Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Германияда полиция ходимларига ҳужумлар бўйича тезкор судлар ўтказиш талаб қилинди
Германияда янги йил кечасида фавқулодда хизмат ходимларига қилинган ҳужумлардан сўнг ХДИ ва полиция касаба уюшмаси вакиллари бундай ишлар бўйича суд қарорларини тезлаштиришга чақирди.
Янги йил кечасида Германиянинг фавқулодда хизмат ходимларига қилинган ҳужумлардан кейин Германиядаги ҳукмрон коалиция таркибига кирувчи Христиан-демократик иттифоқ (ХДИ) вакиллари, шунингдек полиция касаба уюшмаси бундай воқеалар сабаб келиб чиққан ишлар бўйича суд жараёнларини тезлаштиришга чақирди. Бу ҳақда 1 январ, пайшанба куни Bild газетаси хабар берди. ХДИ бош котиби Карстен Линнеман фикрича, бундай жиноятларда айбланувчиларга нисбатан ҳукмлар бир неча кун ичида чиқарилиши керак. Бу нуқтаи назарни Германия полиция касаба уюшмаси раҳбари Андреас Росскопф ҳам қўллаб-қувватлайди.
“Бу ҳолатларда биз кейинги жазолар билан бирга тезкор суд муҳокамаларини кутамиз. Буни ҳаётини хавф остига қўяётган ҳамкасбларимиз кутмоқда. Гап энди фақат пиротехникани тақиқлаш ҳақида эмас, балки ҳуқуқ устуворлигимизга қарши жиддий тажовузлар ҳақида кетяпти”, — деб изоҳ берди Росскопф. Унинг айтишича, ҳозир бундай ишларни кўриб чиқиш кўпинча ойлаб чўзилиб кетади ва жуда юмшоқ ҳукмлар билан якунланади. Масалан, 2025 йил ноябр охирига келиб Берлинда ўтган йилги янги йил байрами ортидан қўзғатилган тахминан 230 та иш ҳали ҳам кўриб чиқилмай қолган.
Янги йил кечасида фавқулодда хизмат ходимларига қарши ҳужумлар Германиянинг бир қатор йирик шаҳарларида қайд этилди. Берлинда полициячилар бир неча бор петардалар ва пиротехник ракеталар билан нишонга олинган, оқибатда полициянинг 24 нафар ходими жароҳат олган. Ҳамбургда 10 нафар полициячи яраланган ва улар хизматни давом эттира олмаган. Лейпцигда ҳам ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига пиротехника билан ҳужум қилинган.
Билефелдда эса янги йил кечасида қўлбола фейерверклар билан боғлиқ воқеалар натижасида 18 ёшли икки ўсмир ҳалок бўлган. Пиротехникани эҳтиётсиз ишлатиш оқибатида Берлин, Лейпциг ва Росток шаҳарлари аҳолиси ҳам жароҳат олган.
Мавзуга оид
21:45 / 17.06.2026
Audi янги авлод А6 Allroad’ни тақдим этди
20:04 / 17.06.2026
Ўзбекистон ва Германия президентлари бир қатор иқтисодий лойиҳаларни ишга туширди
10:05 / 17.06.2026
Ўзбекистон Боннда иқлим мажбуриятларини бажариш бўйича ютуқларини тақдим этди
18:47 / 14.06.2026