Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Исроил ҲАМАС билан музокаралар учун делегация юбормади
ҲАМАС гаровга олинганлар ҳақида маълумот бермагунча Исроил Қоҳира музокараларида қатнашмайди.
Фото: Reuters
Исроил делегацияси ҳозирда март ойининг иккинчи ҳафтасида Қоҳирада бўлиб ўтиши режалаштирилган Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва фаластинлик маҳкумлар эвазига гаровга олинганларни озод қилиш бўйича музокаралар навбатдаги босқичида иштирок этиш ниятида эмас. Бу ҳақда 3 март, якшанба куни исроиллик исроиллик мулозимга таяниб, The Times of Israel нашри хабар берди.
Унинг сўзларига кўра, музокараларни бойкот қилишига ҲАМАС вакиллари гуруҳ ушлаб туришда давом этаётган тирик гаровга олинганлар рўйхатини ҳозирча тақдим этмагани ва Исроил қамоқдан қанча фаластинлик маҳбусни озод этиши кераклигини кўрсатмагани сабаб бўлган.
Шу билан бирга, ҲАМАС, шунингдек, музокараларда воситачи сифатида иштирок этаётган Қатар ва АҚШ делегациялари аллақачон Мисрга етиб борган. Шу фонда АҚШ вице-президенти Камала Харрис гуруҳдан олти ҳафталик оташкесимга рози бўлишни талаб қилди, шунингдек, Исроилни Ғазо секторига гуманитар ёрдам етказиб беришни кўпайтиришга ёрдам беришга чақирди.
CNN: ҳаммаси ҲАМАСга боғлиқ
Исроил 7 октябр куни кибуцалар ва мамлакат жанубидаги мусиқа фестивалига ҳужум чоғида ҲАМАС жангчилари томонидан ўғирлаб кетилган омон қолган гаровга олинганлар рўйхатини тақдим этган тақдирдагина гуруҳ билан кейинги музокаралар олиб бориш мумкинлигини бир неча бор таъкидлаган. Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) маълумотларига кўра, ҲАМАС томонидан гаровда қолган 130 нафар исроилликдан камида 31 нафари ҳалок бўлган. Ноябр ойи охирида Исроил ўнлаб одамларни озод қилишга муваффақ бўлган қисқа муддатли сулҳ тугаганидан бери ҲАМАС гаровга олинганлар ҳақида янги маълумот бермади.
Қуддус Ғазо секторида вақтинчалик ўт очишни тўхтатиш ва ҲАМАСнинг гаровга олинганларни фаластинлик маҳбуслар билан алмашиш таклифини «асосан қабул қилди», деб таъкидлади Американинг CNN телеканали АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти вакилига таяниб. CNN манбасига кўра, «ҳаммаси ҲАМАСга боғлиқ бўлиб турибди».
Бироқ сўнгги кунларда бир қатор Исроил оммавий ахборот воситалари Исроил расмийлари орасида ҲАМАС билан музокаралар бўйича пессимистик кайфиятлар борлиги ҳақида хабар берди. Феврал ойи охирида Байден келишув мусулмонлар учун муқаддас Рамазон ойи бошланадиган 10 мартгача тузилиши мумкинлигини таъкидлади.
ҲАМАС Исроилни урушни бутунлай тўхтатишга мажбурламоқчи
ҲАМАС етакчиларидан бири Яҳё Синвар музокаралар жараёнини кечиктирмоқчи, бу Исроил чегаралари, Иордан дарёси ғарбий соҳили, шунингдек, Қуддусда байрам маросимлари ўтказиладиган жойларда турли кескинликларга олиб келиши мумкин, деб ҳисоблайди ОАВ суҳбатдошлари.
ҲАМАС Исроилни олти ҳафталик сулҳга эмас, балки Ғазо секторидаги жанговар ҳаракатларни тўлиқ тўхтатишга мажбурламоқчи, деб ёзади CNN гуруҳдаги манбага таяниб. Телеканал маълумотларига кўра, ҲАМАС ЦАҲАЛ қўшинларини ҳудуддан олиб чиқиб кетишни ва фаластинликларга Исроил армиясининг қуруқликдаги амалиёти туфайли эвакуация қилинган ҳудуд шимолидаги шаҳарларга қайтишига рухсат беришни талаб қилмоқда.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу, ўз навбатида, FOX News телеканалида келишув тузишга тайёрлигини, бироқ ҲАМАС раҳбарияти «бошқа сайёрадан туриб» қўйган талабларидан воз кечиши кераклигини айтди. Шу билан бирга, Исроил ҳукумати фуқароларнинг гуруҳ билан келишувга эришишга чақираётган норозиликларига қарамай, ЦАҲАЛ «ХАМАС тўлиқ йўқ қилинмагунча» Ғазо секторида ҳарбий амалиётлар ўтказиши ҳақидаги позицияга амал қилишда давом этмоқда.
Мавзуга оид
19:13 / 16.02.2026
Исроил Фаластин ерларининг «де-факто аннексияси»ни тезлаштирди
19:09 / 16.02.2026
Юзлаб ўзбекистонликлар Исроилнинг Ғазога қарши урушида қатнашган – Al Jazeera
15:42 / 13.02.2026
Исроилга қурол: Германия конституциявий суди шикоятни қабул қилмади
12:50 / 27.01.2026