Ўзбекистон | 19:00 / 19.11.2025
2328
8 дақиқада ўқилади

ТМК Ўзбекистоннинг волфрам бозоридаги улушини оширади

Дунё саноати янги ресурслардан куч олаётган бир даврда, волфрам глобал иқтисодиётнинг “энергия валютаcи” сифатида қадр топмоқда. Волфрам энергетика, яшил технологиялар, машинасозлик, авиация, автомобил, кимё саноати, космик технологиялар учун аҳамияти юқори бўлган стратегик келажак металли. Ҳозирда президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон технологик металлар комбинати (ТМК) волфрам соҳасида илғор технологиялар ва интеграциялашган ишлаб чиқариш моделлари орқали мамлакатни глобал волфрам майдонида ишончли ҳамкор сифатида позициялашга йўналтирилган комплекс лойиҳаларни амалга оширмоқда. Бу ҳақда ТМК матбуот хизмати хабар қилди.

Хусусан, жорий йилда ТМК Марказий Осиё бўйича Халқаро Волфрам ассоциациясига тўлақонли аъзо бўлган илк комбинатга айланди. Бу аъзолик жаҳон миқёсидаги етакчи ишлаб чиқарувчилар ва илмий марказлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш, замонавий технологик тенденциялар ҳамда халқаро стандартлардан фойдаланиш имконини берди.

ТМК бугун волфрам занжирининг барча – upstream, midstream ва downstream босқичларида фаол иш олиб бормоқда.

Upstream босқичи доирасида ТМК Самарқанд вилояти Нуробод туманида жойлашган Сарикўл волфрам конини очиш, Каттақўрғон шаҳридаги Ингичка конида техноген чиқиндиларни қайта ишлаш жараёнларини жадаллаштириш, шунингдек, Навоий вилояти Учқудуқ туманидаги Саутбай майдонида геологик-қидирув ишларини амалга оширмоқда. ТМК волфрам концентратларини бойитиш ва қайта ишлашни йўлга қўйиш бўйича ҳам халқаро компаниялар билан ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Жумладан, Сарикўл волфрам конини ўзлаштириш лойиҳаси ТМК томонидан амалга оширилаётган ноёб ва устувор жараён бўлиб, умумий саноат захиралари истиқболли майдонлар билан 30 минг тонна волфрам металлини ташкил этади. Ишлаб чиқариш мажмуаси йилига 1 миллион тоннaгача рудани қайта ишлаш қувватига эга бўлади. Натижада 65 фоизли халқаро сифат стандартларига тўлиқ жавоб берувчи волфрам концентрати олинади. Йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 4 минг тонна. Истиқболли майдонларни инобатга олган ҳолда коннинг ишлаш муддати 20 йилгача баҳоланмоқда. Лойиҳа доирасида 400 нафардан ортиқ мутахассис ва маҳаллий аҳоли вакиллари барқарор иш ўрни билан таъминланиши кўзда тутилган. Яъни ТМК ўз лойиҳалари орқали инсон капитали, иш ўринлари ва маҳаллий ривожланишга инвестиция киритишни ҳам мақсад қилган.

Ингичка бойитиш фабрикасида волфрам чиқиндиларини қайта ишлаш ҳажмларини кенгайтириш мақсадида Хитойнинг “Xinhai” компанияси билан ҳамкорликда лойиҳа амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳа натижасида волфрам концентрати 300 тоннадан 1050 тоннага, маҳсулот қиймати 18,4 млн долларга етказилади ва 4,1 млн доллар соф фойда олинади. Бунинг натижасида 2026 йилда 700 минг, 2028 йилга бориб 1,4 миллион доллар солиқ тўланиши кутилмоқда.

Шунингдек, Ингичка конида амалга оширилаётган модернизация ишлари доирасида ТМК хорижий инвестор Хитойнинг “Red Persimmon” компанияси билан ҳамкорликда янги технологик линиялар жорий этмоқда. Бу орқали волфрам рудасини қазиб олиш ҳажми йилига 900 минг тоннага етказилади. Kон фаолиятини тиклаш натижасида йилига 1671 тонна волфрам концентратини ишлаб чиқариш таъминланади, кейинчалик эса ишлаб чиқариш салоҳиятини 5040 тоннага етказиш режалаштирилган.

Шунингдек, TMK Туркиянинг “International Gold Madencilik Ltd. Şirketi” билан ҳамкорликда Саутбай волфрам конини ўзлаштириш лойиҳасини амалга оширмоқда. Кон ишга тушиши натижасида 4811 тонна волфрам концентрати ишлаб чиқарилади.

Ҳамкорликдаги ишлар натижасида волфрам концентратлари кейинчалик ТМКга етказилиб, металл волфрам ишлаб чиқариш жараёнига йўналтирилади. Шу билан бирга, ТМК ўзининг хомашё салоҳиятини кенгайтириш ва янги конларни ишга тушириш йўналишида Томчали ва Қорақия истиқболли майдонларида халқаро стандартларга мувофиқ геологик-қидирув ишларини амалга оширмоқда. Хорижий ва хусусий инвесторлар иштирокида Навоий вилояти Учқудуқ туманидаги Саритау, Самарқанд вилоятидаги Хўжадиқ, Яхтон ва Камангарон ҳамда Қашқадарё вилоятидаги Гуссай ҳудудларида геологик тадқиқотлар изчил равишда давом этмоқда.

Midstream босқичида Ўзбекистонда волфрамни тўлиқ қайта ишлаш занжирини яратиш мақсадида комбинат томонидан Самарқанд вилоятида янги гидрометаллургия цехини барпо этиш режалаштирилган. Бу замонавий ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш учун ТМК Канада, Австралия, Финландия ва Туркиянинг етакчи инжиниринг компаниялари билан ҳамкорлик орқали илғор тажрибаларни жорий этиш чораларини кўрмоқда. Мазкур лойиҳа тўлиқ ишга тушгач, 2027 йилда 5000 тонна, 2029 йилдан эса 10 000 тонна, 2030 йилдан 15 000 тонна волфрам концентрати қайта ишланади, маҳсулот қиймати эса 307.4 млн долларга етказилади.

Downstream босқичи бу қиймат занжирининг энг юқори нуқтаси ва бу нуқтада ТМК критик минераллар соҳасида “Made in Uzbekistan” саноат брендини жаҳон майдонида мустаҳкамлаш, мамлакатни технологик металлар экспорти бўйича ишончли ва барқарор ҳамкорга айлантиришни мақсад қилган. Бугунги кунда ТМК томонидан волфрам брикет ва штабиклари, волфрам карбиди асосида волонкалар, қаттиқ қотишмали фрезалар ва бурғилар, волфрам электродлар, шунингдек, бурғилаш асбоблари ва коронкалар ишлаб чиқарилмоқда. Комбинат ишлаб чиқариш жараёнларини босқичма-босқич рақамлаштириш ва тўлиқ автоматлаштириш, энергия тежамкор ҳамда экологик хавфсиз технологиялардан фойдаланиш ҳамда ESG ва IRMA халқаро стандартларига мос барқарор саноат моделини жорий этмоқда. Бу ёндашув орқали ТМК металлни қайта ишлаб, келажакни яратмоқда.

Бугун Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган юқори қўшилган қийматли волфрам маҳсулотлари дунёнинг етакчи саноат мамлакатларига, хусусан, Европа ва АҚШнинг нуфузли компанияларига етказилмоқда. Шу билан бирга, Япония ва Корея каби технологик ривожланган бозорларга ҳам экспорт йўналишларини кенгайтириш бўйича самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Янги саноат лойиҳаларининг тўлиқ ишга тушиши натижасида хомашё йўналишида волфрам концентрат ишлаб чиқариш ҳажми 300 тоннадан 14950 тоннага, яъни 50 баробарга ўсади. Қайта ишлаш йўналишида Самарқанд ва Тошкент вилоятларида (Чирчиқ шаҳри) гидрометаллургия цехлари ишга тушиши натижасида вольфрам ангидрид ишлаб чиқариш ҳажми 76 тоннадан 4 860 тоннага, тайёр маҳсулот йўналишида эса волфрам металли ишлаб чиқариш ҳажми 58 тоннадан 1 860 тоннага етказилади.

Янги волфрам лойиҳалари нафақат саноат ютуғи, балки миллий иқтисодиётнинг янги ўсиш нуқтасига айланиб, ўзининг юқори иқтисодий самарасини беради. Унга кўра, инвестиция қиймати 103,9 млн долларга етади, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми бугунги 5,5 миллион доллардан қарийб 280 миллион долларгача ўсади, экспорт салоҳияти эса 2,4 миллион доллардан 181,5 миллион долларгача кўтарилади. Шунингдек, лойиҳалар ишга тушиши натижасида 5000 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.

Энг муҳим жиҳатларидан бири, лойиҳаларнинг тўлиқ ишга тушиши натижасида Ўзбекистоннинг волфрам соҳасидаги глобал улуши ортиб, захиралар ҳозирдаги 2% дан 2030 йилга келиб 5,1% га, қазиб олиш бўйича эса 0,05% дан 14,8% га ошади.

Бугун дунё волфрам таъминот занжири бўйича барқарор манбаларни изламоқда. Яъни ишончли, шаффоф ва технологик ечимга эҳтиёжи бор. Президентимизнинг стратегик ва узоқни кўра олиш сиёсати туфайли эса Ўзбекистон бу жараёнда фаол иштирокчи сифатида нафақат хомашё етказиб бермоқда, балки қиймат занжирининг тўлиқ моделини глобал бозорга таклиф этмоқда. Ўзбекистон технологик металлар комбинати эса халқаро волфрам таъминот занжирини тўлдиришга қаратилган лойиҳалари билан мамлакатнинг жаҳон саноати учун ишончли ҳамкор сифатидаги ролини ва глобал саноат харитасидаги ўрнини мустаҳкамлашни мақсад қилган.

Реклама ҳуқуқи асосида

 
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид