28 октябр куни Рио-де-Жанейрода шаҳар тарихидаги энг қонли полиция амалиётини ўтказди. Амалиёт чоғида камида 64 киши ҳалок бўлди, уларнинг 4 нафари полиция. Рио штати ҳукумати сешанба кунги операцияни «Comando Vermelho» — «Қизил қўмондонлик»тўдасига қарши тарихдаги энг йирик рейд деб атади.

Ҳалок бўлганларнинг қанчаси полиция нишонидаги тўда аъзолари, қай қисми эса тасодифан ҳалок бўлган фуқаролар экани аниқ эмас.
Рио губернатори Клаудио Кастро «нарко-террористик тузилмаларга қарши қатъий турамиз», дея баёнот берди. Унинг айтишича, операция шаҳарнинг халқаро аэропорти яқинида, камбағал ва зич аҳоли яшайдиган ҳудудлар — Рио фавелаларида ўтказилган.

Риодаги Алемао ва Пенҳа фавелалари — денгиз бўйидаги тепаликларда жойлашган камбағал ва зич аҳоли яшайдиган ҳудудлар ҳисобланади.
«Сешанба куни эрта тонгда осмонни тутун қоплаган — жангарилар зирҳли машиналар ҳаракатини тўсиш учун автомобилларни ёқиб юборган, тўхтовсиз отишмалар эса шаҳар манзараси фонида янграган», дейди гувоҳлардан бири Reutersʼга.

Полиция тарқатган видеоларда гумондорлар полицияга қарши гранаталар билан жиҳозланган дронлардан фойдаланаётгани акс этган. Тасвирларда шунингдек, қуролланган шахсларнинг ўрмонзор томонга қочиб кетаётгани кўрсатилган.



Бразилия расмийларига кўра, операцияда 2 500 нафар ходим иштирок этган ва икки ойдан ортиқ вақт давомида режалаштирилган.


















