Жаҳон | 22:31 / 07.02.2023
34282
2 дақиқада ўқилади

Туркия кучли зилзила оқибатида 3 метрга яқин силжигани айтилди

Туркиядаги зилзила литосфера плиталарини силжитди.

Фото: AP

Кучли зилзила туфайли Туркия уч метрга яқин силжиди. Бу ҳақда Италия Геофизика ва вулқонология миллий институти президенти Карло Долиони маълум қилди.

Фалокатли ҳодиса натижасида Арабистон плитаси Анадолу плитасига нисбатан жануби-ғарбий йўналишда ҳаракатланган. Бу эса 15-20 километр чуқурликда «транскуррент» ёриқни келтириб чиқарган.

Долиони сўзларига кўра, Туркия Сурияга нисбатан 5-6 метрга силжиган. Аммо аниқ маълумотлар яқин кунларда ESA Sentinel ва ASI CosmoSkymed сунъий йўлдошлари томонидан олиб борилган кузатувлардан сўнг маълум бўлади.

Ёриқ узунлиги 190 километр ва кенглиги 25 километр бўлган майдонни қамраб олди ва тўққиз соатлик фарқ билан иккита энг кучли зилзилага сабаб бўлди. Улар Туркия жанубида ва Сурия шимолида содир бўлиб, магнитудаси мос равишда 7,8 ва 7,5 баллга етган. Бу минтақа сейсмик «қайноқ нуқта» ҳисобланади, чунки у Анадолу, Араб, Евроосиё ва Африка плиталари кесишмасида жойлашган. Улар бир-бири билан мунтазам тўқнашади.

Зилзилалар узоқ давом этадиган «сейсмик эпидемия»нинг бир қисми бўлиб, у кунлар, ойлар ва ҳатто йиллар давомида такрорланиши мумкин. Долиони сўзларига кўра, плиталар тўқнашуви натижасида йиғилган энергия тарқалиб кетмагунча, силкинишлар давом этаверади.

Туркия сейсмология хизмати цунами хавфи ҳақида ҳам сигнал берган эди, бироқ ҳосил бўлган тўлқин кучсиз ва кичик бўлиб, баландлиги атиги 30 сантиметрга етди.

Мавзуга оид