Ўзбекистон | 21:56 / 09.12.2022
42018
3 дақиқада ўқилади

Вилоят прокурори Президент администрациясидан ноқонуний газга уланган заводни тармоқдан узмасликни сўраган

Умрзоқов аҳолига берилиши керак бўлган газга ноқонуний уланишлар орқасида ким тургани аниқланиши ва жавобгарликка тортилишини маълум қилди.

Фото: Президент администрацияси

Газ қувурларида босим меъёрдан пастлиги сабабли республика бўйича жами 462 та маҳалладаги қарийб 62 мингта хонадонга табиий газ етиб бормаяпти. Бу ҳақда президент администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов бошчилигида қишни беталафот ўтказиш бўйича навбатдаги видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Тадбирда мутасаддиларга энергетика тизимидаги камчиликларни бартараф этиш бўйича қўшимча вазифалар юкланиши билан бирга олдинги топшириқлар ижроси бўйича ҳам ҳисобот сўраляпти. 

«Икки кундан буён ҳудудларда ва мутасадди вазирликларда штаблар фаолияти кўрсатмоқда. Лекин, амалий ишлар билан биргаликда жойларда қатор муаммо ва камчиликлар ҳануз кузатилмоқда. Газ қувурларида босимнинг меъёрдан пастлиги сабабли республика бўйича жами 462 та маҳалладаги қарийб 62 мингта хонадонга табиий газ етиб бормаяпти. 

Энг ачинарлиси, вақтинчалик чекловлар киритилган бўлишига қарамай, газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари учрамоқда. 

Жумладан, биргина Жиззах вилоятида ўтказилган тезкор тадбирларда бир кунда 4 та корхонада табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланган. Шунингдек, Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида жойлашган “BEAUTY GLASS DECOR” шишани қайта ишлаш корхонаси 2 дона шиша қайта ишлаш печларида табиий газдан фойдаланиб келмоқда. Кунлик табиий газ истеъмоли 7 000 метр кубни ташкил қилади. 

Бу истеъмолчи куз-қиш мавсумида табиий газдан ажратилиши белгиланган бўлишига қарамасдан, “Ҳудудгаз Пойтахт” газ таъминоти филиали томонидан табиий газ етказиб берилаётгани аниқланди. 

Бундай ҳолат қолган барча ҳудудларда ҳам мавжуд. Мана, масалан, Олмалиқдаги ғишт завод газ ҳисоблагичлардаги онлайн модемни узиб, кўрсаткични «ноль» қилиб қўйиб, газ тармоғига ноқонуний уланган. Энг қизиғи, ушбу ҳолат аниқлангач, вилоят прокурори Президент Администрацияси масъулларидан шу заводни тармоқдан узмасликни сўраган. Прокурорнинг манфаати борми бундай ноқонуний уланишга? 

Бу ташкилотнинг Ангренда ҳам заводи бор экан. Махсус комиссия Олмалиққа келганини эшитиб дарров Ангрендаги заводни ёпишибди. Аниқланган ҳолатга кўра уларга ҳам ҳуқуқий баҳо берилиб, жиноий жавобгарликка тортилади. Уларнинг орқасида ким турганигача аниқлаймиз. 

Ҳокимми, прокурорми ёки солиқчими, ким ноқонуний ҳаракатга тил бириктирган бўлса, жавобгарликка тортилади», – деб таъкидлади видеоселектор чоғида Сардор Умрзоқов. 

Мавзуга оид