Ўзэкспомарказ кўргазмалар залида FIFAᵀᴹ  Жаҳон чемпионати кубоги кенг жамоатчиликка тақдим қилинди. Тадбир Coca-Cola компанияси ташаббуси билан ўтказилган FIFAᵀᴹ  World Cup Trophy Tour доирасида бўлиб ўтди.

Маросим Ўзбекистон миллий терма жамоасининг тарихда илк бор FIFAᵀᴹ  Жаҳон чемпионатига йўлланма олгани фонида ўтказилгани билан ҳам алоҳида аҳамият касб этди. Унда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икромов кубокнинг рамзий қийматига тўхталди:

“Айнан бугун ушбу кубок Ўзбекистонда намойиш этилаётгани мамлакатимиз учун улкан шараф. Ёш футболчиларга эса бу орзуларни шакллантиришга туртки ва илҳом манбаи сифатида хизмат қилади”, – деди Адҳам Икромов.

Унинг таъкидлашича, Жаҳон чемпионати кубоги шунчаки спорт соврини эмас, орзу, бирдамлик ва футболнинг беқиёс кучини ифодаловчи тимсолдир.  Вазир ўз сўзида давом этар экан, миллий терма жамоанинг Жаҳон чемпионатига йўлланма олишини мамлакат спорти тараққиёти яққол натижаси сифатида баҳолади.

Маросимда Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) раҳбарияти ва Cоcа-Cоlа компанияси беш йиллик ҳамкорлик шартномасини расман эълон қилди. Ҳамкорлик дастури ёшлар жамоаларини ривожлантириш ва мамлакат спорт инфратузилмасини мустаҳкамлашга қаратилган.

Coca-Cola компаниясининг Ўзбекистондаги бош директори Казумаса Мукае эса кубок сафари мазмуни ҳақида гапирди:

Биз бу кубокни бутун дунё бўйлаб олиб юрамиз. Соврин фақат чемпионлар, давлат раҳбарлари ва FIFAᵀᴹ  президенти томонидан кўтарилади. Уни Ўзбекистонда намойиш қилиш биз учун ҳам катта шараф. Қайд этиш жоиз, миллий терма жамоангизнинг Жаҳон чемпионатига чиқиши мамлакат футболи учун янги босқич. Бу кубок ёш футболчиларни келажакдаги майдонларда муваффақият қозонишга руҳлантиради”, – деди у.

Мукайе, шунингдек, Coca-Cola компанияси FIFAᵀᴹ  Жаҳон чемпионати кубоги сафари расмий ҳомийси сифатида ўттиз йилдан буён фаолият юритиб келаётганини таъкидлади.