Ўзбекистон | 18:31 / 26.11.2025
3679
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд вилоятида волфрам мажмуаси қурилади

Нуробод туманидаги Сарикўл лойиҳаси доирасида барпо этилаётган қайта ишлаш мажмуаси йилига 1 миллион тонна рудани қайта ишлаш қувватига эга бўлади.

Фото: iStock

Ўзбекистон технологик металлар комбинати (ТМК) волфрам қиймат занжирининг upstream, midstream ва downstream каби барча босқичларни қамраб олган интеграциялашган саноат моделини шакллантирмоқда. Upstream йўналишининг асосий таркибий қисми саналган Сарикўл волфрам кони Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида жойлашган бўлиб, лойиҳа Геология ва тоғ-кон саноати вазирлиги кўмагида амалга оширилмоқда. Бу ҳақда ТМК хабар берди.

Қайд қилинишича, лойиҳанинг муҳандислик ва технология блоклари Австралиянинг халқаро даражада тан олинган, кўп йиллик саноат тажрибасига эга етакчи компаниялари AMC Consulting Pty Ltd. ва NewPro Consulting and Engineering Services Pty Ltd. томонидан ишлаб чиқилмоқда.

Таъкидланишича, Сарикўл лойиҳаси доирасида барпо этилаётган қайта ишлаш мажмуаси йилига 1 миллион тонна рудани қайта ишлаш қувватига эга бўлади ва жаҳон стандартларига тўлиқ мос тарзда фаолият юритади. Ушбу қувватлар асосида халқаро сифат талабларига жавоб берадиган 65 фоизли волфрам концентрати ишлаб чиқарилади. Лойиҳанинг йиллик маҳсулот ҳажми 4 минг тонна этиб белгиланган. Истиқболли майдонлар ва геологик захираларни инобатга олган ҳолда коннинг умумий ишлаш муддати 20 йилгача баҳоланмоқда.

Бу ерда нафақат минерал қазиб олинади, балки маҳаллий аҳоли учун янги иш ўринлари, инфратузилма ва ижтимоий барқарор муҳит яратилади. Лойиҳа доирасида 400 нафардан ортиқ мутахассис ва маҳаллий аҳоли вакиллари барқарор иш ўрни билан таъминланиши кўзда тутилган.

Лойиҳанинг яна бир муҳим йўналиши - ESG (Энвиронментал, Social, Governance) стандартларининг тўлиқ интеграцияси. Айни пайтда лойиҳа доирасида ESG ташаббуслар ишлаб чиқилмоқда. ESG ёндашуви фақат экологияни муҳофаза қилиш билан чекланмай, балки кенг қамровли барқарорлик стандартларини жорий этишни назарда тутади. Шунингдек, кондаги ишлар очиқ ва ерости усулларида олиб борилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид