Ўзбекистон | 15:37 / 27.04.2021
15127
2 дақиқада ўқилади

Давлат идораларига мурожаатлар давлат тилида бўлиши кераклиги ҳақидаги таклиф депутатлар томонидан маъқулланмади

«Миллий тикланиш» ДП фракциясининг давлат идораларига мурожаатлар давлат тилида бўлиши кераклиги ҳақидаги таклифи парламентда қабул қилинмади.

«Давлат тили тўғрисидаги» қонуннинг янги таҳрири парламентда муҳокама қилинмоқда. «Миллий тикланиш» партияси раҳбари Алишер Қодировнинг маълум қилишича, партия фракциясининг «Давлат идораларига мурожаатлар давлат тилида бўлсин, бошқа тилда бўлса давлат тилига таржимаси илова қилинсин, жавоблар давлат тилида бўлсин», деган таклифи Қонунчилик палатаси вакиллари томонидан қабул қилинмаган.

Овоз бериш натижаларига кўра, бу таклифни 58 нафар депутат маъқуллаган, 48 вакил қарши чиққан, 12 киши овоз бермаган ва 5 вакил бетараф қолишни афзал билган.

Шу тарзда 65/58 нисбатда бу таклиф қабул қилинмаган.

Эътиборли жиҳати – қаршиларнинг кўпчилиги ХДП вакилларидир.

«Бир ҳамкасбимизнинг «бизга ва фарзандларимизга ўзбек тилини ўрганиш қийин, биз ўз тилимизда мурожаат қилишни хоҳлаймиз» деган гапи ҳам ғурурига тегмаган 65та депутат...

Ўзбек тили ожиз... Бу масалага, ўлмасак, 10 йилдан кейин қайтарканмиз. Ҳозирча узр, овозимиз камлик қиляпти», – дея ёзади Алишер Қодиров.

Эслатиб ўтамиз, бундай фикрлар Алишер Қодиров томонидан илгари ҳам билдирилган.

«Қонун лойиҳаси муҳокамасида ХДПнинг советча қарашлари ва «Миллий тикланиш»ни азалдан жини суймайдиганлар билан қонунга жиддий эътибор бермаётганларнинг кайфиятлари устуворлик қилмоқда. Ўзбек тили қадрини кўтариш ва унинг устуворлигини таъминлаш учун киритаётган таклифларимиз «қолган миллатларни хафа қилиб қўймаслигимиз керак» ёндашуви билан қабул қилинмай қоладигандек», – дея ёзганди у.

Мавзуга оид