Ўзбекистон | 13:59 / 01.11.2025
3274
3 дақиқада ўқилади

Айрим маъмурий ҳуқуқбузарликни кўриб чиқиш судлардан Ижтимоий инспекцияга ўтказилади

Сенат ялпи мажлисида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш механизмларини кучайтиришга қаратилган қонун маъқулланди. Ҳужжат билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва унинг тизимидаги идоралар ходимларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгилашга доир ўзгартириш киритилмоқда.

Фото: Senat.uz

Сенатнинг 11-ялпи мажлисида “Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга шаҳарсозлик ҳужжатларида ногиронлиги бўлган шахсларга шарт-шароитлар яратиш бўйича лойиҳанинг алоҳида бўлимига (қисмига) амал қилинмаган ҳолда қурилиши тугалланган бинолар ва иншоотлардан фойдаланиш учун Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси органлари томонидан рухсатнома берганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда. Шунингдек, ҳужжатда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва унинг тизимидаги идоралар ходимларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш, хамда уларнинг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларини бажармаганлик учун маъмурий жавобгарлик назарда тутиляпти.

Қонун билан қуйидаги маъмурий ишларни кўриб чиқиш жиноят ишлари бўйича судлардан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Ижтимоий инспекция ваколатига ўтказилмоқда:

  • ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни жойлаштиришда қонунчилик талабларини бузиш;
  • васийлик ҳуқуқини суиистеъмол қилиш;
  • ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш;
  • ногиронлиги бўлган шахсларга қулай шарт-шароитлар яратиш билан боғлиқ лицензиялаш тўғрисидаги қонунчиликни ва рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш.

Муҳим ўзгаришлардан яна бири Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига ёки Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалар аъзоларига кўрсатиладиган ҳомийлик билан боғлиқ. Шундай оилалар аъзоларига ҳомийлик ташкилотлари томонидан солиқ даври мобайнида базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваригача миқдорда тўғридан-тўғри бериладиган пул маблағлари тарзидаги ҳомийлик хайриялари учун солиқ солинмаслиги, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар, фахрийлар, хотин-қизлар ҳамда болалар жамоат бирлашмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун давлат божи белгиланган ставканинг 50 фоизи миқдорида ундирилиши мустаҳкамланмоқда. Бу тартиб қонунчиликда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган ҳомийлик ташкилотларига тегишли.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Тайёрлаган:  Руслан Сабуров

Мавзуга оид