бўлмайди. Путиннинг таъкидлашича, у сулҳ ва асирларни алмашишни рад этмаган. Шу билан бирга, у сулҳ душманга позицияларда мустаҳкам ўрнашиш имконини беришини айтди».

«Кремл Киев билан ҳеч қандай шартларсиз музокараларга тайёр, аммо... Путин Зеленскийнинг ноқонуний президент экани ҳақидаги тезисларини такрорлади ва Россияда музокараларни бошлаш учун шарт йўқлигини айтди. Бироқ, улар Истанбул келишувлари асосида ва «ривожланаётган воқеликларни» инобатга олган ҳолда амалга оширилиши керак».

«Орешник» ракетасини уриб тушириб бўлмайди. Путин «дуэл»ни таклиф қилди: «Киевдаги нишонларни аниқлаб, ҳаво ҳужумига қарши мудофаа ва ракетага қарши мудофаа тизимларини у ерда тўплашсин, биз эса зарба берамиз».

«Россия Сурияда ютқазмади. Путиннинг сўзларига кўра, Россия Сурияда ўз мақсадларига эришди ва исломий халифалик барпо этилишининг олдини олди. У Москвага келган Сурия собиқ президенти Башар Асад билан ҳали учрашмади».

Қисқача:

Байден ва унинг ўғли авф этилиши ҳақида: Путин АҚШ президентининг бу қарори сиёсий эмас, балки инсонийлик нуқтаи назаридан эканини таъкидлаб, уни қоралашдан бош тортди.

Украинадаги уруш ва армия ҳақида: Путиннинг айтишича, 2022 йилдан бери вақт жиддий синовга айланган ва Россия армияси бутун фронт чизиғи бўйлаб ишонч билан олдинга силжишда давом этмоқда. Украина Қуролли кучлари эса чекиниш позицияларида мустаҳкам ўрнаша олмаяпти.

Украина билан тинчлик ҳақида: Россия тинчлик ҳужжатларини фақат Украинанинг қонуний раҳбари билан имзолайди. Россия сулҳ эмас, хавфсизлик кафолатлари билан узоқ муддатли ва мустаҳкам тинчликка интилади.

Санкциялар бўйича: Ғарб санкциялари халақит бермоқда ва муаммоларни келтириб чиқармоқда, аммо Путиннинг сўзларига кўра, «улар бизни ўлдира олмайди».

Миграция масаласида: Путин миграция масалаларини ҳал қилиш учун Ички ишлар вазирлиги таркибида алоҳида марказ ташкил этишни таклиф қилди.

Курск областини қайта тиклаш тўғрисида: Жабрланган аҳолига уй-жой учун сертификат берилади ва жангчиларга тўловлар қайта ҳисоблаб чиқилади ва хатолар эски сана билан тузатилади.

Иқтисодиёт ҳақида: Икки йил ичида Россия иқтисодиёти 8 фоизга ўсди, иш ҳақи эса 9 фоизга ошди. Бироқ, инфляция ташвишли белги бўлиб қолмоқда.

Шахсий масала: Путин жангчилар фронтдан қайтмагунча, тўлиқ бахтиёр бўлмаслигини тан олди.

Якуний саволлар бўйича иқтибослар:

«Мен Россия мустақил, ўзи қарор қабул қила оладиган суверен куч бўлиши учун ҳамма нарсани қилдим»;

«Менинг кабинетимда портрет йўқ, бир кабинетимда икона бор, бошқасида Ломоносов бюсти»;

«Йигитларимиз фронтдан қайтмагунича, уларни онаси ва хотини кутиб олмагунча, фарзандлари қучмагунча, халқимиз – йигит-қизлар биз учун, юртимиз учун фарзандларни кўпайтирмагунча бахт тўкис бўлмайди».

«Ҳар бир одам ўз яқинларига кўпроқ эътибор беришини истардим».

Мавзуга оид