Иқтисодиёт | 13:48 / 21.08.2025
3970
2 дақиқада ўқилади

Деҳқон бозоридан харидлар қиладиган тадбиркорларга енгиллик яратилади

1 ноябрдан бошлаб барча тадбиркорлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини жисмоний шахслардан нақд пулга сотиб олганда, электрон кирим қилиши мумкин бўлади. 1 январдан эътиборан сайёр солиқ текширувини ўтказишда мобил видеокамерадан фойдаланиш мажбурий бўлади. Солиқ ҳисоботини кечиктирганлик учун жарималар камайтирилиши кутилмоқда.

Фото: Kun.uz

2025 йил 1 ноябрдан бошлаб барча тадбиркорлик субъектлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини жисмоний шахслардан нақд пулга харид қилганда, ушбу товарлар учун кирим ҳужжатларини электрон шаклда расмийлаштириши мумкин бўлади.

Бунгача ушбу тартиб умумий овқатланиш корхоналари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортёрлари учун амал қилиб келаётган эди.

Бу тартибнинг барча тадбиркорларга нисбатан татбиқ этилиши – Ўзбекистон президентининг тадбиркорлар билан учрашувидан кейин имзолаган фармонида кўзда тутилган.

Бундан ташқари, 2 ой ичида қуйидагиларни ўз ичига олувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади:

  • солиқ ҳисоботини ўз вақтида тақдим этмаганлик учун маъмурий жарима миқдори кичик тадбиркорлик субъектларининг мансабдор шахслари учун БҲМнинг 10 бараваридан 3 бараварига, фуқаролар учун БҲМнинг 3 бараваридан 1 бараварига туширилади;
  • ҳисобот даврида бир нечта солиқ турлари бўйича солиқ ҳисоботлари тақдим этилмаган ҳолатда, барча тақдим этилмаган ҳисоботлар бўйича умумий битта жарима қўлланади;
  • охирги 3 ойда солиқ ҳисоботларини ўз вақтида тақдим этиб келган тадбиркорлик субъектларига солиқ ҳисоботини ўз вақтида тақдим этмаганлик учун маъмурий жарима 5 кунгача қўлланмайди.

2026 йил 1 январдан бошлаб сайёр солиқ текширувини ўтказишда мобил видеокамерадан фойдаланиш мажбурий бўлади. Мобил видеокамерадан фойдаланмасдан ўтказилган сайёр солиқ текширувлари ноқонуний ҳисобланади.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид