Ўзбекистон | 19:22 / 23.09.2023
25912
2 дақиқада ўқилади

Саида Мирзиёева наманганлик болалар ҳолидан хабар олди

Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева давлат раҳбарининг топшириғи билан Наманган вилоятида бўлиб, заҳарланиш аломатлари билан шифохонага ётқизилган болалар ҳолидан хабар олди. Маълум қилинишича, болаларнинг ҳаммаси аста-секин тузаляпти, кўпчилиги оиласи бағрига қайтган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, уни юритиш Бош прокуратурага ўтказилган.

Фото: Саида Мирзиёева / Telegram

Наманган вилоятида болаларнинг номаълум моддадан заҳарлангани ҳолати бўйича жиноят иши қўзғатилган ва иш Наманган вилоят прокуратурасидан Бош прокуратурага ўтказилган. Бу ҳақда президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева маълум қилди.

Бугун, 23 сентябр куни Мирзиёева ва Президент администрациясининг бошқа масъуллари давлат раҳбарининг топшириғи билан Наманган вилоятига борган.

“Вазиятни кўзимиз билан кўриш учун шифохонага бордик, болажонлар ҳолидан хабар олдик. Уларнинг кайфияти яхши, ҳаммалари аста-секин тузалишмоқда, кўпчилиги соғайгани учун уйига – оиласи бағрига қайтарилган.

Биз болаларнинг ота-оналари билан ҳам суҳбатлашдик, уларнинг ташвишига шерик эканимизни билдирдик.

Шундан сўнг боғча тарбияланувчилари билан содир бўлган ҳолат юзасидан соғлиқни сақлаш, СЭС, таълим, прокуратура ва бошқа тегишли соҳа мутасаддилари билан йиғилиш ўтказиб, вазиятни ва текширувнинг боришини муҳокама қилдик”, – дея ёзди у Telegram-каналида.

Маълум қилинишича, ҳозирда ўрганиш ишлари давом этмоқда, жараён назоратга олинган ва натижаси ҳақида қўшимча равишда хабар қилинади.

Мавзуга оид