Ўзбекистон | 16:18 / 10.12.2024
20665
2 дақиқада ўқилади

Суриядаги урушда қатнашиб, вазиятни ёритаётган ўзбекистонлик шахс қидирувда экани маълум қилинди

Ўзбекистонлик 30 ёшли эркак Суриянинг Идлиб шаҳридан туриб ижтимоий тармоқларда тарғибот олиб бормоқда. Ички ишлар вазирлиги унга нисбатан Конституциявий тузумга тажовуз қилиш, террорчилик фаолиятини амалга ошириш ва бошқа айбловлар билан жиноий иш очилганини маълум қилди. У юритаётган саҳифалар Ўзбекистон ҳудудида тақиқланган.

Фото: ИИВ видеосидан лавҳа

Вазирликка кўра, Абу Валид тахаллуси билан фаолият юритувчи Нуриддинов Худоёр Бахтиёр ўғли 1994 йилда Фарғона вилояти Риштон туманида туғилган.

Унга нисбатан ДХХ томонидан «террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида ўқувдан ўтиш ёки ҳаракатланиш» (ЖК 155-2-модда), «Ўзбекистон Республикаси Конституциявий тузумига тажовуз қилиш» (ЖК 159-моддаси), «қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистонга кириш» (ЖК 223-моддаси) ва «тақиқланган ташкилотлар тузиш ҳамда уларга раҳбарлик қилиш, иштирок этиш» (ЖК 244-2-модда) моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қидирув эълон қилинган.

«Х.Н. 2016 йилда Россияга меҳнат муҳожири сифатида бориб, у ерда халқаро террористик ташкилотлар ғоялари таъсирига тушиб, Суриянинг Идлиб шаҳрига кетган. У ердан туриб олиб борган тарғибот ишлари оқибатида бир қанча юртдошларимиз жангларда иштирок этиб ҳалок бўлган. Айни вақтда Х.Н. ижтимоий тармоқлар ва YouTube видеохостинги орқали ўзининг жиноий қилмишларига диний тус бериб, жиҳодга чорловларни давом эттирмоқда», — дейилади ИИВ хабарида.

Вазирлик у юритаётган саҳифалар Ўзбекистон ҳудудида тақиқлангани, уларни сақлаш, олиб юриш ва тарқатиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлишини маълум қилган.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид