Навоийда катта миқдордаги қувурларни ўғирламоқчи бўлган шахслар қўлга тушди
Учқудуқ туманида 87,3 миллион сўмлик темир қувурларни ўмармоқчи бўлган шахслар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, департаментнинг Учқудуқ туман бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, ҳудуддаги МЧЖлардан бирининг раҳбари бўлган М.А. ва бошқалар 87,3 миллион сўмлик темир қувурларни ҳеч қандай ҳужжатларсиз фуқаро О. бошқарувидаги “МАN” русумли юк машинасида олиб кетаётгани аниқланган. Туман ободонлаштириш бошқармаси балансидаги ушбу қувурлар Шалхар овулидаги ичимлик суви тармоғидан кесиб олинган бўлган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) ва 28, 25, 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Олдинроқ Навоийда 1000 АҚШ доллари эвазига автосалондан шартнома олиб беришни ваъда қилган шахс ушланганди.