Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Юзлаб ўзбекистонликлар Исроилнинг Ғазога қарши урушида қатнашган – ОАВ
Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий кампанияси пайтида хориж давлатларининг минглаб фуқаролари жанговар ҳаракатларда қатнашди. Таъкидланишича, Исроил армияси таркибида 264 нафар ўзбекистонлик ҳам бўлган.
Фото: AFP/Getty Images
Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий кампанияси пайтида хориж давлатларининг минглаб фуқаролари жанговар ҳаракатларда қатнашди. Бу ҳақда Al Jazeera нашри таҳлилий мақола эълон қилди.
Таъкидланишича, Исроил армияси таркибида Ўзбекистон фуқаролиги бўлган 264 нафар шахс жанг қилган.
Мақолага кўра, Исроил мудофаа армияси (ЦАҲАЛ) ҳарбий хизматчиларининг катта қисми икки фуқароликка эга. Нашрнинг ёзишича, улар орасида АҚШ, Франция, Буюк Британия, Германия, Украина, Россия ва бошқа давлатлар фуқаролари бор.
Қандай рақамлар келтирилган?
Камида 12-13 минг нафар ҳарбий хизматчи АҚШ фуқаролигига эга, улар катта кўпчиликни ташкил қилади. Шунингдек, Франция ва Россия фуқаролари сони ҳам салмоқли – 5-6 минг. Буюк Британия, Германия ва Украина фуқаролари мингдан зиёд.
Нашр маълумотларига кўра, Исроил томонида жанг қилган ўзбекистонликлар 264 нафарни ташкил қилади – улар 5 миллат вакили ҳисобланади. Қайси миллат эканига аниқлик киритилмаган, аммо уларда Исроил фуқаролиги борлиги айтилган.
Бундан ташқари, хорижликлар орасида 189 нафар қозоғистонлик, 52 нафар қирғизистонлик, 31 нафар туркманистонлик, 8 нафар тожикистонлик ҳам борлиги маълум қилинган.
Муаллифларнинг таъкидлашича, хорижликларнинг бир қисми Исроил армиясида доимий равишда хизмат қилмоқда, бир қисми эса можаро авж олгандан кейин мамлакатга келган.
Ҳуқуқий ва халқаро масалалар
Нашрда чет эл фуқароларининг хатти-ҳаракатлари халқаро гуманитар ҳуқуқ меъёрларини бузган деб топилган тақдирда юзага келиши мумкин бўлган юридик жавобгарлик масаласи кўтарилган.
Нашр иқтибос келтирган инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳарбий хизматчилар келиб чиққан мамлакатларда тергов ўтказиш ва эҳтимолий жавобгарликка тортиш зарурлигини таъкидламоқда. Шу билан бирга, бир қатор давлатларнинг расмий идоралари бундай чоралар бошланганини очиқ эълон қилмаган.
Ғазодаги можаро кескин халқаро мунозара мавзуси бўлиб қолмоқда, чет элликларнинг жанговар ҳаракатларда иштирок этиши масаласи дипломатик ва ҳуқуқий соҳаларда баҳс-мунозаралар келтириб чиқарди.