Ўзбекистон | 19:00 / 19.03.2026
3222
5 дақиқада ўқилади
Реклама

Coca-Cola Ўзбекистон ва ЎФА беш йиллик ҳамкорлик шартномасини имзолади

Ҳамкорлик мамлакатда футболни ривожлантириш, миллий терма жамоани қўллаб-қувватлаш ва футбол маданиятини кенг тарғиб қилишга қаратилган.

Фото: Coca-Cola

Тошкентда ўтган имзолаш маросимида ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Ерматов, Coca-Cola’нинг Ўзбекистондaги бош директори Казумаса Мукае ҳамда Coca-Cola İçecek компаниясининг Ўзбекистондаги бош менежери Фуркан Айдин иштирок этди.

 

Келишувга кўра, томонлар 2030 йилгача футболни оммалаштириш, миллий терма жамоани қўллаб-қувватлаш ҳамда ўзбек футболининг халқаро майдондаги нуфузини оширишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга оширади. Бошқача айтганда, бу ҳамкорлик фақат реклама ёки ҳомийлик билан чекланмай, футбол экотизимини кенгроқ ривожлантиришни мақсад қилади.

 

Coca-Cola узоқ йиллардан буён жаҳон футболининг энг яқин ҳамкорларидан бири бўлиб келади. Компания йирик турнирлар, жумладан, FIFA Жаҳон чемпионати каби мусобақаларда футболни қўллаб-қувватлайди. Coca-Cola компанияси Ўзбекистон кубоги мусобақасига ҳам ҳомийлик қилмоқда.

Сўнгги йилларда мамлакатда футбол барча йўналишларда яъни ёшлар ва ўсмирлар терма жамоалари, аёллар футболи, футзал ҳамда соҳил футболида ривожланиб, халқаро майдонларда муҳим ютуқлар қайд этиляпти. Яқин кунларда аёллар миллий терма жамоаси Австралия ва Филиппин терма жамоаларига қарши ўйин ўтказиши режалаштирилган. Бу ҳам жамоамиз учун катта имконият. Албатта, олдимизда йирик мақсадлар турибди.

Биз жаҳон, Осиё чемпионатлари ҳамда Олимпиада ўйинларига йўлланмани қўлга киритишни мақсад қилганмиз. Бу ўзбек футболи тарихида янги саҳифалар очишига ишонамиз. Шу муносабат билан барча ҳамкорларимиз, Coca-Cola компанияси, футбол мутахассислари, футболчилар ва мураббийларга миннатдорчилик билдираман. Ишонамизки, келгуси йилларда натижаларимиз янада барқарор бўлиб, ўзбек футболида юқори натижалар қайд этилади”, – дейди Равшан Ерматов.

 

Тадбир давомида “Coca-Cola Ичимлиги Ўзбекистон” компанияси ва ЎФА ўртасида ассоциация томонидан ўтказиладиган ўйинларни Bonaqua ҳамда Coca-Cola ичимликлари билан таъминлаш бўйича ҳам беш йиллик келишув имзоланди. Маросимда ўзбек футболи афсоналари Одил Аҳмедов, Лутфилло Тўраев, Камолиддин Мирзоев ва Санжар Турсунов, шунингдек, миллий жамоа ўйинчилари Жалолиддин Машарипов ва Ҳожимат Эркинов ҳам иштирок этди.

 

Ҳамкорлик ҳақида илк бор 27 январ куни Coca-Cola томонидан ташкил этилган FIFA Жаҳон чемпионати 2026 кубогининг Ўзбекистон бўйлаб турига бағишланган тадбирда маълум қилинган эди. Шундан буён қисқа вақт ичида бир қатор ташаббуслар ҳам амалга оширилди.

Хусусан, йил бошида ЎФА билан ҳамкорликда Жаҳон чемпионати кубогининг икки кунлик йирик тур тадбири ўтказилди. Бундан ташқари, Coca-Cola Ўзбекистон миллий терма жамоаси футболчилари тасвирланган чекланган миқдордаги тунука идишлар сериясини ҳам тақдим этди.

 

Ташкилотнинг Ўзбекистондаги бош директори Казумаса Мукаега кўра, футбол жамиятни жисплаштирувчи кучли воситалардан бири ҳисобланади.

Шахсан мен Ўзбекистон футболининг ютуқларидан илҳомланаман. Эркаклар терма жамоаси мазкур йилда дунёнинг энг кучли жамоалари билан баҳс олиб боради. Бу жуда ҳаяжонли. Сизларни яна бир бор FIFA Жаҳон чемпионатида иштирок этаётганингиз билан табриклайман. Ушбу натижа футболчилар билан бир қаторда мураббийлар, мухлислар ҳамда Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва унинг раҳбарияти кўп йиллик меҳнати, фидойилиги самарасидир. Баъзан қийин, баъзида эса муваффақиятли даврларни босиб ўтган бу йўл натижасида бугун жаҳон майдонида рақобатлаша оладиган жамоа шаклланди.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан ҳамкорлик орқали биз янги авлоднинг қизиқишини ошириш, ўзбек футболи ривожини қўллаб-қувватлаш ҳамда Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро майдондaги имижини янада мустаҳкамлашни мақсад қилганмиз. Бугун имзоланaётган беш йиллик ҳамкорлик битими Coca-Cola компаниясининг Ўзбекистон миллий терма жамоаси билан нафақат ғалабалар пайтида, балки қийинчиликлар ва келажакдаги муҳим босқичларда ҳам бирга бўлишга тайёр эканини кўрсатади. Биз барқарор ҳамкорлик катта натижалaргa олиб келишига ишонамиз ва ушбу йўлнинг бир қисми бўлиш биз учун катта шарафдир”, – деди у.

 

Ҳамкорлик доирасида ижтимоий лойиҳалар ҳам амалга оширилмоқда. Халқаро хотин-қизлар куни арафасида аёллар футболини қўллаб-қувватлашга бағишланган ижтимоий ролик суратга олинди. Унда оталар қизларига ишонч ва қўллаб-қувватлаш орқали уларнинг орзуларига етишишига қандай ёрдам бераётгани ҳақида ҳикоя қилинади.

 

Маълумот ўрнида, Coca-Cola компанияси ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамкорлиги доирасида махсус промо-акция ташкил этилган. Ушбу акция орқали 10 нафар ғолиб FIFA Жаҳон чемпионати 2026 ўйинларини стадиондан жонли томоша қилиш имкониятига эга бўлади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид