Жаҳон | 10:36 / 12.07.2025
7432
2 дақиқада ўқилади

Россияда полицияга ушланганларни урушга жўнатгани учун пул тўланяпти

Россияда камида 2024 йил август ойидан бошлаб полициячиларга Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаган ҳар бир қўлга олинган шахс учун мукофот пули тўланяпти, деб ёзади "Верстка".

Фото: ТАСС

Россияда камида 2024 йил август ойидан бошлаб полиция ходимлари — участка инспекторлари, тезкор ходимлар ва терговчиларга Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолаган ҳар бир қўлга олинган шахс учун мукофот пули тўланяпти. "Верстка" нашри полициядаги манбаларининг 2025 йил июн ойидаги маълумотларига кўра, гумондорларнинг деярли 12 фоизи суд ва тергов олдидан урушга жўнаб кетган.

«Биз ҳозир гумонланувчини биринчи сўроқ қилишдан олдин, унга ҳуқуқларини тушунтирганимизда, шартнома имзолаши мумкинлигини ҳам айтамиз. Бу суҳбат мажбурийдир», — деди нашрга краснодарлик полициячи аёл.

"Верстки" маълумотларига кўра, тўлов миқдори ҳар бир ушланган шахс учун 10 минг рублдан 100 минг рублгача. Санкт-Петербург ва Москвада полициячи урушга юборилган гумондор учун 50 минг рубл, Ленинград вилоятида 100 минг рубл олади, деди собиқ терговчи.

Ушланган шахс урушга боришга рози бўлса, иш юритуви тўхтатилади, эҳтиёт чораси бекор қилинади ва келажакда жиноий таъқиб қилиш реабилитацияга олиб келмайдиган ҳолатларга кўра тугатилади – бундай ҳолларда ишнинг адолатсиз очилгани учун давлатдан товон ундиришни талаб қилиш тақиқланади. Адвокатларнинг фикрича, агар рози бўлган шахс урушдан мукофот билан, жароҳат олиб қайтса ёки умуман қайтмаса, судланганлик ҳақида маълумот бўлмайди.

Урушга кетган гумонланувчидан товон талаб қилиш мумкин эмас; фуқаролик даъволари фақат уруш тугаганидан кейин ва судланувчи тирик бўлсагина кўриб чиқилади, деди федерал судя.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид