Спорт | 22:44 / 14.12.2025
7239
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон пара спортчилари ёшлар Пара Осиё ўйинларида умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади

Дубайда бўлиб ўтган V ёшлар Пара Осиё ўйинларида ўзбекистонлик пара спортчилар жами 197 та - 99 та олтин, 57 та кумуш ва 41 та бронза медалларини қўлга киритди.

Фото: Спорт вазирлиги

Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида бўлиб ўтган V ёшлар Пара Осиё ўйинларида тарихий натижа қайд этган Ўзбекистон спорт делегацияси Тошкент халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди.

Мазкур мусобақада Ўзбекистон ёш пара спортчилари жами 197та - 99 та олтин, 57 та кумуш ва 41 та бронза медалини қўлга киритди ҳамда умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади.

Пара пауэрлифтингчимиз Баҳриддин Холбўтаев 54 вазн тоифасидаги беллашувларда 121 кгнатижа қайд этиб, олтин медални қўлга киритиш билан бирга Осиё рекордини ўрнатди.

7-14 декабр кунлари бўлиб ўтган мусобақаларда қитъамизнинг 35 мамлакатидан 1500 нафарга яқин атлетлар 11 та спорт тури бўйича беллашди.

Ўзбекистон делегацияси пара енгил атлетика, пара таэквондо, бочча, пара сузиш, пара армрестлинг, пара пауэрлифтинг бўйича иштирок этди.

Маълумот учун, 2021 йил Баҳрайнда ўтказилган IV пара Осиё ўйинларида юртдошларимиз умумжамоа ҳисобида 16 та медал (11 та олтин, 1 та кумуш, 4 та бронза) олиб, 6-ўринни эгаллаганди.

Тайёрлаган:  Дилшодбек Асқаров

Мавзуга оид