Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қозоғистон осмонида Ўзбекистон ва Россия самолётлари хавфли яқинлашгани маълум бўлди
10 январ куни Қозоғистон осмонида Россиянинг «Победа» авиакомпанияси самолёти Uzbekistan Airways авиакомпанияси самолёти билан хавфли даражада яқинлашган. Қозоғистон масъул идораси тергов бошланганини эълон қилди.
Фото: Кирилл Каллиников
Қозоғистон Транспорт вазирлигининг Транспорт ҳодисалари ва инцидентларини тергов қилиш департаменти 13 январ куни Қозоғистон ҳаво ҳудудида Москвага/Москвадан учиб келган иккита йўловчи самолётининг хавфли яқинлашуви билан боғлиқ жиддий авиация инцидентини текшириш учун махсус комиссия тузилганини маълум қилди, деб хабар берди Nur.
10 январ куни эрта тонгда Қозоғистоннинг Чимкент тумани диспетчерлик маркази масъулият зонасида «Победа» авиакомпаниясининг Внуководан Самарқандга DP-997 рейсини амалга ошираётган Boeing 737-800 самолёти ва Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Термиздан Внуковога HY-9609 рейсини амалга ошираётган Airbus А320neo самолёти ўртасида минимал эшелон интервали бузилган.
Бортлар қарама-қарши йўналишларда ҳаракатланган: биринчиси 350 эшелонда (35 000 фут ёки 10 668 метр), иккинчиси эса қарама-қарши 360 эшелонда (36 000 фут ёки 10 972 метр). «Победа» экипажи кўп ўтмай қозоғистонлик диспетчердан 370 эшелонга (37 000 фут ёки 11 277 метр) кўтарилишни сўраган ва у адашиб, унга банд бўлган қарама-қарши эшелонни кесиб ўтиш учун рухсат берган.
Баландликка кўтарилиш бошланганидан сўнг, иккала самолётда ҳам Resolution Advisory (РА) режимида ҳаводаги самолётлар тўқнашувининг олдини олиш тизими (TCAS) ишга тушган.
Ушбу режимда TCAS самолётлар ўртасида вертикал бўйича 600 фут (ёки 183 метр) ва ундан кам, горизонтал бўйича эса 2,1 миля (3,38 км) ва ундан кам масофа қолганда ёки ҳаво кемаларининг тезлигини ҳисобга олган ҳолда эҳтимолий тўқнашувга 25 сония ва ундан кам вақт қолганда ишлайди. Айнан РА режимида TCAS экипажни ҳақиқий тўқнашув хавфи ҳақида огоҳлантиради ва унга дарҳол баландликка кўтарилиш ёки пастга тушиш буйруғини беради. Ушбу TCAS буйруқлари диспетчерлик кўрсатмаларидан устун туради.
Максимал 35 323 фут баландликка кўтарилишга улгурган «Победа» самолётида TCAS учувчиларга зудлик билан пастга тушишни, Uzbekistan Airways экипажига эса аксинча, зудлик билан баландликка кўтарилишни буюрди. Учувчилар белгиланган манёврларни бажарди, шундан сўнг минимал интерваллар яна тикланди ва TCAS сигнализацияси тўхтади. Таъкидланишича, шундан сўнг экипажлар диспетчерга ҳодиса ҳақида ҳисобот берди ва парвозни одатдагидек давом эттириб, белгиланган манзилга қўнди.
Энди ҳодиса Қозоғистон Транспорт ҳодисалари ва инцидентларини тергов қилиш департаменти томонидан ўрганилади.
Мавзуга оид
13:23
Қозоғистон капитали иштирокидаги корхоналар: энг катта улуш савдода
13:49 / 12.01.2026
Қозоғистонда ноқонуний импорт канали фош этилди: амалдор ва фуқаро қамоққа олинди
18:20 / 06.01.2026
Nestle хавфли токсин туфайли Қозоғистонда савдога чиққан болалар озуқасини қайтариб олади
18:53 / 05.01.2026