8 декабрга ўтар кечаси Сурияда Башар Асад режими қулади. Мухолифат байрам қилаётган бир пайтда Асад оиласи билан Москвага қочди ва бошпана олди. Берлиннинг Россия ва Евросиёни ўрганувчи Карнеги марказининг катта илмий ходими Александр Баунов Путин шу қадар Украинага ўралашиб қолгани ва Сурия йўқотилишини бамайлихотир қабул қилаётганини тушунтириб берди.

Асад режими қулаши – бошланганига 10 йилдан ортиқ вақт ўтган «араб баҳори»ни якунлаб берди. Агар Асад Ибн Али (Тунис), Ҳусний Муборак (Миср) ва Муаммар Қаззофий (Ливия) билан бирга ютқазганида бу унинг ўз режими ожизлигини кўрсатган бўларди. Лекин у Россия Эрон билан бирга ғарб ҳукуматларининг хоҳишига қарши ўлароқ, унга ҳокимиятини сақлашга ёрдам берганидан сўнг маълум вақт ўтиб барибир қулади. Бундай кечиккан таназзул Россия ва Эроннинг заифлиги сифатида қабул қилинмаслиги мумкин эмас.

Путинда ҳам энди ўз «Афғонистони» бор, аммо уни қўрқитадиган кўринишда эмас. 2015 йилда у ўз қўшинларини Сурияга юбораётганда, унга бутун сунний олами билан душманчилик ва совет иттифоқининг Афғонистондаги тажрибасини такрорлаш хавфи айтилган эди — СССР Афғонистонда ўралашиб қолган, одамларини йўқотган ва охир-оқибат ўзи ҳам заифлашган эди. Аммо Сурия Россия учун кўпроқ Америка Афғонистонига ўхшаш бўлиб чиқди. Аввал тезкор ҳарбий зафарга эришилди, қўллаб-қувватланаётган режим мустаҳкамланди, кейинроқ унинг армияси тезда парчаланиб кетди. Россия Асад учун йиллар давомида эгаллаб ва сақлаб келган нарсаларни у бир саноқли кунлар ичида йўқотди.

Байденнинг Афғонистони билан боғлиқ ўхшашликлар — гарчи АҚШнинг у ердан чиқиши аввалдан эълон қилинган бўлса-да — Кремл учун жуда ёқимсиз бўлиши керак. Сўнгги йилларда Кобулдан келаётган тасвирлар Америка учун нохуш қиёслашлар, ҳатто қўпол ҳазилларга сабаб бўлаётган, ундан-да ёмони, Украинага қарши ҳаракатларга ўтиш учун имконият яратган эди. АҚШнинг Афғонистондаги ошкора муваффақиятсизлиги Россия раҳбариятида америкаликлар заиф ва иродасиз, деган фикрни пайдо қилди, улар жанг қилиш ўрнига Киевдан ўз иттифоқчиларини эвакуация қилишни афзал билади, деган хулосага келишга сабаб бўлди. Энди Кремл тушуниб етмоқдаки, янги Америка маъмурияти русларнинг «қўрқитиш стратегияси барбод бўлгани»ни кузатмоқда ва хулоса чиқармоқда. Худди шу тарзда, уларнинг ортидан бу жараённи кўп қутблиликнинг россияча версиясига қўшилган ҳукуматлар ҳамда глобал миқёсдаги кўпчилик ҳам кузатмоқда.

Башарга ишонган Россия

Суриядаги иттифоқчи режим қулаши — Владимир Путиннинг Украинадаги диққат-эътиборининг рационал сиёсий меъёри ошиқча, тўғрироғи, ҳаддан зиёд эканининг яққол намунасидир. Бунинг учун у ҳамма нарсани қурбон қилишга тайёр, ҳаттоки ўзининг аввалги муваффақиятларини ҳам. Гарчи Россия режими раҳбарияти ўзларини мудом совуққон реалистлар сифатида тақдим этишга интилиб келишаётган бўлса ҳам, Кремлда реал сиёсат ўрнини аллақачон геосиёсат эгаллаган, уни эса, ўз навбатида, Украина йўналишидаги сиёсат.