Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Жангда ўлаётган ҳамюртларимиз жуда кўп” — Украинадаги урушдан қочишга муваффақ бўлган йигит ҳикояси
Россиядан Украинадаги урушга тазйиқ ва алдов билан олиб кетилган марказий осиёликлар, жумладан ўзбекистонликлар кам эмас. 30 ёшли Акбар Азизов (исм-шарифи ўзгартирилган) РФда қурилиш соҳасида ишлар эди. Унинг сумкасидан наркотик модда “топилиб”, тазйиқ остида Украинага жўнатилади. Уруш даҳшатларига гувоҳ бўлган Акбар рус офицерларига катта пора бериб, Донецкдан қочишга муваффақ бўлади.
Акбар Азизов дам олиш кунларининг бирида ресторанда овқатланиб бўлиб ташқарига чиққанида емакхонани ОМОНлар босади ва унинг сумкасидан наркотик моддаси топилади. Бир муддат қамоқхонада ўтирган Акбар Украинанинг Донецк вилоятига мажбуран олиб кетилади.
У 8 ой давомида жангларда қатнашади. Тинчлик нақадар олий неъмат эканини англаб етган Акбар жанг майдонидан қочиш пайига тушади. Эгнига Россия ҳарбий формасини кийишга мажбурланган ҳамюртимиз катта пул эвазига Украинадан қочириб юборилади.
У бошидан ўтказганларини Kun.uz'га сўзлаб берди.
“Дори” билан ушлаш ва мажбурий контракт
— Россия Федерациясида қурилишда ишлар эдим. Дам олиш кунларидан бирида шаҳар айландик, қорнимиз очиб овқатланиш учун ошхонага кирдик. Ошхонага кирган пайтимда орган ходимлари кириб келди ва сумкамни титкилаб очишди. Сумка ичидан гиёҳвандлик моддаси “чиқди”. Бундан ҳайрон бўлмадим, ўзлари атай “подстава” қилганини сездим. ИИБ биносига олиб кетишди.
Махсус хонада сўроқ-савол бошланди. Бу орада ҳарбийлар киришиб: “Ўз ихтиёринг билан Украинадаги урушга бориш учун шартнома тўлдириб кетасан, ёки қамаласан”, дейишди. Мажбурлашса-да, уларнинг айтганига рози бўлмадим. Ҳарбийлар ҳар куни кириб мажбурлашда давом этишди. Шундай қилиб махсус ертўлада 11 кун ётдим.
Чорасизликдан элчихонадан одам чақиртирдик. Улардан нажот чиқмади. Урушга кетмасликдан бошқа чора қолмаганди. Охир-оқибат “ўз ихтиёрим билан урушга жўнайман” деб шартномага қўл қўйдим...
Урушга тайёргарлик
Украинанинг Донецк вилоятига етиб бордик. Тайёргарлик 3 босқичда, бор-йўғи икки ҳафта бўлиб ўтди. 1-босқичда биринчи ёрдам кўрсатиш ва тиббиёт соҳасидан дарс беришди. Ўқ текканда ёки бирорта жароҳат олган пайтингизда нималар қилиш кераклиги ўргатилди.
2-босқичда гранатадан фойдаланишни ўргатишди. 3-босқич анча мураккаб: қўлингизга автомат беради-да, мўлжалга олишни ўргатишади, окопларга туширишади, унинг ичида қандай ҳаракатланиш қоидаларидан сабоқ берилади, гранатомёт, пулемётлардан отишни ўргатишади... Хуллас, икки ҳафта ичида жангчи бўлиб етишдик...
Ихтиёрий ва мажбурий сафарбарлик
— Ўзбекистонликларнинг кўпчилиги Украинадаги урушга пул учун боришяпти. Шартнома тўлдирган аскар 1,5 миллиондан 2,5 миллион рублгача пул олади. Агар ёлланган ҳарбий оилали бўлса, болалари боғчаларда, давлат таълимида бепул ўқийди. Бепул даволанади ва энг асосийси давлат томонидан ипотека асосида уй берилади. Шартнома имзолаган шахс ўзи хоҳлаган областдан уй олади. Уйнинг 50 фоизини давлат тўлаб беради, қолгани соддалаштирилган тартибда 20 ёки 30 йилга бўлиб тўланади. Кўпчилик ҳамюртларимиз ана шуларга қизиқиб урушга кетяпти. “Подстава” усулида кетаётганлар ҳам бор, улар асосан курьерлар ва таксистлар.
Мен ўз кўзим билан кўрган 7 нафар Ўзбекистон фуқароси моддий манфаат топаман деб келган инсонлар эди. Уларнинг барчаси бир кунда ўлди-кетди.
Фронтда нафақат ўзбеклар, Тожикистон, Қирғизистон фуқаролари ҳам бор. Бошқа давлатларга қараганда Ўзбекистон фуқаролари жуда ҳам кўп. Кўпчилиги “подстава” йўли билан борган. Бир ойда урушга 200 нафар одам келадиган бўлса, улардан камида 7-8 фоизи Ўзбекистон фуқаролари бўлади.
Икки тожикни отиб ташлашди...
— Донецкда 8 ой давомида қўрқувда яшадим. Кўчаларда бемалол юролмайсиз. Исталган вақтда тепангизга дрон учиб келади. Бир кунда камида 10-15 та ҳаводан ҳужум бўлади. 8 ой мен учун жуда қийин кечди. Ҳар қадамда ерда ётган ўликларни кўрасиз. Жасаднинг айримларини Россияга жўнатишади, кўпини ўша жойга кўмиб ташлашади.
Уруш даҳшатларини кўравериб, ўша муҳитга секин-аста кўникишни бошладим. Психолог топиб гаплашмасангиз, ўзингизни йўқотиб қўйишингиз жуда осон. Шартномани бекор қиламан дегани учун икки нафар Тожикистон фуқаросини полигондан олиб чиқиб, отиб ташлашди.
Урушдаги қийноқларни тасвирлаб беролмайман. Тинчликда юриб тўсатдан урушга бориб қолган ҳар қандай одам қийноқларга дош бериши жуда ҳам қийин. Ўзбекистондаги 1 дақиқалик вақтимни у ердаги 100 йилга ҳам алмашмаган бўлардим. Чунки у ерда тинчлик деган нарсанинг ўзи йўқ. Ухлаётганда ҳам ишқилиб портлаб кетмаймизмикан, деб ўйланиб ётасиз. Юртимиздаги тинчликка нима етсин?!
Қочиш
— Донецкнинг жанг майдонларида 8 ой юрдим. Ҳар қадамда ўликларни кўравериб руҳиятимга таъсир қила бошлади. Қочиш кераклиги ҳақида ўйлаб қолдим. Қочишни режалаштирдим. Бунга яқин танишим ёрдам берди.
Қочириб юборишлари учун катта сумма сўрашди. Айтилган суммани келтириб берганимдан кейин, штурмлар бошланган пайтда қочишимга шароит яратиб беришди. Рус офицерларига катта миқдорда пул бердим. Қочишим учун ота-онам пул топиб беришди. Тирик қолиш имкониятини ўзим яратдим. У ердан қочиб келишимга қарз олдик, мол-мулкларим сотилди. Жуда ҳам катта миқдорда қарзга ботиб қолганман ҳозир. Мана шу қарз ёрдамида қочиб келдим. Акс ҳолда, балки ўлиб кетган бўлардим.
Банк картамга пул келиб тушди, банкоматдан уларни ечиб, нақд пул кўринишида офицерларга бердим. Ушланиб қолишларидан қўрқишди чоғи, карталарига ташлаб беришимга кўнишмади.
Пул эвазига қочириб юборишларини таклиф қилишга қилдим-ку, отиб юборишмасмикан, ўлдириб юборса нима бўлади, деган қўрқувлар бўлди. Лекин яшашни истаганим учун мажбур бўлдим. Таклифимни қабул қилган офицер ёрдами билан қочишга муваффақ бўлдим.
Бу бизнинг уруш эмас!
— Украинадаги урушга бормоқчи бўлаётганларга маслаҳатим, ҳеч қачон у ерга борманг. Бошқа давлат томонида туриб жангда қатнашиш умрингиздаги энг катта хато бўлади. Бу бизнинг уруш эмас. Тинчликда ўтаётган 1 дақиқангизни у ердаги 100 миллиардга алмашманг. Пул учун алданиб қолманг.
Украинада туни билан мижжа қоқмай эртага устимга бомба тушиб ўлиб қолмайманмикан, деб ўйланиб чиқасиз. Энг даҳшати, олдингизда бирга кетаётган одамнинг қандай ўлим топганини кўришингиз ҳам мумкин. Бундай вазиятлар жуда кўп бўлган.
Кунларнинг бирида шеригим билан кўчага чиқдик. Ҳарбий сумкаларни айтилган манзилга олиб бориб ташлаб келишимиз керак эди. Йўлда кетаётган пайтимизда украиналиклар дрони келди. Ундан қочамиз деб, орқа томонга югурдим, шеригим гапимни эшитмади ё аҳамият бермадими, билмадим. Ўша дрон унинг ёнида портлади. Дўстимнинг танаси атрофга қандай сочилиб кетганини ўз кўзим билан кўрдим.
Кўпчилик урушга Россия фуқаролигини олиш ёки уй оламан деб бориб олади-да, уруш нималигини кўргандан кейин афсусланишади. Лекин кеч бўлган бўлади. Расмий ахборотларда ўлимлар сони атай камайтириб кўрсатиляпти. Жангларда ўлганлар ва ўлаётганлар жуда кўп...
Мавзуга оид
10:35
Россияда жазо ўтаётган 3 мингдан ортиқ ўзбекистонлик қайтарилиши мумкин
09:04
Россия бензин экспортини июл охиригача тўхтатди
18:59 / 02.04.2026
Қирғизистонда Россия қирувчи самолётларининг машғулотлари тўхтатилди
09:57 / 02.04.2026