Жаҳон | 16:19 / 15.10.2024
16756
3 дақиқада ўқилади

Шимолий Корея Жанубий Корея билан чегарадаги йўлларни портлатиб юборди

Шимолий Корея ҳукумати жанубга, Жанубий Кореяга олиб борувчи автомобил ва темирйўлларнинг бир неча жойида портлашлар амалга ошириб, бу борадаги ваъдани бажарди. Улар сўнгги вақтларда муносабатлари яна мураккаблашган икки Кореяни боғловчи рамзлар саналарди.

JEON HEON-KYUN/EPA-EFE/REX/Shutterstock

15 октябр куни Шимолий Корея Жанубий Кореяга олиб борувчи йўлларни портлатиб юборди, натижада ҳарбий демаркация чизиғидан шимолда жойлашган Кёнги ва Тонҳэ йўллари шикастланган. Бу ҳақда Жанубий Кореянинг Yonhap агентлиги Штаб бошлиқларининг бирлашган қўмитаси баёнотига асосланиб хабар берган.

Жанубий Корея томонида шикастланиш ва жабрланганлар билан боғлиқ ҳолатлар йўқ, аммо жанубий кореялик ҳарбийлар портлашларга жавобан 1950-1953 йиллардаги урушдан кейин тинчлик келишуви имзоламаган ва ҳамон сулҳ ҳолатида бўлган икки мамлакатни ажратиб турувчи демаркация чизиғи томон огоҳлантирувчи ўқ узган.

2018 йил майида икки давлат раҳбарлари учрашиб, икки Корея бундан кейин ўзаро жанг қилмаслигини эълон қилганидан кейин давлатларни боғловчи йўллар ўзаро муносабатларнинг илиқлашиши рамзи сифатида қараларди, дея эслатади Reuters агентлиги.

Assosiated Press агентлиги қайд этишича, икки йўлдан ҳам камдан кам ҳолларда фойдаланилган ва уларнинг портлатилиши «ғазабнинг рамзий ифодаси» бўлди.

Сешанба куни Жанубий Корея Бирлашиш вазирлиги йўлдаги портлашларни қоралаб, буни Пхеняннинг «ўта ғалати ҳаракати» деб атади. У вайрон қилинган йўллар қурилишига Жанубий Корея пуллари ҳам (роппа-роса 133 млн доллар) сарфланганини айтган, бу маблағ Шимолий Кореяга унинг илтимосига кўра займ кўринишида берилганди, Пхенян йўллар йўқ қилинганидан кейин ҳам бу қарзни тўлаши керак бўлади.

Портлашлар кутилмаган ҳолат бўлмади, бу икки Корея муносабатларидаги навбатдаги кескинлашув фонида рўй берди.

Ўтган ҳафтада КХДР ўз ҳудудларини Жанубий Кореядан «бутунлай ажратиб олиш» ва чегара ҳудудларни «қалъага айлантириш» ниятини маълум қилганди.

Баёнот яқинда Пхенян узра дронлар орқали ташвиқот варақалари ташланганига жавобан янграганди. КХДР дронлар Сеул томонидан учирилганини даъво қилган.

Жанубий Корея ҳукумати бу ҳодисага ҳарбий ёки фуқаролик органлари алоқадорлиги юзасидан изоҳ бермаган, аммо агар жавоб ҳаракатлари туфайли Жанубий Корея фуқаролари жабр кўргудек бўлса, КХДР «режим якунига гувоҳ бўлиши»дан огоҳлантирган.

Бунга жавобан КХДР яриморолнинг шарқий ва ғарбий соҳиллари бўйлаб икки давлатни боғловчи автомобил ва темирйўлларга шикаст етказилишини анонс қилганди. Yonhap эслатишича, Сеул 14 октябр куни Пхенян аллақачон бу йўлларнинг алоҳида участкаларини миналаштиргани ва чегарага қўшимча оғир техникалар олиб келгани ҳақида огоҳлантирган.

Шу куни Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин ҳарбийлар билан йиғилишда «душман томонидан КХДР суверенитетини бузувчи жиддий провокация»ларга Пхенян қандай жавоб қайтариши кераклигини муҳокама қилган.

Икки Корея ҳам вақти-вақти билан бир-бирини «провокация»ларда айблайди. Охирги вақтларда КХДР Жанубий Корея томонга чиқинди солинган минглаб шарлар учирмоқда, Сеул эса чегара бўйлаб жойлаштирилган овоз кучайтиргичлар орқали ташвиқот трансляциясини тиклаган.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид