Ўзбекистон | 13:47 / 30.04.2024
4242
2 дақиқада ўқилади

Чирчиқ дарёсида қум-шағал қазиб олиниши оқибатида табиатга 80 млрд сўмдан ортиқ зарар етказилди

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Экологик назорат инспекцияси томонидан Тошкент шаҳар Сергели тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёси бўйида навбатдаги рейд тадбирлари олиб борилди.

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги

Рейд давомида дарёнинг муҳофаза минтақасида 1 дона экскаватор ва 2 дона юк машинаси ёрдамида қум-шағал қазиб олиниб, ўрнига қурилиш бетон қолдиқлари жойлаштирилаётгани аниқланди ва транспорт воситалари воқеа жойида тўхтатилди. Ўрганиш давомида бу ишлар МЧЖга тегишли техникалар ёрдамида ҳеч қандай рухсатномасиз амалга оширилаётгани аниқланди.

Маълум бўлишича, Сергели тумани ҳокимининг 2019 йил 26 августдаги фармойишига асосан Сергели тумани, Қурувчи даҳаси, 25-уйда жойлашган 2,26 гектар ер майдони ободонлаштириш ишларини амалга ошириш мақсадида МЧЖга бириктириб берилган. Фармойишнинг 3-бандида мазкур ҳудудда дарахт ва гул кўчатларини экиш белгиланиб, 4-бандида бириктирилган ҳудудда қурилиш ва бошқа чиқиндиларни жойлаштириш жавобгарликка сабаб бўлиши тўғрисида огоҳлантирилган.

Фармойиш талабларига амал қилинмагани натижасида «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонун 22-моддаси ҳамда «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги қонун 41-моддаси талаблари бузилган. Табиатга қум-шағал қазиб олиниши натижасида 21,4 миллиард, чиқиндилар ноқонуний жойлаштирилиши натижасида эса 112,5 миллион сўмга яқин зарар етказилган.

Бундан ташқари, Бош прокуратура хатига асосан Тошкент шаҳар Сергели туманидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёсининг бошқа бир қисмида ҳам ўрганиш ишлари олиб борилди. Натижада дарёнинг муҳофаза зонаси ва қирғоқ бўйида тахминан 4 гектарга яқин майдонда қазиш ишлари амалга оширилгани маълум бўлди. Табиатга етказилган зарар миқдори эса қарийб 62,3 миллиард сўмни ташкил қилди.

Юқоридаги ҳар икки ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш, айбдор шахсларга нисбатан қонуний чора кўриш ва табиатга етказилган зарарни ундириш мақсадида барча ҳужжатлар Бош прокуратурага юборилган.

Мавзуга оид