Жаҳон | 22:07 / 03.06.2025
21572
3 дақиқада ўқилади

Россиялик фермерлар қозоқ сайғоқлари туфайли Путиндан ёрдам сўради

Фермерларнинг айтишича, Қозоғистондан миллионлаб сайғоқлар кўчиб келган ва экинлар, яйловлар, пичанзорларни пайҳон қилмоқда.

Фото: prov-telegraf.ru

Россиянинг Саратов вилояти фермерлари президент Владимир Путинга мурожаат қилиб, Қозоғистондан ёпирилган сайғоқлар билан боғлиқ муаммони ҳал қилишда ёрдам сўради.

Фермерларнинг айтишича, Қозоғистондан миллионлаб сайғоқлар кўчиб келган ва экинлар, яйловлар, пичанзорларни пайҳон қилмоқда. Александрово-Гайский, Питерский ва Новузенский туманлари энг кўп зарар кўргани айтилмоқда.

Бундан ташқари, фермерлар ичимлик суви олинадиган Малий Узен дарёсида сайғоқларнинг оммавий нобуд бўлишига эътибор қаратиб, бу маҳаллий аҳолининг ҳаёти ва соғлиғига бевосита таҳдид солувчи факт эканини таъкидлади. Сайғоқлардан ташқари, фермерлар чигиртка босқинидан ҳам хавотирда ва мустақил равишда бу офатга дош беролмаслигини айтди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Саратов вилояти бўлими берган изоҳга кўра, қозоқ сайғоқлари миграциясидан жабр кўрган Александрово-Гайский, Новузенский ва Питерский туманларида ҳайвонлар етказган зарарни баҳолаш учун махсус комиссиялар тузилмоқда. Комиссиялар фаолияти натижасида олинган маълумотлар қайта ишланади, тизимлаштирилади ва юқори органларга етказилади. Фермерларга ёрдам кўрсатиш механизми ишлаб чиқилади.

Аввалроқ Қозоғистонда сайғоқлар популяцияси ҳаддан зиёд кўпайгани, маҳаллий фермерлар бундан азият чекаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу йил сайғоқлар сони 5 миллиондан ошиши кутилмоқда. Республика Экология вазирлиги сайғоқлар популяциясини тартибга солиш бўйича «йўл харитаси»ни ишлаб чиқди: энди ҳайвонларни отиш жараёнини тиклаш режалаштирилган.

Қозоғистондаги сайғоқлар азалдан давлат муҳофазасида бўлган. Уларнинг сони анъанавий тиббиётда қўлланадиган шохи туфайли браконьерлар томонидан сезиларли даражада камайтирилди. 2019 йилда сайғоқларни овлаш билан боғлиқ қонунбузарлик учун жазо чоралари кучайтирилди.

2022 йил июнь ойида Қозоғистон экология вазири сайғоқ популяциясини тиклаш режаси ортиғи билан бажарилгани, бироқ уларнинг сони ҳаддан зиёд кўпайганини маълум қилди. Улар яйловларни пайҳон қилиб, ўт-ўланларни еб битираётгани, маҳаллий фермерлар чорвасига зарар етказаётгани айтилди. Шундан сўнг, сайғоқларни овлашга рухсат берилди. Аммо, экологик фаоллар босими остида жараён 2024 йилда тўхтатиб қўйилди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид