Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ғазода уруш тугаганини эълон қилган Трамп, хатони тан олган Путин ва Ҳиндистонга келган «Толибон» вазири – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Трамп Ғазодаги уруш тугаганини эълон қилди
АҚШ президенти Доналд Трамп Ғазо секторида уруш тугаганини эълон қилди. «Ёдингизда бўлса, биз еттита можарони ҳал қилдик. Бу саккизинчиси. Ҳаммадан ҳам Россия–Украина осонроқ бўлади деб ўйлагандим. Ўйлайманки, бу ҳам амалга ошади», деди Трамп журналистларга.
Оқ уй раҳбари сўзларига кўра, шу ҳафта охирида Мисрга етиб боради ва Ғазо секторида тинчлик ўрнатиш бўйича тўлиқроқ келишув имзоланади. Шунингдек, у икки йил олдин Ҳамас томонидан гаровга олинган барча исроилликларни душанба-сешанба кунлари озод қилиш кераклигини қўшимча қилди.
АҚШ президенти Ғазо бой араблар ҳисобидан тўлиқ қайта қурилишини эълон қилди. «Бу минтақада баъзи мамлакатлар улкан бойликларга эга... Улар қиладиган иш Ғазо учун мўъжиза бўлади», деди Трамп.
Reutersʼнинг ёзишича, Доналд Трамп дунёдаги бошқа етакчилар уддалай олмаган ишни амалга оширди: Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳуни кенгроқ тинчлик битимининг биринчи босқичини қабул қилишга мажбур қилиб, бошқа Яқин Шарқ давлатларини Ҳамасга босим ўтказишга кўндирди.
«Босимсиз ҳеч қандай битим бўлмасди. Биби Трампга «йўқ» дея олмайди», деди Яқин Шарқ бўйича собиқ маслаҳатчи Деннис Росс.
АҚШ миллий разведкаси идораси собиқ расмийсига кўра, Трамп ва ундан аввалги президент Жо Байден даврида бузилган бошқа битимлар сингари бу сафарги келишувни ҳам барқарор ушлаб туриш учун президент ва унинг хавфсизлик жамоасидан узлуксиз, пухта меҳнат талаб этилади.
8 октябр куни Трамп Исроил ва Ҳамас Ғазо бўйича тинчлик режасининг биринчи босқичини имзолаганини маълум қилганди.
Ҳамас пайшанба куни воситачилар ва АҚШ маъмуриятидан Ғазодаги уруш тўлиқ якунланганига кафолат олганини маълум қилди.
«Биз воситачилар бўлган биродарларимиздан ва АҚШ маъмуриятидан урушнинг тўлиқ тугаганини тасдиқловчи кафолатларни олдик», — деди ал-Ҳайя.
Ал-Ҳайя айтишича, битимга мувофиқ 250 нафар умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган фаластинлик ва 2023 йилдан кейин ҳибсга олинган 1 700 киши озод қилинади. Шунингдек, аёллар ва болалардан иборат барча маҳбуслар ҳам қўйиб юборилади.
Унинг сўзларига кўра, Ҳамас фаластинликлар манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда Қуддусни пойтахт қилган мустақил давлат барпо этиш йўлида ҳаракатни давом эттиради.
Бугун эрта тонгда Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу идораси ҳукумат Ғазодаги урушни якунлаш ҳамда фаластинлик гуруҳлар билан маҳбуслар алмашинуви бўйича келишувни тасдиқлаганини эълон қилди.
Бундан ташқари, АҚШ Ғазодаги ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувни кузатиш учун Исроилда 200 нафаргача америкалик аскарни жойлаштириш вариантларини ишлаб чиқмоқда.
New York Times маълумотларига кўра, АҚШ ҳарбийлари логистика, транспорт, муҳандислик ва режалаштириш бўйича ёрдам беради. «Улар Ғазода бўлмайди. Ғазода бирорта ҳам америкалик аскар бўлмайди», — дея аниқлик киритди манбалардан бири.
Путин АЗАЛ самолёти ҳалокатида Россия айбини тан олди
9 октябрь куни Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳридаги саммит доирасида Россия президенти Владимир Путин Озарбойжон етакчиси Илҳом Алиев билан учрашди ва 2024 йил декабр ойида юз берган авиаҳалокат сабабларини айтиб берди. Путин 2024 йил декабр ойи охирида «Озарбойжон ҳаво йўллари» авиакомпаниясининг йўловчи самолёти ҳалокатга учрашида Россия жавобгар эканини тан олди.
«Фожиа рўй берган куни Россия осмонида Украина дронлари бўлган. Биз Россия чегарасини кесиб ўтган учта дронни бир вақтнинг ўзида кузатганмиз.
Иккинчи сабаб – Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимидаги техник носозликлар. Отилган иккита ракеталар бир неча метр, тахминан ўн метр масофада портлади... Лайнерга ракетанинг зарба берувчи элементлари эмас, катта эҳтимол билан парчалари урилган. Айнан шунинг учун учувчи буни қушлар галаси билан тўқнашув сифатида қабул қилди ва бу ҳақда россиялик диспетчерларга хабар берди, буларнинг барчаси «қора қутилар»да қайд этилган.
Унга Махачқалъага қўнишни таклиф қилишганди ва бу ҳам «қора қутилар»да бор, яхши эшитилмоқда, лекин у база аэропортига, кейин эса Қозоғистонга қайтишга қарор қилди. Шунга қарамай, факт фактлигича қолаверади», деди Путин.
Шунингдек, у фожиали ҳолатларда талаб қилинадиган ҳамма нарса, жумладан, компенсациялар Россия томонидан амалга оширилишини айтди. Озарбойжон самолёти билан бўлган ўша ҳалокатда самолётда бўлган 38 киши ҳалок бўлган эди.
Чехия Украинага қурол учун пул бермайди
Партияси мамлакатдаги парламент сайловларида ғалаба қозонган чех ўнг популистлари етакчиси Андрей Бабиш Россия тажовузини қайтаришда Украинага ҳарбий ёрдам юкини Чехиядан тўғридан тўғри Европа Иттифоқига юклашга чақирди.
Агар «Норози фуқаролар акцияси» партияси Чехия парламенти қуйи палатасида ҳукмрон коалицияни тузишга муваффақ бўлса, унда мамлакат бюджетидан Украинага ҳарбий ёрдам учун маблағ ажратиш тўхтатилади. Бу ҳақда партия етакчиси, миллиардер Андрей Бабиш маълум қилди.
«Чехия учун пулимиз йўқ. Ўйлайманки, биз Украинага тўғридан тўғри ёрдам бердик, энди уларга Европа Иттифоқи орқали ёрдам берилади», деди у.
Андрей Бабиш, шунингдек, Чехиянинг Украина армияси учун снарядлар ва ўқ-дорилар сотиб олиш ташаббусини тўхтатишга яна бир бор ваъда берди. Унинг сўзларига кўра, Украина учун снарядлар сотиб олиш жараёни шаффоф эмас ва хусусий компания ундан «ўн миллиардлаб даромад олмоқда». Бабиш бошқа тафсилотларни келтирмади.
Афғонистон ташқи ишлар вазири Ҳиндистонга келди
Афғонистон «Толибон» ҳаракати ташқи ишлар вазири Амирхон Муттақий Ҳиндистонга бир ҳафталик музокаралар учун етиб келди. BBC’нинг ёзишича, бу ташриф илгари деярли имконсиз деб ҳисобланганди.
Бу 2021 йилда ҳокимиятни эгаллаганидан бери «Толибон»нинг Ҳиндистонга амалга оширган энг йирик даражадаги ташрифи бўлиб, Муттақий Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Субраманям Жаишанкар ва бошқа расмийлар билан саккиз кунлик сафар давомида дипломатик, савдо ва иқтисодий алоқаларни муҳокама қилади.
Таҳлилчиларга кўра, бу ташриф Ҳиндистоннинг Афғонистонга нисбатан сиёсатини фаол босқичга олиб киради.
Бу сафар Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги, шунингдек, Покистон ва «Толибон» ҳукуматининг ёмонлашган алоқалари фонида ўтмоқда. Узоқ йиллар «Толибон»нинг яқин иттифоқчиси бўлган Покистон бу жараённи диққат билан кузатмоқда.
2021 йил августида «Толибон» Кобулни эгаллагач, Ҳиндистон элчихонасини ва тўртта консуллигини ёпганди, барча афғонларга, ҳатто талабалар, беморлар, тадбиркорлар ва сиёсатчиларга берилган визаларни бекор қилди.
2023 йил ноябрида эса алоқалар яхшилана бошлади. Ҳиндистон «Толибон» элчисининг Деҳлида фаолият бошлашига рухсат берди, аввал Бомбайда, кейин эса Ҳайдарободда консулликлар очилди.
Путин Россиянинг Тожикистондаги ҳарбий базаси ҳақида
Россиянинг Тожикистондаги ҳарбий базаси минтақадаги асосий хавфсизлик элементларидан биридир, деди Россия президенти Владимир Путин 9 октябр куни Душанбе шаҳрида Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмон билан учрашувда.
Путин Россия Марказий Осиёда тинчликни сақлашга катта ҳисса қўшаётганини таъкидлади. «Тожикистонда ва бутун минтақада хавфсизлик кафолати, жумладан, республикада жойлашган 201-Россия ҳарбий базасидир», деди Россия президенти.
201-база Россиянинг энг йирик хорижий ҳарбий объекти бўлиб, бир неча минг аскарга эга ва Москванинг минтақадаги таъсир кучларидан биридир.
База бир нечта гарнизонларда — Душанбе ва Бохтарда (собиқ Қўрғонтепа) жойлашган ҳамда Россия Марказий ҳарбий округига бўйсунади. Объектда мотоўқчи, танк ва артиллерия бўлинмалари, алоқа, разведка ва ҳаво ҳужумидан мудофаа қисмлари жойлашган. 2012 йилда Россия ва Тожикистон базанинг республика ҳудудида 2042 йилгача қолишини узайтирувчи келишувни имзолаган.
Мавзуга оид
15:47
Путиннинг «катта режалари», янги авиаташувчи қуришни бошлаган Франция ва Ғарбий соҳилда яна ноқонуний посёлкалар – кун дайжести
14:37 / 19.12.2025
Вақтинча тўхтатилган грин-карта, Украинага $100 миллиардлик қарз ва Австралияда қурол бўйича янги тартиб – кун дайжести
14:06 / 18.12.2025
Европалик сиёсатчиларни ҳақорат қилган Путин, Исроил-Миср газ келишуви ва АҚШнинг рекорд даражадаги мудофаа бюджети – кун дайжести
14:48 / 17.12.2025