Ўзбекистон | 18:54 / 06.04.2026
3055
2 дақиқада ўқилади

Чегарадан кўп миқдордаги гиёҳванд моддалар олиб кирилишига чек қўйилди

Тошкент вилоятида икки нафар шахс қўшни давлатдан Ўзбекистонга умумий оғирлиги қарийб 25 кг бўлган опий ва гашиш олиб киришга уринган. Сурхондарёда эса уч киши Амударё орқали ўтиш пайтида ушланди – уларнинг ёнида 10 килограммдан ортиқ тақиқланган моддалар аниқланган.

Фото: ДХХ

Тошкент ва Сурхондарё вилоятларида 35 килограмдан ортиқ наркотик моддалар контрабандасига чек қўйилди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати.

ДХХнинг Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ва Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда 23 ва 28 ёшли икки нафар фуқаро давлат чегарасини ноқонуний кесиб, қўшни республикадан мамлакат ҳудудига ўтган вақтида қўлга олинган.

Уларга тегишли иккита спорт сумкаси ичида эса 4,88 кг опий ва 19,86 кг гашиш моддалари, шунингдек, 380 қути тамаки маҳсулотлари аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 223 (Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш), 246 (Контрабанда) ва 273-моддалари (Гиёвандлик воситаларини ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Сурхондарё вилоятида 48, 45 ва 22 ёшли уч нафар шахс давлат чегарасини бузган ҳолда, автомобиль ғилдираги камераси ёрдамида Амударёдан сузиб ўтган вақтида қўлга олинди.

Текширув жараёнида уларнинг ёнида бўлган халталар ичида 2,7 кг опий ва 8,25 кг гашиш моддалари борлиги маълум бўлди.

Аниқланишича, наркосавдогарлар гиёҳвандлик воситаларини керакли манзилга етказиб беришлари эвазига ушбу куръерларга ҳар бир килограмм юк учун 200 доллар миқдорида пул ваъда қилишган.

Ҳозирда қонунбузарларга нисбатан Жиноят кодексининг 223 (Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш) ва 246-моддалари (Контрабанда) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид